Асосий мавзулар
17 июн 2019

Ёлғон “операцияси” давом этади…ми?

Бош прокуратуранинг Андижонда беш нафар аёлнинг алдов қурбонига айланишига сабаб бўлган мутасаддиларни интизомий жавобгарликка тортиш ҳақидаги тақдимномаси аслида вилоят ҳокимини оқлашга ҳаракатдир.

Чунки алдовнинг бошида ҳокимнинг ўзи тургани ҳақиқатга яқин бўлиб, унинг бу ёлғонни хаспўшлаш учун қилган кенг кўламли саъй-ҳаракатлари шундан дарак беради.

Яқинда Бош прокуратура тарқатган баёнотда Андижон вилоятида президент ташрифи муносабати билан ташкиллаштирилган ўзига хос “спектакль” ўрганиб чиқилгани айтилади.

Айтиш керакки, бу баёнот президент ташрифи чоғида бешта аёлга коттеж берилгани ҳақидаги ёлғон маълумот тарқатилгандан кейинги шов-шувлар ортидан янгради.

“Ўрганиш натижалари юзасидан Бош прокуратура томонидан Андижон вилояти ҳокими номига зудлик билан айбдор шахсларнинг интизомий жавобгарлиги масаласини ҳал қилиш ҳамда бу каби ҳолатларга чек қўйиш чораларини кўриш тўғрисида тақдимнома киритилди”, дейилади прокуратура ахборотида. 

Аслида ёлғоннинг бошида вилоят ҳокимининг ўзи турган бўлса, нега яна унинг ўзига айбдорларни жазолаш тўғрисида тақдимнома киритилди, деган савол пайдо бўлиши табиий.

Ўзбекистондаги мавжуд тизим бундай “спектакллар” айнан юқори доиралар даражасида саҳналаштирилишини тақозо этади. Шунинг учун Андижондаги воқеа ҳам истисно эмас.

Президентнинг вилоятларга сафарига тайёргарликнинг ҳар бир босқичи вилоят ҳокими даражасида ва хавфсизлик хизматлари билан келишилган ҳолда тасдиқланиши муайян доираларга, жумладан, Бош прокуратурага ҳам сир эмас.

Шундай экан, президентни алдаш “операцияси” бошида вилоят ҳокими турганига шубҳа қилмаса ҳам бўлади.

Энди эса уни сувдан қуруқ чиқариб, унинг буйруғини бажарганларни жазолаш талаб этиляпти ва бу президентни алдашганини хаспўшлашга уриниш сифатида қабул қилиниши керак.

Вилоят ҳокими хаспўшлашни ўзининг ёлғони фош бўлгандаёқ бошлаганди. У бўлиб ўтган воқеани оддийгина қилиб “хато” дея атаганди. Ҳолбуки, оддийгина бу “хато” президентнинг халқ олдидаги имижи томирига урилган болта эди.

“Хол қўйган” ҳоким ўз кўзбўямачилигини яшириш мақсадида озмунча ҳаракат қилмадими. ЎзАнинг ўзи уни неча марта “оппоқ” қилиб кўрсатди.

Ишга солинган “қўлбола” журналистлар эса ҳокимнинг ёлғонини фош қилган хорижий ОАВларни “умумий душман”га ҳам чиқарди.

Лекин ҳақиқатни яширишнинг уддасидан чиқа олишмади. Энди буни Бош прокуратуранинг баёноти ҳам тасдиқламоқда.

Аммо бу баёнот ортидан жазони ёлғоннинг ташкилотчилари эмас, уларнинг буйруғини бажарганлар олиши аён бўлмоқда.

Бу тақдимномани “алдаш операцияси”нинг давоми сифатида кўриш тўғрироқ бўлади. Чунки эскисининг давоми бўлган мазкур “операция” ортидан кимдир жазоланади, аммо асл айбдорлар, яъни бош ёлғончилар жазоланмай қолаверади.

“Элтуз”нинг Ўзбекистондаги ҳамкори

Тағин ўқинг
13 август 2020
Тўғоннинг ўпирилиши Ўзбекистондаги коррупция билан боғлиқ хавотирларни кучайтиради Бунинг сабабларини ўрганиш узоқ вақтни талаб қилади Май ойида Ўзбекистонда тўғон ...
22 декабр 2021
Декабрь ойи ўрталарида интернетда Фарғона вилояти туғруқхонасига келган туғроқ ҳолатидаги аёл пропискаси бошқа жойда бўлгани сабабли шифокорлар томонидан қабул ...
6 декабр 2017
Президент Мирзиёевнинг 4 декабрдаги қарорига кўра, хорижий сайёҳлар учун олдинги 7-15 кунлик қисқа виза муддати 30 кунлик қилиб белгиланди. ...
3 феврал 2020
Қашқадарё вилоятида 30 январь куни Чироқчи тумани ИИБ биносидаги гумондор ўлими юзасидан брифинг бўлди. Ички ишлар вазири ахборот хизмати ...
Блоглар
30 апрел 2024
1990 йилнинг 30 апрелида мустақил Ўзбекистон тарихидаги илк демократик партия – «Эрк»нинг таъсис қурултойи бўлиб ...
21 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...