• Фото: Чапда Шокир Ашуров, ўнгда пора билан қўлга олинган адвокат Абубакир Тошев
Document UZ
5 март 2020

Собиқ терговчи ДХХ ходимлари босими туфайли мамлакатдан чиқиб кетганини иддао қилмоқда

Самарқанд тумани ички ишлар бўлими собиқ терговчиси, милиция катта лейтенанти 34 яшар Шокир Ашуров ДХХ ходимлари унга қарши туҳмат уюштириб, жиноят иши очгани, шу боис мамлакатдан чиқиб кетишга мажбур бўлганини айтмоқда.

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд тумани суди қарорига кўра, 2018 йил 20 августида Ашуров таъмагирлик ва катта миқдорда пора олишда айбдор деб топилган ва 1 йил 10 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм этилган.

Суд ҳужжатларига кўра, Шокир Ашуров “Сиёб” адвокатлар ҳайъати адвокати Абубакир Тошев орқали “ишни гумонланувчи фойдасига ҳал қилиш ваъдаси билан” вилоят СЭС бошлиғи Абдуҳалим Ашуровдан 40 миллион сўм (ўша кунги давлат курси бўйича 5000 доллар) пора олишда айбланган. 

Бироқ “Элтуз” мухбирига интервью берган собиқ терговчи унга очилган ишда қалбаки далиллар қўлланилгани ва қўйилган айблар мутлақо асоссиз эканини иддао қилмоқда.

Собиқ терговчи Шокир Ашуров

СЭС бошлиғининг пора таклифи

Терговчи Шокир Ашуровнинг “Элтуз” мухбирига айтишича, 2018 йили унинг қўлига коррупцияда гумон қилинган Самарқанд вилояти СЭС (санитария-эпидемиология станцияси) бошлиғи Абдуҳалим Ашуровга тааллуқли жиноят иши келиб тушади. 

Дастлабки суриштирув маълумотларига таяниб, Шокир Ашуровнинг “Элтуз”га билдиришича, Абдуҳалим Ашуров СЭСга қарашли 1 гектар давлат ерини 70 минг долларга сотгани, шунингдек, мансаб ваколатидан фойдаланиб фуқароларга катта миқдорда зарар етказгани аниқланган. 

“Мен шу пулларнинг эгаларига қайтарилишини ундан 3-4 марта талаб қилганман. Бир марта у қўлида қора рангли пакет билан олдимга келди. Саломлашганимдан сўнг менга «Хонангизга бир кирайлик, сизга гапим бор», деди. Шунда мен унга «Менинг сиз билан алоҳида гаплашадиган гапим йўқ, сиз бориб моддий зарарни тўланг, менинг олдимга ҳимоячингиз билан бирга келинг, мен сизга зарарни тўлаш учун баённома расмийлаштириб бераман», дедим. Абдуҳалим «Илтимос, хонангизга бир кирайлик, гапим бор», деб туриб олди. Унга рўйи-рост «Нима, сиз менга пора таклиф қилмоқчимисиз, мен ҳозир раҳбариятимни чақираман», дейишим билан у орқасига қараб кетиб қолди”, дея эслайди Шокир Ашуров “Элтуз” мухбири билан суҳбатда.

Прокуратура терговчиси Жаҳонгир Убайдуллаев ва у имзолаган ашёвий далиллар ҳақидаги ҳужжат

Диктофон ва белгили пуллар

Суд ҳужжатларига кўра, Самарқанд вилояти СЭС бошлиғи Абдуҳалим Ашуров 2018 йилнинг 11 июлида терговчи Шокир Ашуров жиноят ишини унинг фойдасига ҳал қилиш учун ундан пора сўраганини айтиб, ДХХ вилоят бошқармаси бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилган. 

ДХХ терговчи Ашуровни пора билан қўлга тушириш учун гумонланувчини диктофон ва махсус сиёҳ билан пора деган ёзув ёзилган пуллар билан таъминлаган.

ДХХ Самарқанд вилояти бошқармаси оператив бўлими ходими капитан Р.Мелиев ва СЭС бошлиғи Абдуҳалим Ашуров ўртасида диктофон топшириш ва қабул қилиш бўйича жами 6 та баённома 3 нафар турли шахс томонидан тўлдирилган.

