Асосий мавзулар
20 октябр 2020

Ўзбекистон ўтмишга жадал қайтмоқда

Шахсан мен учун Ўзбекистондаги диний ақидапарастликнинг янги тарихи Қўқон ҳокими Баҳодир Жалоловнинг “Шарқ ва Ғарб учрашуви” фрескасини устидан бўяб ташлаш (“кийинтириш”) буйруғи билан бошланган.

Бомиёндаги ҳайкалларнинг толиблар томонидан остин-устин қилиниши ёки ИШИД жангарилари томонидан Палмирадаги музей ашёларининг ваҳшийларча йўқ қилинишидан фарқ қилмайдиган ушбу бузғунчилик ҳаракатига расмий реакциянинг етишмаслиги Ўзбекистондаги жамоат маданияти учун жуда салбий роль ўйнади.

Aйтганча, Қўқондаги бузғунчилик ҳақидаги мақоладан сўнг Маданият вазирлиги Баҳодир Жалоловнинг фрескасини тиклаш учун маблағ ажратишга ваъда берган бўлса, рассомнинг ўзи театрда панони тиклашга тайёрлигини билдирди.

Бироқ бу нарса ваъдалигича қолиб кетиб, бироздан сўнг ҳаммаси унутилди. Кўринишидан ушбу уникал фреска унутилишга маҳкумдир. Бу ҳодиса тор доирада амалдорнинг маданияти йўқлигига далил бўлиб қолади.

Жамият баъзи ҳаракатлар учун санкциялар мавжуд эмаслиги, “сукут аломати ризо” тамойили остида қурилган. Шунинг учун ҳам бу баъзи қатламлар томонидан жаҳон маданиятига қилинган ҳужум сифатида қабул қилинди.

Бундан ташқари, объектив кузатувчи ҳеч қачон ўзбек миллий кийими ҳисобланмаган ҳижоб учун дунёвий кийимни алмаштирган қизлар ва аёллар сони кескин кўпайганига гувоҳ бўлиши мумкин. Ҳа, бизнинг оналаримиз ва бувиларимиз рўмол ўрашган, лекин ҳеч қачон ҳижоб тақишмаган.

Диний марказлар саналган Самарқанд, Бухоро, Тошкент, Қўқон ва бошқа бир қатор йирик шаҳарларда аёллар паранжи билан ўранган давр бўлган. Бироқ аҳолининг аксарияти, айниқса, қишлоқ жойларида яшовчи аёллар кундалик ҳаётдаги юмушларга, далада ишлашга имкон бермаслиги сабаб паранжи кийишмаган.

Anhor.uz икки йил муқаддам барчани Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 10 ва 29-моддаларини эслашга ва ҳурмат қилишга чақирди:

10-модда. … Жамиятнинг бирон-бир қисми, сиёсий партия, жамоат бирлашмаси, ижтимоий ҳаракат ёки алоҳида шахс Ўзбекистон халқи номидан иш олиб боришга ҳақли эмас.

29-модда. Ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга. Ҳар ким ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга, амалдаги конституциявий тузумга қарши қаратилган ахборот ва қонун билан белгиланган бошқа чеклашлар бундан мустаснодир…

Бироқ миллий менталитет ҳақидаги шубҳали муҳокамалар ниқоби остида жамиятда диний чекловларга асосланган тақиқлар жорий этишга уринишлар тез-тез учмоқда. Шахс эркинлиги ҳисси жуда нозик масала.

Инсонга пайпоғининг узунлиги, соч турмаги, ижтимоий тармоқларга бўлган иштиёқи ёки тунги клубга бориш-бормаслигига қараб баҳолаш, юмшоқ қилиб айтганда, калтабинлик ва муаммога ўта юзаки ёндашиш ортидан келиб чиқади.

Қонун устуворлиги эълон қилинган давлатда ҳеч ким бировни сиртдан айблашига йўл қўйилмайди. Ушбу ёндашув жамиятни бирлаштирмайди, аксинча ўзаро бегоналашувни вужудга келтиради. Бунинг учун қанча ижодкор шахслар Ўзбекистонни тарк этишганини ва мамлакат ташқарисида ўз истеъдодларини тўлиқ намоён қилганликларини эслаш кифоя.

Объектив таҳлил шуни кўрсатадики, юқори даражадаги раҳбарларнинг аёллар ҳуқуқларини таъминлаш тўғрисидаги расмий баёнотлари, Конституцияга риоя қилиш зарурати ва жамият ҳаётининг тубида содир бўлаётган жараёнлар ўртасида тан олинмайдиган, бироқ тобора катталашиб бораётган зиддият келиб чиқмоқда.

Солихон домланинг аёлларни тоифага ажратишни тарғиб қиладиган маърузалари кўпайиб бораётганига эътибор қаратишингизни истардик. Унинг фикрича, аёлнинг тақдири учун жавобгарлик бутунлай эрининг елкасида. Aгар у замонавий услубда кийинган бўлса, уни тажовузкорона “очиқ-сочиқ” деб аташади ва эркак “ўз” аёлини омма олдида намойиш қилишига йўл қўйиб берган деб қабул қилинади.

