Асосий мавзулар
21 март 2019

Қишлоқ хўжалиги соҳасида қатъий йўлимизни қачон топамиз?

Ўзбекистон ҳукумати фермерлик ҳаракати сиёсатини қайси йўналишда давом эттиришини билмай, шунча йиллардан буён ҳалак бўлмоқда.

Бундан бир неча ой аввал Вазирлар Маҳкамаси фермерларнинг ерларини мақбуллаштириш тўғрисидаги навбатдаги қарорини чиқарган эди.

Шу кунларда эса фермерлар президентнинг қишлоқ хўжалиги бирлашмалари ташкил этиш тўғрисидаги қарори яна нимаси бўлди, дея ҳайронлигини яширмаяпти.

Гарчи президент қарорида бундай бирлашмалар ихтиёрийлик ва ўзаро иштирок тамойиллари асосида фаолият кўрсатиши белгиланган бўлса-да, кўп йиллик аччиқ тажриба уларни ўз ерлари ва фаолияти келажагидан ташвишга тушишга мажбур қилаётир.

Президент қарорида бундай бирлашмалар бўйича бошланғич лойиҳалар Ғаллаорол, Зомин, Булунғур, Ургут, Олтиариқ, Қува, Қибрай ва Паркент туманларида амалга оширилиши ва улар мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш, ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш ва сотиш йўналишида ишлаши белгиланган.

Лойиҳалар натижасига қараб, мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ҳам қишлоқ хўжалиги бирлашмалари ташкил этилиши белгиланган.

Қарорга мувофиқ, қишлоқ хўжалиги бирлашмаларига аъзолик ихтиёрий ҳисобланади ҳамда таъсис ҳужжатларида назарда тутилган миқдорда кириш аъзолик бадаллари (пайларни) киритиш йўли билан пай асосида амалга оширилади.

Аммо Ўзбекистон шароитида “ихтиёрийлик” қандай бўлишини ўз фаолиятида кўп бора синовдан ўтказган фермерлар ва деҳқонларда хавотир бор. Чунки бундй ихтиёрийлик мажбуриятга айланиб кетмаслигига кафолат йўқ.

Қолаверса, ҳозир Вазирлар Маҳкамасининг фермер хўжаликларини мақбуллаштириш тўғрисидаги қарори муносабати билан бошланган можаролар тобора авж олиб бораётир.

“Мақбуллаштириш ҳокимнинг оғзини мойлаганлар фойдасига бўлаётганини бугун ҳамма кўриб турибди. Йиллар давомида ғалланинг ҳам, пахтанинг ҳам режасини бажариб келган, лекин ери 100 гектарга етмайдиган илғор фермерларнинг ҳам ерлари тортиб олиняпти. Бунақада адолат қаерда қолади”, дейди “Элтуз” билан суҳбатлашган сирдарёлик фермер.

Унинг таъкидлашича, шу пайтгача неча марта мақбуллаштириш ўтказилган бўлса, улар фермерлик ҳаракатининг ривожланишига эмас, фақат ҳокимларнинг чўнтагини қаппайтиришга хизмат қилган.

“Фермер мулкдор бўлди, ер ўзининг ҳақиқий эгасини топди, деб ОАВда қанча кўп гапирилса, фермерларга ноҳақлик шунчалик кучайиб бораверган шу пайтгача. Ҳозир ҳамма нарсани кластер қилиш мода бўлди. Фермерларнинг ерларини ҳам кластер қилишга тушиб кетишган шу паллада энди бирлашма дегани чиқяпти”, дейди фермер.  

Унинг сўзларига кўра, ўтган йиллар давомида мамлакатнинг бутун қишлоқ хўжалиги тажриба майдонига айланиб қолган. Бунинг натижасида фермер ўзининг келажагига бўлган ишончини йўқотган. Фақат бугунги куни билан яшашга интилаётган фермерлар сони кўпайган. Натижада ерларнинг мелиоратив ҳолати ва ҳосилдорлиги йил сайин ёмонлашиб бормоқда.

“Биз қишлоқ хўжалиги қайси йўл билан ривожланишини қатъий аниқлаб олмас эканмиз, бу кетишда ҳосилдор ерларимизни бой бериб қўямиз”, дейди сирдарёлик фермер “Элтуз” билан суҳбати чоғида.

Баҳодир Шариф
Eltuz.com

Тағин ўқинг
8 декабр 2020
Навоий вилоятининг Хатирчи туманида жасади 6 ноябрь куни катта ариқдан топилган 55 яшар фермер Музаффар Муҳаммадиевнинг яқинлари у туман ...
15 декабр 2020
Ўзбекистоннинг барча вилоятларида МФЙ амалдорлари тарози кўтариб, одамлар вазнини ўлчаб юрибди. Ҳаддан ошиқ семизлар эса махсус дафтарга хатланмоқда. Келажакда ...
2 март 2016
Меҳнаткашлар ҳуқуқи Халқаро Форуми (ILRF) 2016 йил Меҳнаткашлар ҳуқуқи ҳимоячиларини мукофотлар билан тақдирлаши ҳақида эълон қилди, улар орасида ўзбек ...
28 март 2020
Мана ўлмаган қул, ҳафта ўтиб яна сиз билан юзлашдим. Ҳамма ишга бормай, уйидан ишлаëтган экан. Мен бўлса, шаклланган интроверт ўлароқ, ...
Блоглар
11 май 2024
1944 йилнинг 11 майида Сталин барча қрим татарларини Қримдан сургун қилиш ҳақидаги машъум қарорни имзолади. ...
6 май 2024
Ҳайрли кун! Урганч шаҳрида яшайман. Бугун қуйидаги воқеа юз берди: мен автобусда телефонда гаплашиб тургандим. ...
30 апрел 2024
1990 йилнинг 30 апрелида мустақил Ўзбекистон тарихидаги илк демократик партия – «Эрк»нинг таъсис қурултойи бўлиб ...