Маҳкумларни ўлдиришда айбланган Тоймуроз Алимов иши президент назоратига олинди
Республика ҳарбий прокуратураси раҳбари ўринбосари, адлия подполковниги Абдулҳакимов илтимосномасига кўра, маҳкумларни қийнаб ўлдиришда айбланиб 26 февраль куни ҳибсга олинган 42 ёшли полковник Тоймуроз Алимов 28 февраль куни Тошкент шаҳри тергов изоляторидан ИИВ изоляторига ўтказилди.
Ўзбекистон куч ишлатар тизимларидаги обрўли мулозим тарафидан билдирилган бу маълумотга кўра, Тоймуроз Алимовни Ўзбекистон президентининг кичик куëви Отабек Шаҳановнинг ўзи келиб Ички ишлар вазирлиги тергов изоляторига “этап қилган”.
Отабек Шаҳанов 2017 йил январь ойида президент хавфсизлик хизмати бошлиғининг биринчи ўринбосари этиб тайинланган эди.
Тоймуроз Олимжонович Алимовнинг “ўта хавфли маҳбус” сифатида кўрилиб, унинг ҳеч бир шароитда қочиб кетмаслиги, ўзининг собиқ шериклари билан контактга кирмаслиги, “Элтуз” гаплашган мулозимга кўра, Отабек Шаҳановга топширилган.
Мулозимнинг ишонишича, бу маҳкумларни ўлдиришда айбланган Тоймуроз Алимов иши президент назоратига олинганлигини билдиради.
Тоймуроз Алимов 2011 йилнинг 26 августида ўша даврдаги президент Ислом Каримов фармони билан “Шон-шараф“ орденига лойиқ топилган эди.
Тоймуроз Алимов «Элтуз»да эълон қилинган фош қилувчи мақоладан кейин қамалганди
Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати раисининг собиқ ўринбосари Шуҳрат Ғуломов буйруғига кўра, қамоқхоналарда сақланган баъзи сиёсий ва диний маҳкумларни “ликвидация қилиш”да қатнашган Тоймуроз Алимов 26 февраль куни ҳибсга олинди.
МХХ зобити Тоймуроз Алимов Ўзбекистон Жиноят кодексининг 97-моддаси – қасддан одам ўлдириш, 301-моддаси – ҳокимиятни суиистеъмол қилиш, 230-моддаси – айбсиз одамни жавобгарликка тортиш каби айбловлар бўйича тергов қилинмоқда.
Бу ҳақда «Элтуз»га генерал Шуҳрат Ғуломов устидан қўзғатилган тергов ишига алоқадор бўлган МХХ зобити ўз исмини ошкор этмаслик шарти билан маълум қилган эди.
МХХ зобити сўзларига кўра, Тоймуроз Алимов «тергов қилинаëтган маҳкумларни ўлдиришга алоқадорликда» айбланмоқда.
Унинг иддао қилишича, шахсан генерал Шуҳрат Ғуломовнинг буйруғи билан 2010-2014 йиллар давомида элликка яқин диний ва сиёсий маҳкум ўлдириб юборилган.
Унинг айтишича, ўлдирилганларнинг ҳаммаси Ўзбекистон Жиноят кодексининг 159-моддаси билан айбдор деб топилган фуқаролар бўлган.
Шунингдек, Тоймуроз сиёсий фаолларини жисмонан йўқ қилиш амалиётларига шахсан алоқадор бўлган.
«Элтуз» нашри Тоймуроз Алимов ва Жавдат Шарифхўжаев назорати остида яна бир маҳкум – хоразмлик тадбиркор Раҳимбой Йўлдошевнинг 2010 йил августида ўлдириб юборилганини аниқлаб, мақола эълон қилган эди.
Аюб Мингбоев
«Элтуз»нинг Тошкентдаги мухбири
Eltuz.com