Бироқ 2012 йилдан буён терговда ишлаётган ИИБ катта лейтенанти Шокир Ашуров “Элтуз”га ДХХнинг бу тузоғи амалга ошмаганини айтади:

“2018 йилнинг 28  июли эди. Соат тахминан 10.30 ларда олдимга ҳимоячи Абубакир Тошев ва гумонланувчи Абдуҳалим Ашуров келишди. Мен атай хонамдаги камерани ёқиб қўйдим ва улар жиноят иши материаллари билан танишдилар. Шу вақтда гумонланувчи Абдуҳалим Ашуровдан “Нима учун мени ДХХ ходимларига пора билан ушлаб бермоқчи эдингиз”, деб сўрадим, шунда у ўзини жиннига солиб “Бошим оғрияпти, бошим оғрияпти, сув беринглар, мазам бўлмаяпти”, деб хонадан чиқиб кетди”.

Лекин, Шокир Ашуровнинг иддаосига кўра, натижадан қаноатланмаган ДХХ Самарқанд вилояти бошқармаси тезкор вакиллари билан тил бириктирган Абдуҳалим Ашуров айни пора бериш амалиётини энди ўзининг адвокати Абубакир Тошевга қўллашади. 

2018 йилнинг 31 июлида адвокат Тошев ўз хонасида Абдуҳалим Ашуров томонидан гўёки терговчи Ашуров учун аталган  5000 доллар билан қўлга олинади. 

ДХХ тезкор гуруҳи вакили Мирзобек Маҳмудов ва ДХХ гуруҳи белгилаган пуллар экспертизаси

Сохталаштирилган аудиоёзувлар

Шокир Ашуров ДХХнинг унга қарши далиллари сохталиги ҳақида гапираркан, жиноят ишига пилингация қилинган аудиоматериаллар ўрнига таҳрир қилинган СД дисклар тиркалганига эътиборни қаратади.

Ҳозирда Нидерландияга яшаётган ва қурилиш корхоналаридан бирида бўёқчи бўлиб ишлаётган собиқ терговчиси Шокир Ашуров коррупцияга ботган ДХХ ходимлари ўз фаолиятларига халақит қилмаслиги учун ўзини атай чиқариб юборганини ҳам иддао қилади.

“Элтуз” юқоридаги жиноят ишини ўрганган Самарқанд прокуратураси органлари ишонч телефонларига 2-4 март кунлари қўнғироқ қилди.

ДХХ тезкор гуруҳи вакилларининг контактларини топишга ва жиноят ишининг бошқа гувоҳлари билан боғланишга ҳам ҳаракат қилди. 

Бироқ «Элтуз» ҳозирча улардан бирор жавоб ололгани йўқ. Демак, мавзу иккинчи тараф учун ҳам очиқ қолади. 

Eltuz.com

Тағин ўқинг
9 сентябр 2019
Ўзбекистоннинг энг машҳур меҳмонхонаси анча арзон нархда сотувга қўйилганига бир неча ой бўлганига қарамай, шу пайтгача унинг харидори топилаётгани ...
17 июн 2019
Бош прокуратуранинг Андижонда беш нафар аёлнинг алдов қурбонига айланишига сабаб бўлган мутасаддиларни интизомий жавобгарликка тортиш ҳақидаги тақдимномаси аслида вилоят ...
10 май 2017
Андижон вилоятидаги туман мактаблари ходимлари йўл бўйида жойлашган аҳоли хонадонларини тозалашга бириктирилган. Ўқитувчиларнинг маълумот беришича, бу юмушларнинг барчаси хокимият ...
5 август 2019
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев сўнгги вақтларда халқнинг чексиз ғазабига дучор бўлаётган буз-бузларда ўзининг айби йўқлигини билдирди.  Давлат раҳбари уй-жойлар ...
Блоглар
30 март 2020
Туман марказига бориб келдим. Ишим бор эди. Қалампир ва помидор кўчатлар сотяпти экан. “Помидор кўчати ...
30 март 2020
(Эпистоляр эссе) Марҳабога Кўпинча адабий муҳитдан чарчаганимда сенга сим қоқаман. Балки опамдек яқиним бўлганинг учундир ...
23 март 2020
Ўзбек кинорежиссёри Сарвар Каримов 21 март куни ўзининг фейсбук саҳифасида “Сарвиқомат дилбарим” фильмидаги ўпишиш саҳналари ...