Асосий мавзулар
17 май 2021

Ўзбекистонда «муқаддас” тушунчаларга ҳурматсизлик учун ҳибс тенденцияси кучаймоқда

Ўзбекистонда яқинда бир қарашда арзимасдек туюлган, бироқ мамлакатда авж олган, ҳокимиятнинг барча бўғимлари, жумладан, президент томонидан қўллаб-қувватланаётган навбатдаги ҳуқуқий ўзбошимчалик ҳолати содир бўлди.

Воқеани таҳлил қилган «Азия Терра» нашрига кўра, Тошкент вилоятида 21 ёшли йигит бозордан харид қилган милиция формасини кийиб рақсга тушгани учун ҳибсга олинган ва ҳеч бир қонунбузарлик қилмаганига қарамай, унга 7 кунлик қамоқ жазоси тайинланган.

“Бу қонуннинг сурбетларча ва намойишкорона бузилиши ҳолати ҳақида 5 май куни Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати мамнуният билан хабар берди. Ушбу иш ягона шундай ҳодиса эмас ва у шу каби жазолашнинг бутун бошли тенденциясини акс эттиради”, дея ёзади «Азия Терра» нашри.

“Муқаддас” милиция формаси

Ички ишлар вазирлигининг хабарида ёзилишича, асли касби сартарош бўлган А. исмли йигит 2 май куни пойтахтдаги Янгиобод бозоридан ички ишлар идоралари ходимининг формасини сотиб олиб, ўзи ишлайдиган сартарошхонада уни кийиб, рақсга тушиб, ўзини видеога олган. Кейин видеони танишларига юборган.

ИИВ матбуот хизмати хабарида, шунингдек, йигитнинг ички ишлар ходимига қаршилик кўрсатгани билдирилган.

Тошкент вилояти жиноят ишлари бўйича Юқоричирчиқ тумани суди йигитни маъмурий қамоқ жазосига ҳукм қилган.

“Бу худди шу сингари илк ходиса эмас”, дея ёзади «Азия Терра» нашри. Ўзбек нашрлари февраль ойида ҳам айни каби воқеа ҳақида хабар тарқатган.

Сирдарё вилояти Мирзаобод туманида яшовчи, автомобиль ювиш шохобчасида ишловчи 26 ёшли Ҳасан Дўстов ҳам милиция ходими кийимини кийиб рақсга тушган. Бунинг учун у суд томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183 (безорилик) ва 209 – (вазирлик, идора ва ташкилот ходимлари формасини ноқонуй кийил) моддаларига биноан 8 кунлик қамоққа ҳукм этилган.

Дўстовнинг рақсини суратга олган Диёрбек исмли вояга етмаган йигит ҳам ҳибсга олинган ва унинг иши Мирзаобод  тумани ҳокимлиги ҳузуридаги вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссия томонидан кўриб чиқилган.

Ёшларнинг ҳаракатлари «жамоат жойларида юриш меъёрлари ва ахлоқий хатти-ҳаракатлар нормаларини бузиш», деб таърифланган.

Судда Диёрбек ижтимоий тармоқда кўпроқ «лайк» тўплаш учун милиционер формасидаги Ҳасан Дўстовнинг рақсини суратга олгани ва эндиликда қилган ишидан пушаймон эканини билдирган.

ИИВ хабарида ёш сартарошга нисбатан айблов моддалари эслатилмаган. Ҳасан Дўстов билан бўлган эпизодда эса улар қуйидагича таърифланган:

– 183-модда (майда безорилик). «Майда безорилик, яъни жамоат жойларида ахлоқсиз сўзлар билан ифодаланган, жамиятдаги ўзини тутиш қоидаларига қасддан менсимаслик, фуқароларни ҳақорат қилиш ва бошқа шу каби хатти-ҳаракатлар жамоат тартиби ва фуқароларнинг тинчлигини бузиш. Базавий иш ҳақи қийматининг учдан, беш қисмигача жарима ёки ўн беш кунгача маъмурий қамоқ жазоси қўлланилади»;

– 209 (1) – модда (вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар ходимлари формасини ноқонуний равишда кийиш). «Форма кийиш ҳуқуқи бўлмаган шахслар томонидан ҳарбий хизматчилар ва вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар хизматчиларининг ҳарбий, идоравий ва махсус кийимларининг тасдиқланган намуналарини кийиш. Форма мусодара қилиниб, базавий иш ҳақи қийматининг икки бараваридан беш бараваригача жаримага тортилади. «…

Ушбу моддаларнинг иккинчисида қамоқ жазоси назарда тутилмаган, шунинг учун ёшлар майда безорилик учун ҳибсга олинган.

