Document UZ
16 март 2018

Гулнора Каримованинг «чўнтаги» озодликка чиқарилмоқда

Ўзбекистон собиқ президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг яқинлари орасида унинг «чўнтаги» сифатида танилган шахс – Журъат Мелиқулов қамоқдан бутунлай озод этилиш арафасида турибди.

Журъат Мелиқулов © eltuz.com

Бу ҳақда “Элтуз”га хабар қилган Ўзбекистон Бош прокуратурасининг юқори лавозимли мулозимига кўра, 54 ёшли Журъат Мелиқулов февраль ойида Қаршидаги 64/49-жазони ижро этиш колониясидан Пскентдаги 64/75-манзил колонияга ўтказилган.

Журъат Мелиқулов 2012-2013 йиллар оралиғида Фарғона нефтни қайта ишлаш заводидан 100 миллион АҚШ долларидан кўпроқ маблағни ўзлаштиришда айбдор деб топилиб, 2014 йилнинг 20 августида жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳри суди томонидан 15 йилга озодликдан маҳрум этилганди.

Бош прокуратура ходимининг айтишича, халқ орасида ФНПЗ номи билан машҳур Фарғона нефтни қайта ишлаш заводининг собиқ тижорий директори Журъат Мелиқулов яқин келажакда бутунлай озод бўлиш учун бор имкониятларини ишга солмоқда.

Унинг илова қилишича, март ойи бошида Пскентдаги манзил колония раҳбарияти Мелиқуловдан президент номига кечирим номаси ёздириб олган.

Журъат Мелиқуловнинг давлатга етказган моддий зарари қоплангани йўқ.

ФНПЗни ўпирган “ишбилармон”

Тошкентдаги Мелиқуловга тегишли кўчмас мулклар. © eltuz.com

“Элтуз” Мелиқулов ва яна беш нафар шахс устидан олиб борилган 1-472/2014 рақамли жиноят иши хулосасини қўлга киритишга муваффақ бўлди.

Унга кўра, Тошкентнинг Шайхонтоҳур туманида истиқомат қилган Журъат Мелиқулов ФНПЗда масъул вазифаларни бажарган беш киши билан бирга “жиноий тил бириктирган ва ўз вазифаларини суиистеъмол қилган ҳолда… ФНПЗ пул маблағларини тизимли тарзда ўмариш, пора олиш, Ўзбекистон иқтисодий манфаатларига зид равишда битимлар тузиш ва йирик миқдордаги солиқлардан бўйин товлаш билан шуғулланган”.

Ўзбекистон Бош прокуратураси ходимига кўра, ФНПЗ тижорий директори бўлган Журъат Мелиқулов 2012-2013 йилларда нефтдан олинган даромаддан ҳар ой Гулнора Каримованинг шахсан ўзига 10 миллион АҚШ доллари, шунингдек, Гулнора Каримованинг фуқаровий эри Рустам Мадумаровга 8 миллион доллардан етказиб турган.

Жиноят иши хулосасида Гулнора Каримова ва Журъат Мелиқулов ўртасидаги ҳамкорлик ҳақида лом-мим дейилмаган, фақат Мелиқуловнинг “тергов пайтида исми аниқланмаган шахслар” билан ҳамкорлик қилгани қайд этилган.

Аммо жиноят иши хулосасида Рустам Мадумаров ва Журъат Мелиқулов ҳамкорлигига алоҳида тўхталиб ўтилган.

Унда бундай дейилади:

“2012 йил октябридан Р.Мадумаров топшириғи билан ФНПЗда ишлай бошлади. Бунинг учун Мадумаров ундан ҳар ой 8 миллион доллар тўлаб боришни талаб қилди”.

Жиноят иши хулосасидан маълум бўлишича, Рустам Мадумаров Журъат Мелиқулов ва унинг шерикларига ички бозорни нефть маҳсулотлари билан таъминлаш учун ФНПЗ дўконларини очишга топшириқ беради.

Ўз навбатида, Журъат Мелиқулов харидорлардан нефть маҳсулотлари учун “шапка” олиш тизимини йўлга қўяди.

Журъат Мелиқўзиевнинг «Элтуз» ўрганган жиноят иши хулосаси нусхаси. © eltuz.com

Жумладан, шамларнинг бир тоннаси учун 500-600 доллар, бензиннинг бир вагони учун 2000-2500 доллар, дизель ёнилғиси учун тоннасига 200-250 доллар, экстракцион бензиннинг бир тоннаси учун 100 доллар миқдорида “шапка” олинган.

