Университетда коронавирус чиқди
Андижон давлат университетининг олти ходимида коронавирус аниқлангани ҳақида хабарлартарқалди. АДУдаги манбанинг “Элтуз”га айтишича, аслида касаллик юқтирган талаба ва ходимлар сони бундан ҳам кўп бўлиши мумкин.
Талабалардан бирининг вафот этгани ҳақидаги миш-мишга муносабат билдирган манба ҳозирча бу маълумот сир сақланаётганини маълум қилди.
АДУ ректори Акромжон Йўлдошевнинг сўзларига кўра, ҳозир таълим даргоҳига тиббий ниқобсиз кириш, бир-бири билан қўл бериб кўришиш тақиқланган.
“Кираётганда ҳар бир кишининг тана ҳароратини ўлчаш ва қайд қилиб бориш йўлга қўйилди. Дарс жараёнларида масофа сақлаш қатъий назоратга олинди. Университет ҳудуди ва барча бинолар СЭОМ ходимлари томонидан тўлиқ дезинфекция қилинди”, деган университет ректори Kun.uz сайтига.
“Элтуз” манбаси маълумотларига кўра, айнан тана ҳарорати ўлчанганда 30 нафар талабада иситма қайд этилган.
– Бироқ бу уларнинг барчаси коронавирусга чалинганини англатмайди. Ҳали тест натижаларини кутиш керак. Бу оддий шамоллаш ҳам бўлиши мумкин. Лекин университетимизда коронавирус аниқланган беморлар расмий эълон қилинган 6 тадан кўп. Улар асосан физика-математика факультети ҳамда Ахборот-ресурс маркази ишчи-ходимларидир. Ҳозир кутубхона ёпиб қўйилган, – дейди манба.
Куни кеча Андижон вилояти Халқ таълими бошқармасида коронавирус мавзусига бағишланган тезкор йиғилиш ўтказилган. Бошқарма бошлиғи Азизбек Миркомилов вилоятдаги барча умумтаълим мактаблари раҳбарларига ўз ҳудудларида карантин қоидаларини кучайтириш юзасидан топшириқлар берган.
Ҳозир вилоятдаги барча мактаблар кучайтирилган қатъий тартибда ишламоқда. Мактабларга бегоналар, ҳатто ота-оналарнинг ҳам кириши ман қилинган.
Айни пайтда Андижон шаҳри юқумли касалликлар шифохонасида коронавирусга чалинган 6 нафар бемор бор. Бу ҳақда навбатчи шифокорлардан бири маълум қилган.
Бироқ улар Андижон давлат университетининг коронавирусга чалинган ходимлари эмас, балки хорижда ишлаб қайтган бир оиланинг аъзолари экани айтилмоқда.