Асосий мавзулар
27 феврал 2018

Олтинкўлда кўкрак саратони ташхиси билан 300 бемор қайд этилган

Андижон вилоят Анкология диспансерига Олтинкўл туманидан кўкрак бези саратони ташхиси билан ётқизилган беморлар сони кўпаймоқда.

Аҳолиси 155 минг киши бўлган Олтинкўл туманида мазкур касаллик аломатлари билан 300 дан зиёд бемор рўйхатга олинган.

Аммо уларнинг барчаси ҳам касалликнинг дастлабки босқичларида мурожаат этмаган. Шифокорларнинг таъкидлашича, саратон касаллигининг дастлабки 1-2-босқичида жараён оғриқсиз кечади. Бепарволик сабаб олдини олиш мумкин бўлган ўсмалар саратонга айланмоқда.

Олтинкўл туманида яшовчи Ҳамида Андижон вилояти онкология диспансерида кимётерапея муолажасини олмоқда. У кўкрак соҳасида ҳеч қандай оғриқлар сезмаганди. Аммо кўкрак учидан қон ва йирингли аралашма кела бошлагандан сўнг шаҳарга, маммолог кўригига борди. Таҳлиллар унинг сут бези саратонига чалинганини кўрсатди. Ҳамида соғлиғидаги ўзгаришларни сезмаганига, тиббий кўрикдан ўтиб турмаганига афсусланади.

-Бу касаллик ҳақида кўп эшитгандим, чунки туманимиздан онкологга мурожаат қилувчилар жуда кўп экан, – дейди Ҳамида. – Аммо ҳеч қаерим оғримагани учун поликлиникага тиббий кўрикка чақиришганида ҳам бормабман. Дард берган худойим шифосини ҳам берар, деб муолажа оляпман. Ҳозирча нима бўлишини билмайман, аммо шифокорлар муолажа самара бермаса, кўкрагимни кесиб ташлаш кераклигини айтишяпти.

Мутахассисларнинг айтишича, бундан 25-30 йиллар муқаддам Андижон вилоятида аёлларнинг онкологик касалликлар билан оғрувчанлиги 30 фоизни ташкил қилган. Илгари бу касаллик кўпроқ эркаклар ўртасида кузатилган бўлса, ҳозир аёллар саратонга чалиниш борасида улар билан тенглашган.

-Бундан ташқари, аёлларда ўсма касалликлари ёшариши кузатилмоқда, – дейди вилоят онкология диспансери шифокори Д.М. – Мурожаат қилиб келаётган аёлларнинг 60-70% ини 50 ёшга етмаган аёллар, кўпроқ ёшлар ташкил қиляпти. Аёлларда энг кўп кузатиладиган ўсма касаллиги эса кўкрак бези саратони бўлиб қолмоқда.

Статистик маълумотларга кўра, дунё бўйича ҳар ўнинчи аёлда кўкрак бези саратони билан хасталаниш эҳтимоли бор. Бир йилда ушбу хасталик туфайли 1,5 миллиондан ортиқ аёл вафот этади.

-Сут бези саратони билан оғрувчанлик дунё бўйича йилига 1 миллиондан ошиб кетди. Бачадон бўйни саратони билан оғрувчанлик йилига 800 минг – 1 млн.га яқинлашди. Аёлларда бундан 10-15 йиллар аввал умуман учрамаган ўпка саратони ҳам кузатиляпти. Таҳлилларга кўра, вилоятимизда сут бези саратони ҳар 100 минг аҳолига 17-18 тани ташкил этяпти. Бу жуда ачинарли ҳолат, – дейди шифокор.

Мутахассислар кўкрак саратони кўпайишида ташқи ва ички муҳит, физик-кимёвий омиллар муҳим роль ўйнайди, деб ҳисоблайдилар. Уларнинг таъкидлашича, ташқи муҳит омиллари ҳозир етакчи роль ўйнамоқда. Атмосферанинг канцероген моддалар билан тўйиниши, ҳар хил кимёвий моддаларнинг маиший кундалик ҳаётга кириб келиши, 2-3 марталаб техник ишловдан ўтган озиқ-овқат маҳсулотларининг ишлатилиши, фаст-фудлар, гармонлар билан боқилган жўжалар истеъмолининг кўпайиб бориши… Буларни истеъмол қилишда аёллар кўпинча етакчи бўлиб қолмоқда.

