Анонс
29 октябр 2023

Шоир Омон Матжон оламдан ўтган кун

Лекин бир халқ мудраб, ётинқираса,
Ҳар кимга ўз тинчи ёқинқираса,
Шоирлари қўрқиб босинқираса,
Халқни ким уйғотар,
Саволим шулдир?!

Ушбу сатрлар муаллифи, ўзбек модерн шеъриятининг таниқли намояндаси Омон Матжон 2020 йилнинг 29 октябрида 77 ëшида вафот этган, Тошкентнинг Янгиобод мавзеидаги қабристонда дафн қилинган.

Шоир Хоразм вилоятининг Гурлан туманида туғилган эди. У адабиёт олдидаги хизматлари учун Ҳамза номидаги давлат мукофотига сазовор бўлган.

Шоирнинг «Очиқ деразалар» (1970), «Карвон қўнғироғи» (1973), «Ёнаётган дарахт» (1977), «Ярадор чақмоқ» (1979), «Ҳаққуш қичқириғи», «Сени яхши кўраман» (1983), «Гаплашадиган вақтлар» (1986) каби тўпламлари ўзбек шеъриятининг устунлари сифатида кўрилади.

ФЕРУЗА

Келмадинг.
Қушлар кўчиб кетди қошимдан,
Тушлар чўчиб кетди ёшимдан,
Ҳушлар учиб кетди бошимдан,
Келмадинг.
Хазонлар тўп бўлди йиллаб мен учун,
Осонлар йўқ бўлди йиллаб мен учун,
Армонлар кўп бўлди йиллаб мен учун,
Келмадинг.
Ғамларнинг барига тўздим — чидадим,
Намларнинг баҳрида суздим — чидадим,
Дамларнинг шаҳдидан ўздим — чидадим,
Келмадинг.
Кунларим ҳижронга ўқдек ёққанда,
Руҳим оти қонга чўғдек ботганда,
Сўнгги ўқни жонга ўзим отганда,
Сен келдинг узр сўраб…
Сен келдинг нечун?!


Умр ўтар, вақт ўтар,
Хонлар ўтар, тахт ўтар,
Омад ўтар, бахт ўтар,
Лекин ҳеч қачон чиқмас ёдимдан
Сенинг юришларинг, сенинг кулишларинг.
Баҳорда боғ на гўзал,
Қор тушса тоғ на гўзал,
Бу ёшлик чоғ на гўзал,
Лекин ҳеч қачон чиқмас ёдимдан
Сўзсиз қарашларинг, ҳолим сўрашларинг.
Ой чиқар гоҳ заҳоли,
Дўстлар кўпдир вафоли,
Ҳаёт шундан сафоли,
Лекин ҳеч қачон чиқмас ёдимдан
Сокин сўзлашларинг, пинҳон излашларинг.
Умр — йўл, қайрилиш кўп,
Учрашиш, айрилиқ кўп,
Унутиш,айтилиш кўп,
Лекин ҳеч қачон чиқмас ёдимдан
Ўша кулишларинг, ўша келишларинг…


Очил, эй гул, гул вақтинг бўлди,
Уйғон, эй дил, дил вақтинг бўлди.
Етар минг бир кеча эртага,
Тонг сирларин бил, вақтинг бўлди.
Ўз ҳаққини билмаган қулдир,
Шукр этган ҳам қул, вақтинг бўлди.
Номинг азиз, ўзингга бек бўл,
Эл бўл энди, эл вақтинг бўлди.
Огоҳ этар соатсиз қисмат,
Ҳаракатинг қил, вақтинг бўлди.
Тилни қутқар тиллар бандидан,
Тилга киргин, тил вақтинг бўлди.
Ўзбекистон, фалак буржига
Юрагингни ил, вақтинг бўлди.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
14 феврал 2019
Ўзбекистоннинг биринчи президенти марҳум Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг ўғли Ислом Каримов Instagram саҳифасида онасига босим ўтказилаётгани, шифокорлар ...
25 март 2017
Доллар нархи ошиши билан айниқcа картошканинг нархи ошгани одамларнинг норозиликларига сабаб бўлмоқда.
30 сентябр 2016
Рассом Элсевар eltuz.com нашрига жўнатган навбатдаги суратида масжидда иккита эъсон қутиси пайдо бўлганини акс эттирган Айрим масжид имомлар, пахта ...
13 октябр 2015
Мана, денгиз тубидаги майда тошларни ҳам кўра оладиган ғаввослар пахтага чиқди.  Улар ҳам футболчи, киночи, имом ва фоҳишалар ортида ...
Блоглар
21 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...