Асосий мавзулар
24 декабр 2021

Андрей Кубатиннинг етарли миқдорда товон пули олмаганидан норози яқинлари апелляция шикояти ёзди

Ўзбекистонлик шарқшунос олим, марҳум Андрей Кубатиннинг опаси Клара Сахарова 16 декабрь куни Тошкент шаҳри Учтепа судига апелляция шикояти топширди. Бу ҳақда у “Элтуз”га 20 декабрь куни маълум қилди.

26 ноябрь куни фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро суди судьяси Н.Муродовнинг ҳал қилув қарори билан Клара Сахарова ва унинг онаси Алевтина Кубатинанинг судланувчи – пойтахт ҳокимлиги молия бош бошқармасига нисбатан фуқаролик даъвоси кўриб чиқилиб, қисман қаноатлантирилганди. 

Суд марҳум олимнинг опаси ва онасига етказилган маънавий-моддий зарар миқдорини 50 миллион сўм (қарийб 4700 АҚШ доллари) этиб белгилади. Ҳолбуки, улар 1 миллиард 750 миллион сўм (164 300 доллардан ортиқ) товон пули сўраганди, деб ёзди asiaterra.info нашри.

Бундан олдин ҳам Клара Сахарова ва яқинлари мазкур масалада кўп бора судлашган. Бу судлар қарорларини эса марҳум олимнинг хотирасига беҳурматлик ва унинг яқинлари устидан кулиш, деб бемалол баҳолаш мумкин.

Хусусан, 2020 йилда Ҳарбий суд 2,5 йил давомида ноҳақ қамоқда ўтирган Андрей Кубатинга етказилган моддий зарарни 462 минг (45 доллар) сўм баҳолаганди. Бу сумманинг ҳам 446 минг сўми давлат божи, 16 минг сўми почта харажатлари учун тўланиши белгиланганди. 

Учтепа судининг 26 ноябрдаги қарорини ҳам Клара Сахарова инсон қадрини топташ сифатида қабул қилди.

“Укам ноҳақ қамалгани сабабли бизга маънавий ва моддий зарар етди. Андрейнинг ноҳақ қамалиши ортидан онам саратон касалига чалингани (унда бошқа сурункали касалликлар “тўплами” ҳам бор) бутун оиламизни ҳолдан тойдирди. 

Менда бош мия кистаси аниқланди. Аҳволимни яхшилашга қаратилган ҳар қандай амалиёт бизнинг қурбимиз етмайдиган жуда катта харажатларни талаб қилади”, дейди Клара Сахарова. 

У таслим бўлмоқчи эмас ва бу масалада охиригача бормоқчи.

“Бошқача бўлиши мумкин эмас. Қарамоғимда болаларим ва касал эримдан ташқари кекса, касалманд онам бор. У боқувчиси-ўғлини йўқотгани ва турли операциялар қилингани оқибатида мустақил ҳаракат қила олмайдиган бўлиб қолган, ногирон.

“Укамни ўлдиришди, ҳеч бўлмаса, бахтимга онам кўпроқ яшасин. Уни доимий даволаб туриш ва реабилитация қилишга қанча пул кетишини аниқлаштириш шарт бўлмаса керак”, дейди марҳум олимнинг опаси.

16 декабр куни Клара Сахарова Учтепа судига апелляция шикояти бериш учун келганида, юқорида тилга олинган судья Муродов ундан ҳайрон бўлиб сўраган: “Нима, сизга мана шу 50 миллион ҳам кўплик қиляптими?”.

Унинг сўзларига кўра, 50 миллион сўм саратонга чалинган беморнинг соғлиғини бир йил сақлашга ҳам етмаслиги, онасига муносиб маблағ кераклиги ҳақида эътироз билдирмоқчи бўлганида, Муродов: “Топширинг, топширинг, ўша ердамисиз. (Апелляция комиссияси аввалги суд қарорини ҳам) бекор қилади, сиз ҳатто бир сўм ҳам олмайсиз”, деган.

Ўзбекистонлик шарқшунос олим Андрей Кубатин 2017 йил декабрда Жиноят кодексининг 157-моддаси (“давлатга хиёнат”) бўйича айбдор топилиб, 11 йилга озодликдан маҳрум этилган эди. Тергов уни махфий материаллар нусхаларини Турк ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (ТИКА) раҳбари Сулаймон Қизилтупроққа минг доллар эвазига ўтказганликда айблаган. 

2018 йилнинг май ойида жамоатчилик, халқаро ҳуқуқ ҳимоячилари ва академик дунё босими, жумладан, ўзбекистонлик ҳамкасблари кўмаги остида Андрей Кубатиннинг қамоқ муддати 5 йилга қисқартирилган эди.

Фан ва инсон ҳуқуқлари ҳамжамиятининг узоқ ва қатъий талабларидан сўнг 2019 йил 26 сентабрь куни у жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти суди томонидан оқланди ва озодликка чиқди. 

Андрей Кубатин ўлимидан бироз олдин тўлиқ реабилитация қилинган (у 2 йил 6 қамоқда сақланган). У ўтган йил 29 октябрда коронавирус асоратлари оқибатида (аслида ноқонуний таъқиб ва қамоқхоналарда олган жароҳатлари туфайли тана заифлашуви сабаб экани айтилади) 36 ёшида Тошкентда вафот этган эди. 

Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳри судида 17 сентябрь куни бўлиб ўтган апелляция маҳкамасида (раислик қилувчи – судья Зиганшина) олимнинг беваси Феруза Жуманиёзова ва унинг отасиз қолган 10 ёшли ўғли Элбарсга аввалги суд қарори билан белгиланган товон пули миқдорини ошириш тўғрисида қарор қабул қилди. 

Товон пули миқдори аввалги 30 миллион сўмдан 150 миллион сўмгача (қарийб 15 минг АҚШ доллари) кўтарилди.

Тағин ўқинг
13 январ 2023
Ўзбек киноси шимолдаги «уришқоқ» давлат эмас, балки Гарбдаги тараққийпарвар давлатлар билан ҳамкорлик қилаётгани қувонарли ҳолдир. Сал олдин ВГИКнинг филиали ...
7 декабр 2021
1 декабрдан 2 декабрга ўтар кечаси Урганчда Жалолиддин Мангуберди ҳайкали бузиб ташланди. Шу куни унинг демонтаж қилинган ҳайкали 53-008-ҳарбий ...
24 март 2018
Фарғонанинг Қўштепа туманидаги лўлилар яшайдиган маҳаллада эшак сўйиб сотиш саноат миқëсида амалга оширилган. Шу йилнинг март ойи ўрталарида «Элтуз»га ...
13 октябр 2020
3 октябрда Навоий вилоятининг Қизилтепа тумани “Янги ҳаёт” маҳалласи ҳудудида жойлашган фермер хўжалиги раҳбари Ж.Н. ишчиси С.Ш.ни сазойи қилиб, ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...