«Бироқ ҳар иккала ҳолатда ҳам ушбу моддаларнинг қўлланилиши очиқдан-очиқ уйдирмадир», дея ёзади «Азия Терра».

Формани ноқонуний кийиш тўғрисидаги моддада НОҚОНУНИЙ КИЙИБ ЮРИШ ҳақида гап боради. Яъни уни кийиб олган одам ушбу бўлим ходими экани ҳақида таассурот қолдириши керак. Бироқ ҳибсга олинган ёшлар формани кийиб юришмаган, балки ўз иш жойларида уни кийиб рақс тушишган. Уларни қоралаш айнан шу формани кийган актёрларни қоралаш билан бир хил. Ҳуқуқий соҳада моддаларнинг эркин тавсифланиши мумкин эмас: агар моддада кийиниб юришни тақиқлаш ҳақида гап борса, демак, бу айнан кийиниб юришга оиддир – ундан бир неча дақиқага фойдаланиб, рақсга тушиш эса бошқа ҳолатдир.

Бунинг яна майда безорилик дея дея малакаланилиши бориб турган бемаъниликдир

Бу ерда айни моддада белгиланган «жамоат жойларида одобсиз сўзлар билан сўкиниш, ўзини тутиш қоидаларини қасддан эътиборсиз қолдириш» ёки «фуқароларни ҳақоратли таъқиб қилиш» ҳолати бўлмаган. Ёшлар хурсандчилик қилишган, лекин уларнинг ҳаракатларидан ҳеч ким жабрланмаган.

Милиция формасининг ўзига келсак, у Ўзбекистонда муқаддас дея саналмайди, аксинча, (жиноятчи «Эс-эсчи»лар формаси билан бир қаторда) кийим-кечак бозорларида эркин сотилмоқда. Шу билан бирга, ҳаттоки вояга этмаган Диёрбек ҳам судга тортилган, у шунчаки дўстининг рақсга тушишини видеога олган. Аммо видеога олиш мамлакатда жиноят ёки қоидабузарлик ҳисобланмайди.

«Тўғри, жиноят юз берган эди, лекин уни ҳибсга олинган ёшлар эмас, балки уларни мутлақо қонунга хилоф тарзда жазога ҳукм қилган ярамас судьялар содир этишганди. Ички ишлар вазирлигининг хабарларида уларнинг исмлари тилга олинмаслиги ҳам ажабланарли эмас.

Шундан келиб чиқиб, матбуот хизматининг сартарошнинг «қаршилик кўрсатгани» (у қайтиб ўқ узганми ёки устара билан ташланганми – ўзингиз ўйлаб кўринг) ва уни ҳибсга олишга мажбур бўлишгани ҳақидаги иддаолари ҳам ёлғондир», дея ёзади «Азия Терра».

Ҳайкалларни таҳқирлаш

Мақолада яна бир қанча шунга ўхшаш ҳолатлар мисол келтирилади.

Шуларнинг бири ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида май ойи бошларида Самарқанд шаҳрининг 24 ёшли фуқароси Иномжон Пардаев Алишер Навоий ҳайкали ёнига бориб қилиқ кўрсатгани ва бақириб, уни «каламуш» деб атагани ҳақидаги видео билан боғлиқ.

11 май куни Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси Иномжон Пардаев ва видеотасвирчи ушбу жинояти учун 15 кунлик қамоқ жазосига ҳукм этилганини эълон қилди. Бундан ташқари, ҳибсга олинганидан сўнг Пардаев халқдан кечирим сўраб видеомурожаат чиқарди.

Суд жараёнида олинган ёзувлардан кўринадики, вақтинча қамоқдан ташқари, Пардаев «маданийлашиш асносида», ёдгорлик ёнидаги видеосида кўринган соқолидан ҳам ажралган.