“Олинган пул маблағларини у (Журъат Мелиқулов) ўз шахсий автомобилида Тошкент шаҳрига келтириб, Р.Мадумаровга ёки унинг ёрдамчиларига топширган. Пулни бериш жойлари “Мерси” ва «Сарбон» ресторанлари, шунингдек, Р.Мадумаровнинг Ўзбекистон Республикаси ИИВ ёнидаги офиси бўлган,” дейилади жиноят иши хулосасида.

Бундан ташқари, техник мойлардан олинган “шапка”нинг бир қисми Рустам Мадумаровга қарашли “Таъминот Ойл ММП” (Ta’minot Oil MMP) офшор ширкати ҳисобига ўтказиб борилган.

2014 йил май ойида Рустам Мадумаров одам ўғирлашда айбдор деб топилиб, Ўзбекистон Ҳарбий суди томонидан 9 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Гулнора Каримова ҳам 2015 йилда солиқ тўлашдан бош тортиш каби айбловлар билан 5 йилга озодликдан маҳрум этилгани ҳақида Ўзбекистон Бош прокуратураси маълум қилган.

Бош прокуратура Гулнора Каримовага нисбатан иккинчи алоҳида жиноят иши очган ва айни дамгача тергов ишлари ниҳоясига етгани йўқ.

“Чўнтак” яширган мол-мулк

Тошкентнинг Ойбек метроси яқинидаги Мелиқуловга тегишли иккинчи офис биноси. © eltuz.com

«Элтуз» бир ойча давом этган текшируви давомида Журъат Мелиқуловга алоқадор ширкатлар ва мол-мулкларнинг баъзиларини аниқлашга муваффақ бўлди.

Улар қуйидагилардан иборат:

  • Тошкент шаҳри, Ойбек метроси яқинидаги 4 қаватли офис;
  • Тошкент шаҳри, Тарас Шевченко кўчасидаги EVO кўп қаватли биноси;

  • Дубайнинг «Палма» оролидаги қимматбаҳо вилла;

  • Москванинг «Малина Роша» мавзесидаги 7 қаватли бизнес маркази;

  • Stamford Capital Lnc офшор ширкати (бу ширкатда Журъат Мелиқуловнинг қанча маблағи сақланаётгани маълум эмас)

ФНПЗ

Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи ёнилғи-мойлаш материалларини чиқарадиган Марказий Осиёдаги энг йирик корхоналардан бири ҳисобланади.

“Ўзнефтмаҳсулот” акциядорлик компаниясининг “Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи” унитар шўъба корхонаси нефтни қайта ишлаш соҳасидаги ёқилғи-мой ишлаб чиқариш бўйича деярли барча турдаги нефть маҳсулотлари ишлаб чиқаришга қодир бўлган 35 технологик қурилмани ўз ичига олади.

Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи ўзининг 55 йиллик фаолияти давомида 60 хилдан ортиқ нефть маҳсулоти ва халқ истеъмол молини ишлаб чиқарган

Рустам Аҳмедов
“Элтуз”нинг Тошкентдаги мухбири
eltuz.com

Тағин ўқинг
11 июл 2017
3 июл куни Бешариқ марказий шифохонасига келтирилган 25 ёшли аёл вафот этди. Бу ҳақда Элтуз нашрига мурожат этган аёлнинг ...
28 сентябр 2016
Ўзбек халқининг буюк шоири Рауф Парфи 1943 йилнинг 27 сентябрида туғилган эди. Ушбу сана муносабати билан унинг яқин дўстларидан ...
22 феврал 2017
63 ёшли сиёсий маҳкум Муҳаммад Бекжон қамоқ муддатини тўлиқ ўтаб бугун озодликка чиққани инсон ҳуқуқи фаолларининг қувончига сабаб бўлмоқда. ...
17 ноябр 2020
Тошкентнинг шовқин-суронидан қишлоғимнинг сокин ва чанг кўчалари томон сафарга отландим. Йўллар ўйдим-чуқур. Узо-о-о-оқ йўл юракни оздириб юборади. Камига ёмғир ...
Блоглар
11 май 2024
1944 йилнинг 11 майида Сталин барча қрим татарларини Қримдан сургун қилиш ҳақидаги машъум қарорни имзолади. ...
6 май 2024
Ҳайрли кун! Урганч шаҳрида яшайман. Бугун қуйидаги воқеа юз берди: мен автобусда телефонда гаплашиб тургандим. ...
30 апрел 2024
1990 йилнинг 30 апрелида мустақил Ўзбекистон тарихидаги илк демократик партия – «Эрк»нинг таъсис қурултойи бўлиб ...