Файзулла Хўжаев ва Ёш бухороликлар ҳаракати
Файзулла Убайдулло Хўжа ўғли, яъни Файзулла Хўжаев 1896 йил 15 мартда Бухоро амирлигида туғилади. Отаси Убайдулло Хўжа Бухоро амирлигидаги энг бадавлат тужжорлардан бири бўлган.
У ҳақида Бухорода Убайдулло Хўжадан бой одам фақат амир бўлса керак, деб айтишаркан. Файзулла Хўжаев, табиийки, юксак даражадаги таълимни олган. Отаси билан 11 ёшида Россияга келиб, ўқишини шу ерда давом эттиради. Ўн етти ёшидан жадидлар ҳаракатига қўшилади.
Ёш бўлса-да, Файзулла Хўжаев ҳам маънан, ҳам молиявий тарафдан Бухоро жадидларининг раҳбарларидан бирига айланади. У отасидан олган миллионларни Ёш бухороликлар аталмиш замонасининг илғор сиёсий кучининг тараққиётига сарфлайди.
Жадидлар орасида Файзулла Хўжаевнинг обрўси ниҳоятда баланд бўлган. 1916-1920 йилларда бежизга уни Ёш бухороликлар ҳаракати марказий қўмитасига аъзо қилиб сайламайдилар.
Ёш бухороликларнинг асосий мақсади Бухорода мутлақ монархияни ағдариб ташлаш ва конституциявий монархия ёки республика ўрнатиш эди.
Файзулла Хўжаев Ёш бухороликлар ҳаракатида 1917 йилги рус инқилобларини катта умид билан кутиб олади ва намойишлар уюштиради.
Бухоро амири Саид Олимхондан конституция ва давлат бошқарувида ислоҳотлар қилишини сўраб чиқади, аммо амир Ёш бухороликлар ҳаракатини тор-мор қилиб, уларнинг аъзоларини таъқиб остига олади, у эса Бухородан қочиб Янги Бухорога (Когон), сўнгра Тошкентга кетади.
Файзулла Хўжаевнинг энг яқин дўсти Ёш бухороликларнинг йирик намоёндаларидан яна бири, шоир ва тарихчи жадид Абдурауф Фитрат эди.
Октябрь инқилоби юз бергач, РСФСР худди Польша ва Финляндия каби Бухоронинг ҳам мустақиллигини тан олади. Тошкентдаги қуролли исёндан сўнг большевиклар ва эсерлардан иборат ҳукумат тузилади.
Файзулла Хўжаев Бухорони ўрта асрлар феодализмидан, қолоқлик, мустабид монархик бошқарувдан қутқаришнинг ягона чорасини большевиклар билан иттифоқ тузишда кўради.
Кўпчилик Файзулла Хўжаевни большевикларга сотилганликда, уларга хизмат қилганликда айблайдилар. Улар қисман ҳақ бўлсалар-да, мен Файзулла Хўжаевни ўз ватанини, ўз халқини чинакам севган, унинг келажаги ҳақида қайғурган ҳақиқий инсон ва ватанпарвар жадид ҳисоблайман.
Файзулла Хўжаевнинг ўрнида ва айнан шундай вазиятда бошқа шахс бўлганида нима қила оларди? Хўш, Бухоро монархиясига қарши Файзулла Хўжаев ва Ёш бухороликлар ким билан иттифоқчи бўлиши мумкин эди?
Ғарб давлатлари ёки Туркия жаҳон урушида ўралашиб қолган, Эрон ва Афғонистон Бухоронинг ўзидан баттар монархик кучлар қўлида, Хива хонлиги Бухоро каби феодал вассал давлат бўлса, кимга суяниш мумкин эди ахир? Туркистон мухторияти ҳам жуда қисқа умр кўради.
Хуллас, Файзулла Хўжаев бошчилигидаги Бухоро жадидлари большевиклардан ўзга иттифоқчини ва бундан бошқа чорани топа олмагандилар.
Бухора амири Саид Олимхоннинг калтабин сиёсатчилиги, узоқни кўра олмаслиги ўшандаёқ исботланганди. У Ёш бухороликлар орқали ислоҳотлар ўтказиб, давлатни капиталистик тараққиётга олиб чиқиши, ҳатто Туркистон мухториятига ҳам кўмак бериб сақлаб қолиши, барча қўшма кучлар ёрдамида большевикларни бутун Туркистондан ҳайдаб чиқариши ҳам мумкин эди. Лекин у аҳмоқона ва чиркин йўлни танлади.