«Қайд этиш жоиз, йигит маймун каби ўта хунук қилиқ кўрсатганига қарамай, ҳеч қандай «ҳуқуқбузарлик» содир қилмаган. 15-асрда, бошқа бир мамлакатнинг Ҳирот шаҳрида яшаган шахс ёдгорлиги ҳуқуқий субъект бўлиши ва шунинг учун жабрланувчи сифатида тан олиниши мумкин эмас. Демак, Пардаев каби «кўчада қийшайиб юргани» ёки «ҳаводан эркин нафас олгани» учун ҳар бир одамни ҳибсга олиш мумкин. Тасвирчига чиқарилган ҳукмни эса милиция судлов терроридан бошқа нарса деб аташ қийин.

Юқорида тавсифланган ҳолатларда жиноят содир этилган, аммо уларни тағин ёшлар эмас, балки ички ишлар органлари ходимлари ва судья (Жиноят кодексининг 231-моддаси – «Асоссиз ҳукм, қарор, ёки ажрим чиқариш») содир этган. Бу ҳақда фахр билан хабар берган Ички ишлар бошқармаси вакилларига келсак, улар содир этилган жиноятни тарғиб қилиш соҳасида жонбозлик кўрсатишган», дея ёзади «Азия Терра».

Хоразмдаги сумалак

Жирканч судловга яна бир мисол тариқасида мақолада март ойида Ўзбекистоннинг Хоразм вилоятидаги суд жараёни эсланади.

21 март куни ижтимоий тармоқларда саккизта аёлнинг сумалак тайёрлаётгани видеоси тарқалди, улардан бештаси жуда очиқ кийимда кўриниш беришган эди.

Суратга олинган саҳна ижтимоий тармоқларда қаттиқ танқид қилинди. Баъзилар видео иштирокчиларини йўқ қилиш билан таҳдид қила бошлашди. Бошқа интернет фойдаланувчилари эса «қандай кийиниш ҳар кимнинг иши», дея ярим яланғоч қизларни ҳимоя қилишди.

Кейинчалик «Хоразм вилояти фаоллари қизларга нисбатан чора кўриш талаби билан судга мурожаат қилишди», деган хабар тарқалди. (Эътибор беринг – уларга таҳдид қилганларга қарши эмас.)

22 март куни Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси тергов бошланганини маълум қилди. Ўша куни «шоу» иштирокчилари сўроққа чақирилди. Маълум бўлишича, аёллар «Саҳара» тунги клуби раққосалари бўлиб, видео Наврўз байрамидан бир кун олдин, 20 март куни суратга олинган.

“Сумалакни бошқа аёллар пиширган. Клубдаги рақслар орасидаги танаффус пайтида қизлар сумалак қозонига бориб, селфига тушишган. Кейинчалик видео интернетга тарқалди», дея хабар беради ИИБ вакили.

Бунинг ортидан «ҳуқуқ посбонлари» раққосаларга қарши «майда безорилик» моддаси юзасидан иш қўзғашган. Ҳолбуки, ушбу моддада кўрсатилганидек, улар «одобсиз сўзларни ишлатишмаган», атрофдагиларга тегажоғлиқ ҳам қилишмаган эди.

Келаси куни, 23 мартда эса Хоразм вилояти жиноят ишлари бўйича Урганч шаҳр исуди қарор қабул қилди: шоу иштирокчиларининг барчаси айбдор деб топилди, учта аёл – 15 кунлик қамоқ, қолганларининг ҳар бирига 1,2 миллион сўм (қарийб 114 доллар) миқдорида жарима солинди. Ҳибсга олиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлаш тўғрисида қарор қабул қилганда судья учта аёлнинг кичик болалари борлигини ҳисобга олди.

«Қонунбузарлар ўзларининг ноқонуний хатти-ҳаракатларини англаб етганликлари ва қилган ишларидан афсусланишларини билдиришди», дейилади Хоразм телеканалининг хабарида. Видеотасвирга олинган саҳна «ўзбек миллати, ўзбек аёлининг ор номусига зид», дея таърифланган.

Ҳибсга олинганлардан бири кейинчалик оммавий ахборот воситалари учун интервью берди. У айни видеонинг тарқалиши сабабли ишсиз қолиб кетгани, уни ижарага олинган квартирасидан чиқариб юборишгани ва «эҳтимол у энди фоҳишалик билан шуғулланишга мажбур бўлиши» ҳақида гапирган. Бу сўзлар «шараф» ва «мувофиқлик» ҳақидаги сўзларга қанчалик тўғри келади.

