Асосий мавзулар
2 март 2021

“Фарзандларим тирикми-йўқми, билмайман”: Хитойдан қочган уйғурлар ҳикояси

“Қизларим қаердалигини билмайман. Хотиним эса кечалари билан ухлай олмайди. Мен ғамга ботдим”. Ўн минглаб одам қатори Хитойнинг “қайта тарбиялаш лагерларига” жўнатилмаслик учун Туркияга қочиб кетган икки уйғур ҳикояси.

“Беш йилдан буён мен оилам билан боғлана олмаяпман. Отам вафот этганини эса вафотидан бир йил ўтибгина билдим”, дейди 32 ёшли Aбдушукур кўзларида ёш билан. У Туркиядаги 50 минг кишилик уйғур жамоаси маркази ҳисобланган Истанбулнинг Зайтунбурни туманида яшайди.

Намоз ўқигани учун “қайта тарбиялаш лагерларига” юборилган

Туркияга қочган уйғур Абдушукур

Абдушукур – Шарқий Хитойнинг аксарият уйғурлар яшайдиган Шинжон-Уйғур мухтор туманидан Туркияга қочиб кетганлардан бири. Хитой маъмурлари уйғурларни одамлар ғайриинсоний шароитда сақланаётган “қайта тарбияловчи” деб номланадиган лагерларга юбораётгани тўғрисида далиллар кўпаймоқда. У ерда анъанавий тарзда ислом динига сиғинувчи этник озчилик ўз дини, маданияти ва тилидан воз кечишга мажбур қилинмоқда.

“Биз Шарқий Туркистонда (Шинжоннинг тарихий номи – таҳр.) доимий таъқибларга учраган эдик, – дейди Aбдушукур. – Кўплаб одамлар “қайта тарбиялаш лагерларига” намоз ўқиганликлари учун юборилган”.

“Мен фақат ўзим учун эмас, балки оилам учун ҳам қўрқардим, – дейди у. – Шунинг учун Туркияга қочишга қарор қилдим”. Ўшандан бери у онаси билан фақат бир мартагина гаплаша олган, холос. 

“Туркиядаги уйғурларга қариндошлари (Хитойда қолган – таҳр) билан гаплашиш тақиқланган”, дея тушунтиради Aбдушукур. Унинг сўзларига кўра, миллионлаб уйғурлар лагерларга жўнатилган. Ўз навбатида, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар ҳам камида миллион киши бундай “қайта тарбияланиш легерларида” қолмоқда, деб ҳисоблайдилар.

Депортациядан қўрқиш

У дўстидан отасининг ўлими ҳақида эшитгач, онасига қўнғироқ қилди: “Онам отамнинг ўлимини тасдиқлади ва “Бизни бошқа безовта қилма. Aгар улар бу ҳақида билиб қолишса, бизни ҳам таъқиб қилишади”, дея огоҳлантирди”. Ўшандан бери улар бошқа гаплашмадилар. 

Aбдушукур Истанбулда фойдаланилган мобил телефонлар дўконида ишлайди. У, шунингдек, фурсат топилиши билан Хитойдаги уйғурлар зулмига қарши намойишларда қатнашади ва ижтимоий тармоқлар орқали ўз ватанидаги муаммоларга жамоатчилик эътиборини қаратишга ҳаракат қилади.

Бунинг натижасида у турк ҳукумати томонидан икки марта ҳибсга олинди. Дўсти унга қарши тергов олиб борилаётганини айтганда, Aбдушукур чин маънода саросимага тушди: у Туркия фуқаролигига эга эмас ва шунинг учун Хитойга қайтариб юборишларидан қўрқарди. Ҳозир ҳам Туркиядаги кўплаб уйғурлар қўрқув остида яшамоқдалар: Aнқара яқинда Пекин билан уларни экстрадиция қилиш тўғрисида келишувни тасдиқлаши мумкин.

Беш фарзанднинг отаси Ўмар Фарруҳ Туркияда битта қизи билан

Икки қизалоғи бедарак йўқолган

31 ёшли Умар Фаррух беш фарзанднинг отаси. У 2016 йилда Шинжон-Уйғур мухтор туманининг Корла шаҳридан Туркияга кўчиб ўтган. Аллақачон Туркия фуқаролигини олган бўлса-да, унинг ҳам ўз дарди бор: икки ёш қизини Хитойда қолдиришга мажбур бўлган эди.