1917 йил декабрда Ёш бухороликлар Туркистон большевиклари билан алоқага чиқадилар. Файзулла Хўжаев Ёш бухороликлар марказий қўмитаси делегациясига бош бўлиб Тошкентга келади.
Файзулла Хўжаев большевиклардан Ёш бухороликларни қурол-яроғ ва керак бўлса, қўшин билан таъминлашини сўраб мурожаат қилади. Туркистон большевиклари раҳбари, совнарком раиси Фёдор Иварович Колесов (1891-1940) билан амирга қарши кураш бўйича шартнома имзоланади.
Аммо большевиклар Ёш бухороликларга дарров ёрдам бермайдилар. Улар аввал Қўқондаги Туркистон мухториятини тор-мор қиладилар.
Энди Бухоро билан шуғулланса ҳам бўларди. Янги Бухоро қўзғолон базаси, яъни таянч пункти қилиб белгиланади. Колесов 1918 йилнинг март ойи бошида Самарқандга келиб, казаклар отрядларини қайта шакллантиради.
Шундан сўнг Янги Бухорога келиб, Файзулла Хўжаев бошчилигидаги Ёш бухороликлар раҳбарлари билан учрашади. Колесов қўзғолон учун вақт етганини, беш кун ичида қўзғолонни бошлаш кераклигини айтиб, Самарқандга қайтиб кетади.
Бу хабар Файзулла Хўжаев ва, умуман, ҳаракат аъзоларини эсанкиратиб қўйганди. Ёш бухороликлар қуролли курашга мутлақо тайёр эмаслиги кўриниб қолганди. Файзулла Хўжаев шошилинч Янги Бухорода инқилобий қўмитани шакллантиради. У ўз маблағи ва бошқа бадавлат жадидлар маблағидан 200 дан ошиқ кишини қуроллантиради.
Ёш бухороликлар энди амирни батамом ағдариб ташлаш ва Бухорода совет социалистик республикасини тузишни мақсад қилгандилар. Аммо Колесов ҳам, Хўжаев ҳам мамлакатдаги умумий вазиятга етарли баҳо бермагандилар.
Россиянинг ўзида большевиклар аҳволи яхши эмасди. Оқ гвардиячилар ҳаракати, турли аксилинқилобий ҳаракатлар бош кўтарганди. Колесов ҳам, Файзулла Хўжаев ҳам бир-бирларига ишониб қолгандилар.
Колесов амирни Ёш бухороликлар кучи билан ағдариб ташлашга ишониб қолган, Ёш бухороликлар эса большевикларнинг йирик кучларига умид боғлаб ўтирганди.
Амирни Бухоронинг ички кучлари билан осонгина енга олишга ишонган Колесов бор-йўғи мингтагина аскар ажратади, холос. Операцияга Самарқанд, Кушка, Закаспий, Тошкент, Чоржўй ва Когон отрядлари, шунингдек, Амударё флотилияси матрослари жалб қилинганди. Штаб бошлиғи қилиб Амударё флотилияси раҳбари, 1-ранг капитани Кишишев тайинланади.
Бухоро амири Саид Олимхонга ўз ҳукуматини тарқатиб, Ёш бухороликлар иштирокида янги ҳукуматни шакллантириш, ҳукумат ижроия қўмитасини Ёш бухороликлардан тузиш талаб қилинган ультиматум юборилади.
Большевиклар ҳам, Ёш бухороликлар ҳам ўз кучларига ҳаддан ортиқ ишониб юборгандилар. Улар Саид Олимхоннинг Петербургда офицерлар (кадетлар) мактабида ўқиганини эътиборга олмаган кўринади. Саид Олимхон уларни тузоққа туширади.
У Ёш бухороликларнинг барча талабларига осонгина кўнади ва Бухоро халқига сўз, жамият ва касб эркинлигини беришга, Бухоро либералларига ижроия қўмитага ҳокимият тизгинини топширишга, барча ислоҳотлар дастурларига амал қилишга, ижроия қўмита кўрсатмаларига асосан иш қилишга ваъда беради.
Амирнинг вакиллари Колесов билан капитуляция шартларини келишиб олади. Бухорога Туркистон совет ҳукумати намояндалари кириб борадилар. Бу 500 кишилик делегацияни 25 та қизил аскар қўриқлаб келади.
Улар шартномага асосан амирнинг қўшинларини қуролсизлантириши ва ҳокимият ваколатларини Ёш бухороликларга олиб беришлари керак эди. Советларнинг қолган қисмлари Когонга қайтади. Улар билан бир вақтда амир ҳам Бухорони тарк этиши ва амирликнинг хоҳлаган жойига кетиши мумкин эди.