«Шундайми ёки бошқача бўлганми, раққосаларнинг намойишкорона, ноқонуний ва жиноий тарзда сазойи қилинганини ҳеч нарса инкор эта олмайди», дея таъкидлайди «Азия Терра».

Тармоқдаги кўплаб шарҳловчилар бунга эътибор беришади:

«Видеода ҳеч қандай қонунбузарликлар йўқ, у фақат табрик ва қувончли рақс ифодасидир»;

«Хўш, улар ярим яланғоч ҳолда сумалак пиширишган бўлса, нима бўлибди? Ҳа, [гарчи] бутунлай яланғоч бўлиб олиб бўлса ҳам пиширилсин, фақат шири бўлсин”;

«Мана, сенатор аёл юксак минбардан туриб гапирган гендер тенгликнинг натижаси»;

«Ўзлари хоҳлаганча кийиниш – бу уларнинг тўлиқ конституциявий ҳуқуқидир. Бунинг учун ҳеч қандай қонунда жавобгарлик кўзда тутмаган. Худди шу тарзда, сиз Чорвоқда (Тошкент яқинидаги курорт жой – таҳр.) дам олаётган ёки сузиш ҳавзаларида юрган барча одамларни 15 сутка қамашингиз ёки  жарима ёзишингиз мумкин»;

“Қизларнинг «ярим яланғоч» бўлиб сумалак пиширишининг нимаси ёмон? Бу билан улар кимни ва қандай қилиб хафа қилишди? Бу ерда диний асос йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас, Наврўз исломий байрам эмас. Агар улар, масалан, бундай кийимда кабоб қилишган бўлса, улар ҳам жавобгар бўладими? Мамлакатдаги жоҳиллик ва тушунчаларнинг алмашиб қолишимасми бу? »;

«Ярим яланғоч? Улар чўмилиш кийимида бўлишган. Агар сиз ахлоқ билан курашаётган бўлсангиз, у ҳолда кўпхотинликни муҳокама қилинг. 20 ёшли қизлар «иккинчи хотин» бўлиб, бошқаларнинг 50 ёшли эрлари билан турмуш қурмасдан яшамоқда. (…) Биз дунёвий демократик жамиятмизми? Тош асрига қайтмоқчимисиз? «

«Ва яна суд ҳакамларининг номлари келтирилмаслигига эътибор қаратсак. Ички ишлар вазирлиги уларнинг жиноятчи эканликларини яхши билади ва шу сабабли уларнинг исмлари ошкор этилмаслигига ҳаракат қилади» дея хулоса ясайди «Азия Терра».

Намойишкорона қонунсизлик

Шунингдек, 2020 йил апрель ойида учта ёш блогер – Камола Мажидова, Умид Ҳамидов ва Ўлмасбек Разиқов жазоланди. Улар ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳридаги Амир Темур майдонида карантин пайтида ниқобсиз юрганликлари видеосини жойлаштирдилар. Камера олдидаги қиз қўлида ниқобни ушлаб, ўрта аср ҳукмдори ёдгорлигига мурожаат қилиб, ундан: «Амир Темур дода, коронавирус қачон Ўзбекистонни тарк этади?» деб сўрайди.

Улар 7 апрель куни ҳибсга олинган. Ўша пайтда ходимларнинг бошқа қиладиган иши ҳам йўқ бўлса керак, уларни Юнусобод тумани маъмурий судига олиб боришган.

Маълум бўлишича, уларга нисбатан эпидемияга қарши курашиш қоидаларини бузиш ва майда безорилик бўйича иш қўзғатилган. Суд ёшларни 15 кунга қамаш ва базавий қийматнинг 5 баробари (1 115 000 сўм ёки 117 АҚШ доллари) миқдорида жаримага ҳукм қилди, дея хабар берди Ўзбекистон Олий суди матбуот хизмати.

Хабарда тушунтирилишича, ҳибсга олинганлар карантин қоидаларини бузиб, жамоат жойларига ҳимоя ниқобларисиз чиқишган. Темур ёдгорлигига оид масалани эса суд «тарихий шахсга» ҳурматсизлик дея ҳисоблаган. Бундан ташқари, «жамиятдаги хулқ-атвор қоидаларини қасддан эътиборсиз қолдириш ифодаланган ҳаракатлар акс этгани» билдирилган.

