Асосий мавзулар
2 декабр 2019

Қишга тайёргарлик: саботажми ёки ҳукуматнинг нўноқлиги?

Бу йил Ўзбекистонда қишга тайёргарлик ҳатто ўтган йилдагидан ҳам ёмонроқдир. Бу тегишли идораларнинг саботажими ёки ҳукуматнинг навбатдаги нўноқлигими?

“Саботаж қилиняпти дейиш бирмунча оғирроқ айб. Аммо бу йил ҳали ҳақиқий қаҳратонлар бошланмай туриб, на электр, на газ таъминотида олдинга силжиш кузатилмаётгани ҳукумат қишга тайёргарликда жиддий камчиликларга йўл қўйганини кўрсатади”, деди соҳа вакилларидан бири “Элтуз” билан суҳбатда.

Унинг сўзларига кўра, жорий йилда ҳатто расмий маълумотлар ҳам айнан шундай ҳолатдан дарак беради. Мамлакатнинг кўплаб ҳудудларида ток ўчиб қолиши, газ йўқлиги оддий ҳолатга айланиб қолди. 

Яқинда бош вазир Абдулла Арипов раислигида ўтказилган ҳукумат йиғилишида энергетика вазири Алишер Султонов халқни “кўп энергия исроф қилаётганлик”да айблади. 

“Бу очиқчасига ўзи масъул бўлган соҳадаги камчиликларни хаспўшлашдан бошқа нарса эмас. Чунки йўқ газ ва электр энергиясини қандай қилиб исроф қилиш мумкин”, дейди “Элтуз” билан суҳбатлашган соҳа вакили.

Шу ўринда эслатиш керакки, бу амалдорларнинг навбатдаги қовун туширишидир. Бундан аввалроқ Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси халқни кўп гўшт еяётганликда айблаганди. 

Кейин эса Халқ демократик партияси раҳбари 2,5 миллион сўмга Тошкентда 5 болали оила бемалол яшаши тўғрисида лоф урганди.

Алишер Султоновнинг гаплари эса жафокаш ўзбек халқи шаънига айтилган яна бир ўхшамаган айблов бўлди. 

Аслида унинг қўл остидагилар яқиндан буён халқ билан “шаффофлик ўйини” ўйнашни бошлаб юборган. Улар Ўзбекистоннинг гоҳ у ҳудудида, гоҳ бу ҳудудида фалон соатдан фалон соатгача электр энергияси бўлмаслиги тўғрисида хабар беришни урф қилишди.

Бандаи мусулмонлар, Ўзбекистоннинг Тошкентдан бошқа қайси ҳудудида мунтазам равишда электр таъминоти йўлга қўйилган?

Икки-учта ҳудудда ток бўлмаслиги ҳақида олдиндан огоҳлантириш бериш халқнинг устидан кулиш эмасми? Нега Ўзбекистоннинг ярмида ток бўлмайди, умид ҳам қилманглар, деб очиқчасига айтилмайди?

Бу очиқдан очиқ кўзбўямачилик бўлмай нима? Кимнинг устидан куляпмиз? Бу қачонгача давом этади? 

Газ ва электр таъминотидаги узилишлар халқимизнинг бошига битган бало бўлгани сир эмас. Бутун-бутун оилалар қишнинг илк кунларидаёқ исиниш ташвиши ортидан ис газидан ҳалок бўлмоқда, заҳарланиб, касалванд бўлиб қолмоқда.  

ОАВ хабарларини кузатинг, ис газидан заҳарланиш билан боғлиқ ҳодиса юз берганига оид хабар чиқмаган кун борми? Бунинг ортидан кимдир ўлгани, кимдир шифохонага ётқизилгани айтилмаган кун-чи?

Хуллас, аҳволимиз жуда хароб. Ҳукумат ҳам буни тан олиб турибди. Шунинг учун Туркманистондан электр сотиб олишни бошлади. 

Бу ҳам яхши янгилик. Энди ўзимизнинг газни Хитойга сотиб, қишда туркман газини сотиб олиш тўғрисида келишувга келишимиз керак.

Бу истеҳзо эмас. Зеро, Хитой билан шартномамиз бор. Газ бермай иложимиз йўқ. Биттаю битта имкон – қиш фаслида туркманлардан газ харид қилиш борасида келишувга эришиш.

“Ҳозирги ҳолатимизда бу муаммони ечишнинг нисбатан тезроқ ҳал бўладиган, нисбатан оқилона йўли. Чунки газ муаммосини тезда ҳал қила олмаймиз. 

Қазиб чиқаришни кўпайтириш, қувурларни модернизациялаш, энергия тежамкор технологияларни жорий этиш учун катта миқдорда инвестиция керак. 

Афсуки, инвестицияларнинг ўсиш суръати ва талаб ўртасидаги фарқ жуда катта. Ҳали қилиниши керак бўлган ишлар кўп”, деди соҳа вакили “Элтуз” билан суҳбатда.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
19 апрел 2016
«Ҳуқуқ» газетаси қўшни давлатларга келин бўлиб тушиб, бугун чегарадан ўтишдаги қийинчиликлар боис юртидаги қариндош-уруғлари билан борди-келди қилиш муаммосига дуч ...
8 сентябр 2016
8 сентябр кунги Сенат мажлисида Ўзбекистон республикаси Бош вазири Шавкат Мирзиёев вақтинча президент вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. Россиянинг Интерфакс ...
9 август 2017
Паҳлавон Содиқ 1973 йилда Наманган вилоятининг Чортоқ шаҳрида туғилган. Тошкент ва Туркияда журналистикадан таҳсил олган. «Руҳият насими» (1994) шеърий ...
19 ноябр 2015
Ижтимоий тармоқлар 17 ноябрга ўтар кечаси Каримов «юрак ўйноғидан ўлди» деб ҳабар тарқатгани ортидан Ўзбекистон президенти Покистон Ислом Республикаси ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...