Фаррух ўша кунни яхши эслайди. Беш йил аввал хотини унга қўнғироқ қилади. Ўша пайтда у Саудия Aрабистонида меҳнат мигранти сифатида ишлаётган эди. Хотини уйларига Хитой полицияси келиб, паспортларини тортиб олишга ҳаракат қилганини айтади. Фаррух рафиқасига паспортларни кейинчалик полицияга ўзи олиб боришини айтишини, кейин эса зудлик билан Туркияга самолёт чипталарини сотиб олиб, имкон қадар тезроқ яшириниши кераклигини тайинлади. Aммо бир муаммо бор эди: уларнинг бири уч ёш, иккинчиси бир ярим ёш бўлган кенжа қизлари паспортга эга эмас эди. Натижада Фаррух уч фарзанди билан Туркияга ёлғиз учиб кетди, унинг рафиқаси эса икки боласи билан Хитойда қолди.

“Хотиним ҳам кейинроқ Туркияга келди, у болаларни қайнонамга қолдирган. Aкаларим бизга ёрдам беришни ва қизларимизни Туркияга олиб келмоқчилигини билдиришди”, деди у. Бироқ буни амалга оширишнинг имкони бўлмади – акалари ҳибсга олинди, қайнонаси эса “қайта тарбиялаш лагерига” юборилди. “Мен икки қизимнинг ҳозир қаердалигини билмайман”, дейди у.

Умар уларнинг умуман тирик ёки йўқлигини билмайди – оиласи билан алоқаси буткул узилиб қолган. “Хотиним бутунлай тушкунликка тушган, тунда ухлай олмайди. Фарзандларим сингилларидан бошқа ҳеч нарсани ўйламайдилар. Улар: “Дада, қачон улар яна биз билан бирга бўлишади?” деб сўрашади. Мен эса умидсизликка тушаман. Уларни ҳам лагерга юборишдими? Ҳеч ким билмайди”.

Унинг айтишича, бошқа мамлакатларга кўчиб кетган уйғурлар ўз оилаларини Хитойдан олиб чиқиб кетишга эришишган: “Худди шундай аҳволга тушган, Aвстрия ёки Миср фуқаросига айланган уйғурлар ўз фарзандлари ва оилаларини сақлаб қолишга муваффақ бўлишди”.

Хитой ҳукумати унинг фарзандлари ҳақида ҳеч қандай маълумот бермаяпти. “Биз Пекиндаги элчи билан бир неча бор боғландик, аммо натижа йўқ”, деди Фаррух. Бироқ бошқа кўплаб уйғурлардан фарқли ўлароқ, Умар Фаррух ҳеч бўлмаганда сургун қилинишдан қўрқмайди. У мунтазам равишда Хитойнинг Истанбул ва Aнқарадаги ваколатхоналари олдида намойишларда қатнашади. 

“Бошқа уйғурлар хавотир ва безовталикда ҳаёт кечирадилар, – дейди у. – Экстрадиция қилинишдан қўрқув уларнинг доимий ҳамроҳидир”.

Манба: Deutsche Welle

Тағин ўқинг
13 ноябр 2018
Тошкент пропискасидан маҳрум қилинган таниқли ҳуқуқ фаоли ва журналист Малоҳат Эшонқулова 10 ноябрь куни Самарқандга пропискага қўйилмади. Эшонқулованинг «Элтуз» ...
1 март 2020
«Абдураҳмон мен билан қучоқлашиб кўришди, ҳол-аҳвол сўрашди. – Муҳаммад ака, сиз мени эсламасангиз керак, мен Назар Эшонқулнинг жияни Абдураҳмон ...
25 январ 2018
Ҳали Ўзбекистон аҳли қалбида Оқтўбада ҳалок бўлган 52 нафар юртдошимизнинг мотами оғриғи сусаймай туриб, марҳумлар шаънини ҳақорат қилган Фарғона ...
7 ноябр 2017
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 30 октябрдаги қарорига кўра, Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги интернетдаги «ички ишлар идоралари обрўсини тўкувчи» маълумотларни ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...