Cатира
25 январ 2018

Шу ҳоким ҳам одамми?

Ҳали Ўзбекистон аҳли қалбида Оқтўбада ҳалок бўлган 52 нафар юртдошимизнинг мотами оғриғи сусаймай туриб, марҳумлар шаънини ҳақорат қилган Фарғона вилояти ҳокимини тўғрисида гап кетганда шундай саволни ўртага ташлаш адолатсизлик бўлмаса керак.

Бутун интернет бўйлаб тарқалиб кетган бу ҳақоратларнинг ҳаммасига тўхталиб ўтиш шарт эмас. Аммо шундай жиҳатлари борки, айтсанг тилинг, айтмасанг дилинг куяди.

Аввало, ҳокимнинг вилоят миқёсида бўлиб ўтган видеоселекторда айтган гаплари давлат раҳбариятининг мазкур фожеа муносабати билан кўрган ва кўраётган чора-тадбирларига жуда улкан соя бўлиб тушди.

Энди бутун халқ ҳукуматнинг бу чора-тадбирларини миннат ўрнида қабул қилмаслигига ким кафолат беради?

Азадор оилаларга берилган бор-йўғи 80 миллион сўм (тошлоқлик ҳар бир марҳумга минг доллардан ҳам тўғри келмайди) ҳомийлик ёрдамини бутун бошли вилоят ҳокими миннат қилиб турганидан кейин яна нима деб ўйлаш мумкин?!

Яна «таъна қилаётганим йўқ», деяётганига ўласизми. Таъна, миннат бўлмаса, нима бу гаплар?!

Яхшиям чўнтагидан бермаган. Акс ҳолда қолган халқни ҳам ўлмаганига пушаймон едириб, терисини тириклайин шилиб олармиди бу ҳоким.

Бошқа томондан, «ҳоким менинг одамим» деб уларнинг нуфузини кўтаришга ҳаракат қилаётган президентнинг ишончига берилган зарба эмасми бу?

Ҳоким тириклайин оловда ёнган 16 нафар тошлоқликка эмас, улар ўлгани учун «айбдор қилиниши» эҳтимолидан фол очиб, «бечора участка нозири»га ачиняпти.

«Ёзса ёзаверсин», деяпти ҳоким матбуотдан, жамоатчиликнинг фикридан қўрқмаслигини билдириб.

Бу гаплари билан шунчалик оғзи шалоқлигига қарамай, яна уни шу пайтгача мансабида ушлаб турган президентга орқа қиляптими?

Аслида давлат раҳбарининг орқасига урилган ханжар эмасми бу?

Ҳокимнинг ҳақоратларини эшитиб, бир вақтлар Андижон воқеалари ҳақида гапирган ëзувчи Хуршид Дўстмуҳаммад исён қатнашчиларини «шўрванинг кир кўпиклари», дея атагани ёдга тушади.

Ҳар ҳолда Хуршид Дўстмуҳаммад депутат ëзувчи эди. Халқимиз бу «эркалик»ни уни севгани учун кўтара оларди.

Лекин иш қидириб, рўзғор ташвишида ўзга юртларга отланган чоғида тириклайин ёниб кетган ҳамюртларига ҳатто ўлимидан кейин ҳам бир оғиз яхши сўзини раво кўрмаган валломатнинг ҳақоратларини халқимиз кечирармикин?

Қолаверса, азадор халқнинг ярасига туз сепган бу ҳокимнинг ўз мансабида қолиш-қолмаслик масаласи халқ давлатга эмас, давлат халққа хизмат қилиши кераклигини айтаётган давлат раҳбари учун ҳам бир имтиҳон кабидир.

Сардор Азим
Eltuz.com

Тағин ўқинг
19 май 2018
Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳрида бошланғич синф ўқувчилари манглайига ручка билан «2» қўйган ўқитувчилар иши прокуратурага оширилди. Тошкент вилояти халқ ...
31 март 2016
Қозоғистондаги парламент сайлови дастлабки натижаларига кўра, Президент Нурсултон Назарбоев етакчилигидаги «Нур Отан» партияси 82,15 фоиз овоз тўплаб ғалабага эришган. ...
29 май 2018
Фавқулодда вазиятлар ва соғлиқни сақлаш вазирлиги расмийлари туз бўронидан жабрланган Қорақалпоғистон ва Хоразм вилоятига учиб келишди. 29 май куни ...
5 октябр 2017
Президент Мирзиёев 30 сентябр куни Мактабгача таълим вазирлигини тузиш ҳақидаги фармонни имзолади. Фармонда, мамлакат бўйлаб боғчалар сонини кўпайтириш, мактабгача ...
Блоглар
9 сентябр 2024
Яқинда мияни ўрганиш бўйича йирик мутахассис Татяна Черниговская маърузасида аёллар бир пайтнинг ўзида ҳамма нарсага ...
10 август 2024
Ўзбекистонда бир арвоҳ кезиб юрибди. Бу Каримов арвоҳи. Ўзбекистон Каримов давридаги паранояга қайтиб матбуотдаги «арвох» ...
8 август 2024
«Арабистон тупроғида бола туғиш» мақсадидаги хотинлар ва уларни етаклаб кетаётган эркаклар. Арабистонда ўқилган шаърий никоҳга ...