Шунингдек, турмуш ўртоғи Россия ёки бошқа чет давлатларда бўлган аёлларнинг йиллаб жуфтсиз яшашлари, абортлар, бундан ташқари, оилавий жанжаллар оқибатида юзага келадиган стресс ҳолатлар, бола тарбиясидаги муаммолар… Буларнинг барчаси аёл организмида турли касалликларнинг урчишига олиб келмоқда.

-Ўғлимнинг операцияси учун шифокорга 700 минг сўм берганман, – дейди онкология диспансери ҳовлисида йиғлаб турган аёл. – Кам таъминланган бўлганим учун шу маблағни зўрға топиб берувдим. Касалхонада мавжуд бўлмаган дори-дармонга ҳам уч-тўрт юз минг кетди. Аммо бу бедаво дард экан, ўғлимни ўтган йили тупроққа қўйганмиз. Ҳозир эса ўзимнинг кўкрагимда ўсма пайдо бўлибди.

Ўзбекистон Президентининг 1998 йил 10 ноябрдаги фармони билан тасдиқланган Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш давлат дастурига асосан, давлат томонидан кафолатланган бепул тиббий хизматлар доирасига онкологик касалликлар ҳам киритилган. Беморларнинг айтишича, диспансерда “тиббий хизматлар бепул” деб ёзилган бўлса-да, муолажалар нархи арзон эмас. Ёзилмаган қонун-қоидаларга кўра, беморлар шифокорларга ҳужжатларда қайд этилмаган суммаларни тўлайдилар. Оддий операциянинг нархи ҳам 100 доллардан кам бўлмайди. Шу сабаб кўпчилик ўзида касаллик аломатларини сезган тақдирда ҳам керакли даво олиш учун моддий имконият топа олмаяпти. Айнан моддий етишмовчилик касаллик ўтказиб юборилишига сабаб бўлмоқда.

Кўкрак безидаги ўзгаришлар сабаб қўшни Қирғизистоннинг Ўш вилоятидан Андижонга даволанишга келган Омина муолажалар учун анчагина маблағ кетишини эшитиб, диспансерга бормади. У Кўмакай маҳалласида яшовчи табибдан муолажа олди. Ўзининг айтишича, ҳозир аҳволи яхшиланган. Бироқ ҳеч қандай тиббий маълумоти бўлмаган табибнинг бу муолажаси вақтинчалик бўлиши ҳам мумкин. Гарчи буни билсалар-да, айримлар умид излаб яна табибларнинг эшигини қоқа бошлаяптилар.

Шоҳида Саидова
Eltuz.com

Тағин ўқинг
27 октябр 2016
26 октябр куни 78 ёшида вафот этган таниқли кинорежисер Мелис Абзаловнинг жанозаси Стокҳолмнинг Кунгсэнген бўлгасида жойлашган мусулмон қабристонида ўқилди. ...
10 май 2021
(Шоир ва сиёсатчи Муҳаммад Солиҳнинг “Императив” китобининг 25-қисми. Матннинг аудиоверсиясини муаллифнинг ўзи ўқиган. Аудиокитобнинг боши ва олдинги қисмлари “Элтуз”нинг ...
26 феврал 2024
Элтуз порталига келган навбатдаги бешта мактубни ўқиймиз. Улар Ўзбекистоннинг Хоразм, Тошкент, Андижон ва Самарқанд вилоятларидан келган. Дастлабки шикоят Хоразмнинг ...
23 феврал 2018
Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати ходими 23 февраль куни телефонда «Элтуз» мухбирига собиқ бош прокурор Рашиджон Қодировнинг ҳибсга олинмаганини, ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...