Лекин амир қўққисдан инқилобчиларга зарба беради. Амир сарбозлари Бухорога кирган совет делегациясини қириб ташлайди. Сарбозлар Колесовнинг ёрдамчиси Арсен Цатуровни чопиб ташлайдилар. Бу қатлиомдан қутулиб, Когонга қочиб келган бир неча қизил аскар даҳшатли фожиа ҳақида сўзлаб беради.
Колесов ҳарбий ҳаракатларни бошламоқчи бўлади, лекин амир сарбозлари Когонга олиб келувчи барча темир йўл алоқаларини узиб ташлаган эдилар. Амирнинг режаси иш берганди. Когонга ёрдамга келаётган Марв большевиклар отряди Қоракўлда, Тошкентдан келаётган қурол-аслаҳа эшелони Карманада қолиб кетган эди.
Амир қўшини Когонни ўраб олиб, Ёш бухороликлар ва Колесов отрядларига зарбалар бера бошлайди. Саросима бошланади. Бутун Ёш бухороликлар ва оилалари вокзалга қочиб келадилар. Поезд вагонлари тиқилиб кетган, ҳамма сувсизликдан, ташналикдан қийналарди.
Файзулла Хўжаев жуда кўплаб Ёш бухороликлар каби Бухородан қочади. Қўзғолон тор-мор этилганди. Уни тўлиқ мағлубиятдан Тошкентдан етиб келган эсерлар – Колузаев, Петренко, Степанов бошчилигидаги отрядлар сақлаб қоладилар. 1918 йил 25 март куни Қизилтепада Совет Туркистони ва Бухоро амирлиги ўртасида сулҳ тузилади.
Амир Совет Туркистонига етказган талафотларини тўлиқ қоплаб бериш, Бухорода эса доимий равишда совет консули иш олиб бориши, шунингдек, ўз армияси сонини 12 мингдан оширмаслик талабларини бўйнига олади.
Аммо амир бор аламини жадидлардан – Ёш бухороликлардан олади. Бухорода қолган Ёш бухороликлар ва уларнинг тарафдорлари қатлиом қилинади. Бухородан 8000 киши қочганди, улар орасида Файзулла Хўжаев, Абдурауф Фитрат, Садриддин Айний кабилар бор эди.
Самарқанд ва Тошкентга келган кўплаб Ёш бухороликлар коммунистик партия сафларига кирадилар. Файзулла Хўжаев эса Бухоро амири томонидан сиртдан ўлим жазосига ҳукм этилганди. У Туркистонни тарк этиб, Москвага кетади. Аммо йўлда атаман Дутов ҳукумати томонидан тўхтатиб қолиниб, ҳибсга олинади ва Оренбург қамоқхонасида ўтиради.
Файзулла Хўжаевнинг дипломатик қобилияти ва бадавлат оилада катта бўлгани уни сақлаб қолган эди. У дутовчилардан бир амаллаб қутулиб Москвага кетади.
1918-1919 йилларда Файзулла Хўжаев РСФСР Ташқи ишлар нозирлигида ишлайди. 1919 йил охирида Тошкентга қайтиб келади ва Ёш бухороликлар инқилобчилар бюросини тузади. “Учқун” газетасига редакторлик қилади.
Бухорода қолган яширин ташкилотлар билан алоқа ўрнатиб, уларни инқилобий адабиётлар билан таъминлаб туради. 1920 йилда Чоржўй қўзғолонида қатнашади.
Бухоро амири тахтдан бу сафар большевиклар томонидан ағдариб ташланади. 24 ёшли Файзулла Хўжаев инқилобий қўмитага раис қилиб сайланганди.
Кейин эса РКП (б) сафларига киради. Бухоро Халқ Совет Республикаси ҳукуматига бошлиқ бўлади. 1920 йил сентябрдан то 1924 йил декабргача Бухоро Халқ Нозирлари кенгашига раислик қилади. 1922 йилдан ВКП (б) МҚнинг Ўрта Осиё бюроси аъзоси.
Ўзбекистон ССР ташкил топгач, республика ревкоми раиси бўлади. 1925 йилнинг 17 февралидан Ўзбекистон ССР Халқ Комиссарлари Совети раиси лавозимига тайинланади. Ўзбекистон ССР Марказий Ижроия Қўмитаси (ЦИК) президиумининг аъзоси, 1925 йил 21 майда СССР МИҚ учинчи чақириғида СССР Марказий Ижроия қўмитаси раислари қаторига сайланади.