Менимча, бу иддаолар ҳам муқаддас оналик бурчини, фарзанд тарбиясини ўрнига қўяётган, ҳам ўз касбининг устаси бўлиб, Ўзбекистоннинг ривожига ҳисса қўшаётган аёлларнинг аксарият қисми учун ҳақоратли ҳисобланади.

Шунингдек, жамиятнинг диний жоҳил қисмининг жамоат онгига босим ўтказишнинг яна бир усулини кузатишингиз мумкин. Масалан, “ЗВЕЗДA ВИДЕО” канали бир видео тақдим этди, ушбу видеода кўчада бир йигит ўтиб кетаётганларга яқинлашиб, улардан араблар тилида (Қуръон тили) мусулмон эканликлари тўғрисида диний гувоҳлик беришни (калима) сўрайди ва, табиийки, деярли ҳеч ким бунинг уддасидан чиқмайди …

Видео остида эса: “Изоҳи сиздан”. Бу ҳодиса инсонлар Исломдан узоқлашганда содир бўлади. Бу ҳали бошланиши”, деб ёзиб қўяди.

Мусулмон динига мансублигини ифодаловчи ибодатлар ва формулаларни билмасликни шахсиятидаги нуқсон деб ҳисоблашни инсонга нисбатан қилинган психологик зўравонлик деб бемалол айтиш мумкин. Бу динга жалб қилиш учун гипноздан фойдаланишдан ўзга нарса эмас.

Aгар бир йигит бева онасини “бегона эркаклар билан” мулоқот қилгани учун пичоқлагани тўғрисида маълумотлар бўлмаганида, буни эътиборсиз қолдиришингиз мумкин эди.

Яна бир ака инстаграмда синглисининг фотосуратини кўриб, жигарининг қотилига айланди. Aчинарлиси, бундай хавотирли ҳодисалар жуда кўп учрамоқда.

Фикримча, бу диний ақидапарастлар томонидан сингдирилган фикрлаш тарзининг оқибатлари, диний экстремизмнинг яққол белгиларидир. Опа-сингил ёки она ака-ука ёки ўғилнинг шахсий мулкимидики, уларнинг жонига қасд қилса?

Коллеж ва университетларда ўқийдиган ёшларнинг катта қисми асосан қоғозда мавжуд бўлган ва ёшларнинг муваффақиятли қисми билан шуғулланадиган давлат, унинг турли тузилмалари эътиборидан четда қолмоқда.

Қолганлари эса Қуръонни ўзидан келиб чиқиб талқин қиладиган турли “маънавий” устозларнинг осон ўлжасига айланади. Конституцияга биноан дунёвий бўлган давлат аҳолиси кундан кунга радикаллашиб бораётгани аянчли ҳодиса.

Ёшлар сиёсати ҳали мутлақо ноаниқ, замонавий, рақобатбардош ёшларни тайёрлашга қаратилган муҳим ҳаракатлар, эътиборга лойиқ лойиҳалар деярли мавжуд эмас. Диний мутаассиблар ёшларнинг кумирига айланмоқда.

Aгар вазиятга стратегик жиҳатдан қаралса, динга бўлган мойиллик, диннинг ролини юксалтиришга уриниш фуқаролик жамиятини ривожлантириш ва рақобатдош ёшларни тарбиялашга катта тўсиқ бўлади.

Бунинг фонида ёшлар ташкилотлари фаолияти деярли кўринмай қолади. Негадир замонамиз мафкурачилари унутилмас ўтмиш, дунёга машҳур диний мутафаккирлар даври ва ҳозирги кунимиз ўртасида олти асрлик фарқ борлигини унутмоқдалар, бу эса барча янги ва илғор нарсаларни бўғиб қўймоқда.

Мафкурачиларимиз мамлакатимизнинг AҚШ, Европа, Япония, Хитой, Корея Республикаси, Сингапур, Ҳиндистон каби давлатлардан илм-фан, техника, технология бўйича орқада қолганини жим кузатмоқда.

Негадир мутаассиб “ақл эгалари” иқтисодиётда улкан ютуқларни қўлга киритаётган бу мамлакатларга нафрат билан қарашади, шунга қарамай, Iphone, компютер, кондиционер ва бошқа илмий-технологик тараққиётнинг афзалликларидан бажонидил фойдаланишади.

Ҳозирча мафкуравий маҳсулот сифатида “эксперт-бошловчи”лар эркаклик кўрсаткичини пайпоқ узунлиги, одоб-ахлоқ кўрсаткичини юбка узунлиги билан ўлчамоқда.

Интернетнинг чексиз денгизида бемалол маълумот қидира оладиган замонавий ёшлар бундай интеллектуал мажруҳликка дош бера олмайди. Интернет замонавий дунёни, авлодлар ўртасидаги муносабатларни ўзгартирганлигини англаш вақти келди.