Тез орада яна бир ҳибс амалга оширилди. 2020 йилнинг 8 апрелида 21 ёшли блогер Ҳайдар Алиев (Gonzogeidar) Тошкентда «карантин пайтида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг ҳаракатларини масхара қилгани» учун етти кунга ҳибсга олинди. Бу ҳақда пойтахт Ички ишлар бош бошқармаси хабар берди. Матнда муаллиф «ички ишлар органлари ходимларининг ишини масхара қилиш учун одобсиз сўзларни ишлатганлиги» таъкидланган.

Қонунбузарга «Майда безорилик» бўйича етти кунлик маъмурий қамоқ жазоси тайинланган. Судьянинг исми тағин яширилмоқда.

«Биз санаб ўтган барча судлов ҳолатларининг қонунийлик билан ҳеч қандай алоқаси йўқ. Нари борса, «қонунбузарлар»ни ниқобсиз юргани учун жаримага тортиш мумкин (лекин Ўзбекистон Президенти ҳам ниқобсиз юради, шунинг учун бу бошқа фуқароларга ҳам тақиқланмаган).

Темур ҳайкалини жабрланган деб ҳисоблаш мумкин эмас, чунки у жонли одам эмас. Ўзбекистон қонунчилигида, забт этилган шаҳар аҳолиси каллаларидан миноралар қурган, қулликка маҳкум қилган, Хоразмдай бутун бошли мамлакатни ер билан яксон қилган саркарда ҳайкалига мурожаат қилиш тақиқлангани айтилмаган», дея ёзади «Азия Терра».

Мақолага кўра, блогер Алиевнинг ишида ҳам ҳеч қандай безорилик йўқ. Киноя қилиш жиноят ёки ҳуқуқбузарлик эмас.

Таъкидлаш керакки, «сиёсий маҳбус» тушунчаси умуман қабул қилинмаган бўлса-да, Шарқий Европадан бир гуруҳ инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари, шу жумладан, Россиянинг «Мемориал» инсон ҳуқуқлари маркази вакиллари бу тушунчанинг халқаро таърифига асосланиб қўлланма ишлаб чиқишган. Ушбу ҳужжатга мувофиқ, озодликдан маҳрум қилинган шахс, агар қуйидаги омиллардан камида биттаси рўй берган бўлса, сиёсий маҳбус ҳисобланади:

a) озодликдан маҳрум қилиш адолатли суд қилиш ҳуқуқини, фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт ёки инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ҳимоя қилиш бўйича Европа конвенцияси томонидан кафолатланган бошқа ҳуқуқ ва эркинликларни бузган ҳолда қўлланилган бўлса;

б) озодликдан маҳрум қилиш тахмин қилинган жиноят тўғрисидаги далилларни сохталаштириш ёки ҳодиса ёки жиноят таркиби бўлмаган тақдирда ёки уни бошқа шахс томонидан содир этилганига асосланган бўлса.

Кўриб турганингиздек, ушбу икки нуқта рўйхатдаги псевдосуд жазоларини фуқароларга қарши қаратилган мафкуравий сабабларга кўра репрессия сифатида тан олиш учун етарли ва жазонинг қисқа муддатларига қарамай, уларга шундай бахо бериш керак. Шунга кўра, бундай ноқонуний ҳибсга олинган одамлар – рақсга тушган сартарош, хоразмлик раққосалар ва бошқалар – қанчалик ғайриоддий кўринмасин, сиёсий маҳбуслар дея тан олиниши керак.

Тағин ўқинг
6 апрел 2020
Ижтимоий тармоқнинг ўзбек сегментида “Отарчилар, йўталинг”, “Озодбек, дай миллион” деган челленжларга жавобан “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси ахборот хизмати билдирги чиқарди. ...
30 сентябр 2022
Азиз оға ини, опа сингил қадрдонларим. Мана хафта айланиб сиз билан биргаман.МС. Туз оға, сизам шу тармоқда дим кўп ...
4 март 2021
Андижон шаҳрининг йиллар давомида эътиборсиз қолган кўчалари обод қилина бошланди. Чуқурлар ямалиб, лой кўчаларга асфальт ётқизилмоқда. Эски канализация қувурлари ...
14 апрел 2018
Россия Давлат думаси 13 апрель куни АҚШнинг навбатдаги санкцияларига жавоб лойиҳасини тайёрлади. Interfax хабарига кўра, қонун лойиҳасида АҚШ ширкатларини ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...