Файзулла Хўжаев жудаям жасур инсон бўлиб, ҳатто Сталиннинг юзига тик қараб, уни танқид қила олган. Бир сафар Сталинга қараб: “Сизлар СССРни мамлакатлар қамоқхонасига айлантирдиларинг, Москвага эса четдан одам келишга ҳам қўрқади, чунки ё ўлдирилиб кетилади, ёки қамоққа олинади”, деб айта олганди.
Балки шунинг учун ҳам Файзулла Хўжаев 20-30-йилларда Ўзбекистон коммунистлари раҳбари бўлишига қарамай, юқори партия органларига сайланмайди, МҚ аъзоси ҳам бўлмайди.
Файзулла Хўжаев коммунистик партиянинг йирик намоёндалари Бухарин ва Риковлар гуруҳи билан яқин эди. У коммунистик партия аъзоси бўлса-да, ўзи доимо қалбан жадидлар билан бирга эди. Ўзбекистонни, ватанни ривожлантириш келажак истиқболлари учун чин дилдан қайғурган ҳақиқий ватанпарвар эди.
193 йил 9 ноябрда СССР ВКП (б) МҚ сиёсий бюроси қарори билан Акмал Икромов ва Валериан Куйбишев билан бир қаторда МҚнинг сиёсий комиссияси таркибига киритилади.
Файзулла Хўжаев бор илму шижоатини Ўзбекистонда иқтисодий-маънавий янгиланиш бўлишига қаратади. Айнан унинг даврида мамлакатимизда Абдулла Қодирий, Абдурауф Фитрат, Абдулҳамид Чўлпон, Усмон Носир ва бошқа ўнлаб атоқли жадидлар фаолият юритадилар.
Файзулла Хўжаев уларни ҳар томонлама қўллаб турган. Мана шунинг ўзи бу буюк инсон, буюк сиёсатчининг барча хатолари ва айбларини ювиб кетувчи омил деб ҳисоблайман.
Аммо 37-йилнинг даҳшатли қатағонлари яқинлашиб келмоқда эди. Ўзбекистон ССР КП(б)нинг 1937 йил 17 июнь куни бўлиб ўтган 7-съездида Файзулла Хўжаев эгаллаб турган барча партия ва давлат лавозимларидан озод қилинади. ВКП (б) аъзолигидан четлатилади.
Орадан бир ой ҳам ўтмасдан, 9 июль куни НКВД томонидан Тошкентда ҳибсга олинади. Сўроқ пайти НКВД жаллодлари Файзулла Хўжаевни ваҳшийларча қийноққа соладилар.
1938 йилда Москвада Николай Бухарин, Алексей Риков ва кўзга кўринган бошқа партия ва давлат арбобларидан иборат гуруҳ билан бирга суд қилинади.
Файзулла Хўжаев ҳам бошқалар каби троцкийчиликда, совет ҳукуматини ағдармоқчи бўлганликда, Германия, Япония, Польша ва АҚШ разведкасига ишлаганликда айбдор деб топилиб, ўлим жазосига ҳукм қилинади.
1938 йил март ойида Коммунарка полигонида Файзулла Хўжаев отиб ўлдирилган. 1965 йилда тўлиқ оқланди. Бухорода унинг уй музейи ташкил қилинади. Самарқанддаги республика касалхонаси ҳовлисига ҳайкали ўрнатилади, Самарқанд, Бухоро, Вобкент ва Тошкентдаги кўчаларга унинг номи берилади.
Аммо мустақиллик йилларида негадир Файзулла Хўжаевнинг номини ўчиришга ва ҳозир ҳам эсланмасликка ҳаракатлар бўлмоқда. Тожик миллатчилари доимо Файзулла Хўжаевни Самарқанд ва Бухорони Ўзбекистон ҳудудига ўтказиб юборганликда айблаб келадилар. Уни большевикларларга сотилган иблис сифатида ҳам кўрсатмоқчи бўладилар.
Балки унинг Ўзбекистоннинг давлат сифатидаги дастлабки раҳбарларидан бўлгани кўпчиликка ёқмас, бу ёғини энди тарих кўрсатади. Нима бўлганда ҳам, Файзулла Хўжаев барибир миллатимизнинг буюк ўғлонларидан, жадидларидан бири бўлиб қолади.
Ихтиёр Эсанов
Фойдаланилган адабиётлар: Арапов А. В. “Биз тарихга кирмаймиз, Файзулла Хўжаев сиёсий биографияси”, Ўзбекистон совет катта энциклопедияси.