Баъзи сайтларни ёпиш, Facebook ни тўсиб қўйиш қиммат, ва энг муҳими, фойдасиз эканлиги яққол кўриниб қолди. Жинсий алоқа ва порнографиядан тортиб то юқори технологияларгача бўлган ҳар қандай маълумотни бир зумда топса бўладиган ахборот-коммуникация технологиялари асрида яшаётганлигимизни унутмаслигимиз жоиз. Болалар ота-оналар ва бошқа катталар аниқлай олмайдиган саволларга жавоб топадилар.

Эҳтимол, технология соҳаси ривожланмаган Ўзбекистонда давлат телевидениеси, айниқса, қишлоқ аҳолиси ўртасида рақамли тенгсизлик туфайли асосий маълумот манбаи бўлиб қолмоқда.

Телевидение кундан кунга йўқолиб ва охири таслим бўлиши, смартфон, ҳаттоки кинотеатр, кўнгилочар дастурлар ва ҳоказоларга ўз ўрнини бўшатиб бериши тахмин қилинмоқда.

Давлат бу масалада аниқ, тушунарли позицияга эга эмас. Бир маънода ибодатхона ва давлатни ажратишнинг конституциявий принципи бузилганлигини кузатиш мумкин.

Диний мутаассиблар кўпроқ тажовузкор, архаик хурофот ва урф-одатларга таяниб, ўз позицияларини босқичма-босқич тиклайдилар. Улар қизларнинг дунёвий кийинишига қарши чиқа бошлашди, ота-оналар эса келин қидириш учун асосан ҳижобли қизларни қидириб юришмоқда.

Дунё тараққиётининг етакчилари дин фақат шахсий хоҳиш-ирода маҳсули бўлиб қоладиган мамлакатлар ҳисобланишади. Бундан ташқари, техника, технология, инсонпарварлик ғоялари ривож топган давлатлар орасида исломий давлатлар мавжуд эмас.

Aгар мамлакат раҳбарияти тобора кучайиб бораётган диний радикаллашувига қарши аниқ, зарурий чоралар кўрмаса, Ўзбекистон жоҳиллар оломони қуршовида қолиб кетади.

Дунёвий таълимда табиий ва аниқ фанларга эътибор қаратишимиз зарур. Динга мойил талаба билан мунозарада асосли жавоб бера олмаган ва устунликни қўлдан бой берган университет ўқитувчиси, фикримча, очиқчасига заиф инсондир.

Aгар унинг чет элда ўз ихтисослиги бўйича ўқиганлигини ҳисобга олсак, университетлараро тажриба алмашиш баъзи ҳолларда самара бермаслиги яққол намоён бўлади.

Ўқувчи ечим қаердалигини сўраши мумкин. Ва фақат битта ечим мавжуд – фуқаролик жамиятини ривожлантириш, хилма-хил йўналтирилган нодавлат ташкилотларни яратиш. Ҳокимият ижтимоий фаол, дунёвий фуқаролардан қўрқмаслиги керак.

Пандемия пайтида қўллаб-қувватлаш ўрнига фуқароларнинг фаоллиги тўхтатилди, Жасур Иброҳимов иши ҳолатларини ҳар томонлама ва холис текширишни талаб қилган фуқароларнинг фаолияти жарима солиниши билан якунланди.

Давлат ижобий фуқаролик фаоллигини бостириш ва Ўзбекистонни жоҳилият қаърига фаол ва тажовузкор равишда тортиб бораётганларга ён бериш орқали катта хатога йўл қўймокда.

Мансур Ибрагимов
Anhor.uz Рус тилидан Aҳрор Шарипов таржимаси

Тағин ўқинг
8 январ 2016
Биз собиқ банкир, моҳир тадбиркор, эндиликда эса сиёсий маҳбус Рустам Усмоновнинг китобидан парчалар эълон қилишни давом эттирамиз. 1998 йилда, ...
11 октябр 2015
Элтуз илгари хабар қилганидек Жиззах вилояти Ғаллаорол тумани бош шифокори Юсуф Эсиргатов Дўстлик туман милиция бўлимидаги ҳибсхонада икки кун ...
12 октябр 2020
Дастлаб большевиклар Ёш бухороликлар, жадидларнинг коммунистик партияга қўшилган аъзоларидан иборат Бухоро Халқ Совет Республикасини туздилар.  Бу республика раҳбарларидан бири ...
31 май 2019
Президент Шавкат Мирзиëев Андижонга борганида телевизорда уни нуқул аëллар ўраб олгани кўринди. “Беш болам бор, уй беринг” деган ҳам, ...
Блоглар
1 декабр 2020
«Ошин» – 1983 йилда Японияда суратга олинган кўп қисмли фильм. Бош ролларда Нобуко Отова, Юко ...
25 ноябр 2020
Кузда кетиб кузда қайтдим Совет Армияси сафидан. Бизни армия сафига олий ўқув юртларининг кундузги бўлимидан ...
24 ноябр 2020
“Ҳумо” номли учоқ ширкати ҳақида гап чиқиши билан эронлик дўстларим ўзбекларни плагиатда айблади. Эронда “Ҳумо” ...