Асосий мавзулар
22 феврал 2019

Ғаллаоролдаги қийноққа оид ИИВ раддиясига «Элтуз» жавоби

Ички ишлар вазирлиги “Элтуз”да “Ғаллаороллик йигит ИИБ ходимлари уни таҳқирлашганини билдирди” сарлавҳаси билан тарқатилган мақолага муносабат билдириб, унда келтирилган ҳолатлар “ўз тасдиғини топмагани”ни маълум қилди.

Вазирликнинг Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси томонидан тарқатилган баёнотда айтилишича, Акмал Аблакимов бошқарувидаги автомашинада 1000 литр бензин ҳеч қандай ҳужжатларсиз, ноқонуний равишда олиб кетилаётганлиги аниқланиб, ҳужжатлаштирилган ва ҳужжатлар тегишли равишда қонуний қарор қабул қилиш учун Иштихон тумани давлат солиқ инспекциясига юборилган.

Шунингдек, вазирлик Акмал Аблакимовга ИИБ ходимлари томонидан тан жароҳати етказилгани ҳақидаги иддаоларни ҳам рад этди ва бу ҳақда Иштихон тумани тиббиёт бирлашмасининг 2019 йил 14 февраль кунидаги маълумотномасини асос қилиб келтирди.

А.Аблакимов Иштихон тумани прокуратурасига туман ИИБ ходимларининг хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб, қонуний чора кўришни сўраб, мурожаат қилган.

ИИВ баёнотида А.Аблакимов воқеа тўғрисида интернетда хабар чиққанини Иштихон тумани прокуратурасига келиб эшитганини ва ким бу хабарни жойлаштирганини билмаслигини айтгани баён қилинади.

Шу билан бирга, вазирликка ишонилса, А.Аблакимов туман ИИБда бўлган вақтида ходимлар уни кўрсатма беришга мажбурламаганлигини, ҳеч ким яланғоч қилмаганлигини, видеотасвирга олмаганлигини, шаъни ва қадр-қимматини камситмаганлигини ҳам таъкидлаган.

“Ҳозирги кунда юқоридаги ҳолатни мукаммал ўрганиш мақсадида текширув ишлари олиб борилмоқда”, дейилади ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармасининг “Элтуз”да эълон қилинган мақола юзасидан тарқатган баёнотида.

Аввало, “Элтуз” мақолани эълон қилишда сайтга жўнатилган ва Акмал Аблакимов имзоси қўйилган хатга асосланганини таъкидлаб ўтиш жоиз.

Энди воқеанинг айрим ҳуқуқий жиҳатларига тўхталсак.

“Элтуз” билан мазкур воқеа хусусида суҳбатлашган ҳуқуқшуноснинг сўзларига кўра, бензин Ўзбекистонда эркин сотувда ва истеъмолчининг уни бир литрми, минг литрми сотиб олишига ҳеч қандай тўсиқ йўқ. Шунинг учун бензиннинг олиб кетилаётгани учун қандайдир ҳужжат сўрашнинг ўзи мантиқсизлик. Чунки “заправка”дан бензин сотиб олингани тўғрисида нари борса касса чеки берилади, тамом.

“Бошқа томондан, унинг сотилиш мақсадида олиб кетилаётгани ҳам аниқ эмас. Ахир сиз ичиш учун ўн литр ўрнига юз литр сув сотиб олишингиз жиноят эмас-ку! Лекин масаланинг бошқа жиҳати ҳам бор. Ёнувчан моддаларни ташишнинг ўз қоидалари бор. Машинада ҳатто бир баклажка бензин олиб юриш ҳам бу қоидаларни бузиш ҳисобланиши мумкин. Хавфли ёқилғилар махсус ҳолатда ташилади”, деди ҳуқуқшунос.

А.Аблакимовнинг тан жароҳати олмаганини Иштихон тумани тиббиёт бирлашмаси тасдиқлагани тўғрисидаги иддаолар ҳам ишончсиз, – дея қўшимча қилди ҳуқуқшунос. – Чунки мақолада у бу туманнинг суд тиббий экспертизасига ишонмаслигини айтган.

“Таҳқирланиш масаласига келсак, гарчи А.Аблакимов қадр-қиммати ерга урилгани, калтаклангани ҳақидаги хабарларни рад этгани айтилаётган бўлса-да, бу масала чуқур ўрганилиши керак. Агар тасдиғини топса, айбдорлар тегишли жазосини олиши шарт. Мен воқеанинг тўлиқ тафсилотини билмайман. Шунинг учун ҳозирча мавжуд тафсилотлардан келиб чиқиб фикр билдиряпман”, деди ҳуқуқшунос “Элтуз” билан суҳбатда.

Шу ўринда яна бир мулоҳаза. А.Аблакимов ИИБ ходимларининг мақолада тилга олинган барча қонунбузарликларини инкор этаётгани ишончли эмас. Зеро, у ўзини ҳимоя қилишга қодир бутун бир тизим қаршисида яна ёлғиз қолмоқда.

Бундай пайтда у ўзига кўрсатиладиган ҳар қандай босим таъсирида қолиши эҳтимоли йўқ эмас.

Нима бўлганда ҳам, ИИВ бўлиб ўтган воқеани чуқур ўрганиш мақсадида текширув ўтказилаётганини айтмоқда.

Шу маънода, “мундир шарафи”ни эмас, адолатни ҳимоя қилиш ҳар қандай кучишлатар тизимнинг обрўси учун хизмат қилишини эслатиб қўйган фойдадан холи бўлмайди.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
9 декабр 2023
Жиззах вилоятида ҳам «Долзарб – 40 кунлик» махсус профилактик тадбирлари доирасида жиноий гуруҳларга аъзо бўлган, ижтимоий муҳитга салбий таъсирини ...
5 август 2016
Таниқли актриса Саида Раметова билан боғлиқ видео водий ресторанларидан бирида қўл телефонида тасвирга олинган бўлиб, бунда у ҳинд қўшиқлардан ...
12 июн 2024
Туркия прокуратураси Измир шаҳрида тўрт нафар ватандоши, жумладан шаръий хотини ва қизларини ўлдириб, жасадларини музлатгичга яширганликда айбланган  Туркманистон фуқароси ...
4 декабр 2019
(Муҳаммад Солиҳ ва Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон суҳбатларини тинглаб) 1980 йиллар бошида раҳматли отам Мадамин Бек билан шоир Омон Матжоннинг ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...