Асосий мавзулар
5 июн 2018

Мирзиёевнинг Ўзбекистонда АЭС қуриш таклифи қораланмоқда

Президент Мирзиёев 30 май куни Тошкентда «Росатом» атом энергияси корпорацияси директори Алексей Лихачёв билан учрашувида атом электростанциясини Навоий вилоятида қуришни таклиф қилди. Фото: Мирзиёевнинг «Росатом» вакиллари билан учрашуви, Ўзбекистон президенти матбуот хизмати

Ижтимоий тармоқдаги чиқишларида АЭС қурилиши ғоясини қоралаб келаётган кинорежиссёр Абдулазиз Маҳмудов асосий муаммони бу қадар муҳим масаланинг халқ муҳокамасига қўйилмаганида кўради.

«Халқим, халқим деган президент бир оғиз халқига АЭС қурмоқчимиз, муҳокама қилайлик, демади. Россия нима деса, шунга кўняпти. Экологик зарарсиз бўлган қуёш энергетикаси ҳақида ҳатто гапирмаяпти ҳам», деди у «Элтуз» мухбири билан суҳбатда.

Расмий хабарларга кўра, Россия томони Ўзбекистон ҳукуматига ҳар бири 1,2 ГВт қувватга эга икки блокли АЭС қуриш лойиҳасини таклиф қилмоқда.

«Германия ўз АЭСидан воз кечаётган ва энг юқори технология даражаси билан Япония Фукусимада аварияга йўл қўйганига қарамай, Ўзбекистон АЭС қуриш каби хатарли лойиҳани илгари сурмоқда», деб ёзди лондонлик таҳлилчи Алишер Илҳомов ўз фейсбук саҳифасида.

АЭС учун кўп миқдорда сув, ёқилғи, вақт ва миллиард-миллиард пул зарур

Ўзбекистонлик тадқиқотчи физик Рустам Ашуров ядро реакторини ишлатишда сувнинг аҳамияти катта экани ҳақида ёзади.

«100 мегаваттлик бир АЭС 24 соат ишлаши учун 78.5 миллион литр сув керак бўлади. Бу сувнинг 6-10 % қисми буғланиш оқибатида йўқотилади. Биз эса тераваттлик АЭСни орзу қиляпмиз», дейди у.

Яна бир муаммо қурилиш ва реакторни ишга тушириш муддатининг узоқлигида. Масалан, Финляндиянинг Олкилуото шаҳрида 2018 йили битказилган реактор қурилишига 13 йил керак бўлди. Бу вақт ичида қурилиш бюджети бир неча бор ўзгарди.

«Станция қурилганидан кейин ҳам реакторни ишга тушириш учун яна 7-10 йил керак. Демак, биз бугун ҳаракатни бошласак, мевасини 2025-2030 йилларда ер эканмиз», дея ёзади 17 май куни физик олим Рустам Ашуров ўзининг «Атом электростанцияси рақамларда» мақоласида.

Расмий хабарларга кўра, АЭС қурилишига ажратиладиган 10 миллиард доллар атрофидаги кредитдан ташқари, кундалик эҳтиёжига Россиянинг «Росатом»ига тегишли бўлган «ТВЭЛ» ширкатидан атом ёнилғиси харид қилинади.

Ўзбекистонда гарчи уран қазиб чиқарилса-да, мамлакат ичкарисида бу руда бойитилмайди, кўпроқ Россияга экспорт қилинади.

«Бир сўз билан айтганда, бундан фақат атом станциясини Ўзбекистонга қуриб бериб, унга ўзининг рудасини ёнилғига айлантириб сотадиган Россия фойда кўради», дейди Маҳмудов «Элтуз» мухбирига берган интервьюсида.

АЭС тугатилади, лекин муаммолар тугамайди

Узоқ йиллар ичида қуриб битказиладиган реакторни эксплуатация қилиш муддати нисбатан жуда қисқа. Ўртача 30-40 йил ишлатилган атом станцияси махсус комиссия хулосаси билан тугатилиши керак бўлади.

Эксплуатация муддати тугаган реакторлар жойлашган ҳудуд МАГАТЭ комиссияси қарори билан узоқ муддатларга консервация қилинади.

Бундан ташқари, атом станцияси қурилиши қуёш энергияси асосида ишловчи электростанциядан беш баробар қимматга тушади.

Дунё тажрибасида АЭС катта сув ҳавзалари, денгиз ва океанлар соҳилига қурилади. Ўзбекистондаги АЭСни эса Навоий вилоятининг шимолида, Қизилқумда қуриш режалашган.

«Ишлатилган радиоктив ядро чиқиндилари кейин қаерда сақланади? Реакторни совитиш учун сув қаердан олинади? Хуллас, жавоблардан ҳам кўра саволлар кўп», дейди «Элтуз» билан суҳбатида Абдулазиз Маҳмудов.

Унинг сўзларига кўра, на Ўзбекистон ҳукумати ва на расмий матбуот бу иншоот ишга туширилгач, Чернобил ёки Фукусума ҳалокати каби фожеа кутилмаслиги ҳақида оғиз ҳам очмаяпти.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
25 ноябр 2016
Сўнгги кунларда Ўзбекистон президентлигига номзодлар вилоятларга сайр қилиб, сайловчилар билан учрашувларни авж олдириб юборди. Бу учрашувларда эса улар қўлидан ...
2 август 2016
Мустақиллик байрами арафасида хорижликларнинг ўзбек халқига табрикларини чоп этиш анъанаси шу кунларда қизғин давом этяпти. «Жаҳон» ахборот агентлиги тайёрлаган, ...
24 ноябр 2023
– Мана хафта зувв этиб айланиб яна сиз билан юзма юзман. МС: Овонг оғо, бугун бешланжий гун. Гурунгни сиздан ишитамиз. ...
15 май 2020
Фарғона вилоятининг Бувайда тумани ҳокими Бекзод Ибрагимов 2019 йил 28 январдаги қарори билан 2015 йилдан буён фаолият юритаётган “Сиддиқжонобод ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...