Асосий мавзулар
30 сентябр 2020

Баҳодир Файз: Тоғли Қорабоғдаги воқеаларга оид кузатишларим

БМТ Хавфсизлик кенгаши Нью-Йоркда фавқулодда йиғин ўтказиб, Тоғли Қорабоғ низосини муҳокама қилди. Хавфсизлик кенгаши Арманистон ва Озарбайжонни «зудлик билан жангларга чек қўйиш» ва музокараларни бошлашга чақирди. Тоғли Қорабоғ ишғол қилинганига 30 йил тўлмоқда, аммо шу пайтгача низо тинч музокаралар йўли билан ҳал қилинмади.

АҚШда яшаëтган публицист Баҳодир Файз бу можаро тарихи ва ечимларига оид ўз мулоҳазаларини «Элтуз» учун махсус ëзиб берди.

Баҳодир Файз: Тоғли Қорабоғдаги воқеаларга оид кузатишларим

Арманистон тарафидан қўллаб-қувватланган ва ҳеч ким тарафидан тан олинмаган қуролли гуруҳ 30 йилдан бери Озарбайжонга тегишли Тоғли Қорабоғ ҳудудида ишғолчи ўлароқ турибди.

Тоғли Қорабоғ 90-йиллар бошида Москва дастаги билан қуролланган армани жангарилари тарафидан ишғол қилинган, Озарбайжон тарихида “Хўжали қатлиоми” каби машъум фожеалар билан бизнинг ёдимизда. Дунëнинг аксар давлатлари ва БМТ Тоғли Қорабоғ Озарбайжоннинг ҳуқуқий ҳудуди эканини тан олиб келади.

Фақат Жанубий Кавказни назоратдан чиқаришни истамайдиган Россия эски империя хаёллари билан минтақадаги мавжуд муаммоларни янада чигаллаштириб, инқироз ҳолига келтирди.

26 сентябр куни Арманистон тарафидан дастакланган жангариларнинг Озарбайжон аҳоли пунктларига ҳужуми янги тўқнашувларни бошлаб юборди.

Бу ерда иккита энг муҳим масалани таъкидлаб ўтсам: Арманистоннинг бу ҳужуми вақти-вақти билан кўриладиган оддий чегара можароларига ўхшамайди.

Иккинчидан, 1990 йиллардан фарқли ўлароқ, бу сафар Озарбайжон аниқ ҳарбий устунликка эга, агар Россия аралашмаса. (Исроил ва Туркияда ишлаб чиқарилган дронлар урушда Озарбайжоннинг ҳаводаги устунлигини таъминлайди. Бундан ташқари, мунтазам қўшинларда 66 минг аскар бор. Оғир артилерия, хусусан, 500 танк мавжуд).

Россия Федерацияси Қуролли Кучлари 21 ва 26 сентябрь кунлари «Кавказ-2020 машқлари» деб номланган йирик машғулот ўтказди. 80 минг шахсий таркиб, 250 та асосий жанговар танкр, 450 та зирҳли техника, 200 та тўп ва ракета ташувчилар, жанговар самолётлар қатнашди.

Татбиқотда ҳаво ҳужумидан мудофаага мўлжалланган С-400 ва С-300 ишлатилди.

Машғулотда собиқ иттифоқ республикаларининг рамзий қўшинлари ҳам қатнашган, аммо машғулотнинг бир қисми Арманистон ҳудудида ўтказилган, генерал Тигран Парванян қўмондонлигидаги арман кучлари машғулотда фаол қатнашган.

Озарбайжон эса Москванинг бу татбиқот таклифини қабул қилмади.

Озарбайжоннинг Россия таклифига рад жавоби, назаримда, Путинни ғазаблантирган кўринади.

Арманистон сентябрь ойининг бошидан Озарбайжонга қарши 1994 йилдан бери амал қилиб келинаётган сулҳ тартибини бузди. Россия машғулотларининг сўнгги кунида Арманистон Тоғли Қорабог атрофида ҳужумлар бошлади.

Россия машғулотларининг расмий асоси «аксилтеррорчилик фаолияти» эди. Аммо оғир қуроллар ва С-400 лар шуни кўрсатадики, Путин кучини намойиш қилиб, Кавказнинг ўзининг “орқа боғчаси” эканини кўрсатмоқчи.

Хуллас, бу ҳужумларнинг орқасида Путин “шоу” турибди.

Аммо Озарбайжон эндиликда совет империяси таркибида бўлган «содиқ мустамлака» давлат эмас.

Бугунги Озарбайжон нефть даромадлари билан мустаҳкамланди, армиясини модернизация қилди, қурол тизимларини Россия монополиясидан озод қилди.

Албатта, собиқ империя хаёлларини қураётган Путин учун бу жараёнлар олди олиниши керак бўлган бир таҳлика эди.

Тарихимиздан биламизки, Чор Россияси ҳам, Сталин ҳам «пантуркизм» қўрқуви эвазига Кавказ ўлкаларидаги туркларни тарқатиб юбориш ва Арманистонни кучайтириш сиёсатини юритди.

1914-1918 йилларда Озарбайжон Республикасининг майдони 140 минг квадрат километрни ташкил этар эди, совет ҳукумати даврида 87 минг квадрат километргача қисқартирилди.

Озарбайжонда ва бизнинг Туркистон ўлкаларида кирилл алифбосига ўтилди. Аммо Москва арман миллатчилигини сақлаб қолиш учун арман алифбосига тегмади.

Туркия ва Озарбайжон муносабатлари

Совет иттифоқи қулаб, Озарбайжон мустақилликка эришгани натижасида Туркия ҳукуматлари, жумладан, ҳозирги Эрдўғон иқтидори ҳам ҳар доим Туркия билан муштарак маданият, тил ва қон боғи бўлган Озарбайжон муносабатларида “икки давлат – бир миллат” стратегиясини қўллаб келди.

Туркия узоқ йиллардан бери Озарбайжон билан иқтисодий ҳамкорлик билан биргаликда ҳарбий соҳаларда, жумладан, Озарбайжон армиясини замонавий дронлар, ҳарбий технология билан таъминлаб турди.

Туркия ва Озарбайжоннинг мудофаа соҳасидаги бу стратегик ҳамкорлиги, Шимолий Кавказнинг чуқурлашиб бораётган стратегик мувозанати Москва ва Ереван учун хавотирли бўлиб қолди.

Бу мувозанат 20-асрнинг бошларида бўлгани каби 21-асрнинг бошларида ҳам рус ва арман паранойясига сабаб бўлиб келди.

Бу иттифоқ тамаллари фақатгина қардошлик боғлари билан эмас, балки тарихий Усмонли Туркия-Озарбайжон тақдири билан чамбарчас боғлиқ эди.

Туркия учун Озарбайжон Туркиянинг шарқий дарвозаси, Туркия эса Озарбайжон учун ғарбий дарвоза ҳисобланади.

Бугун Туркия Тоғли Қорабоғ масаласига имкони доирасида дипломатик дастак бермоқда.

Албатта, Туркия давлат онги шуни талаб қилади. Бахтимизга Туркия бор.

Аммо бизнинг мустақил деб атайдиган турк давлатлари қардош Озарбайжонга дастак бўлишлари керак.

Озарбайжон, Қорабоғ масаласи бутун турк дунёси ва Туркистон турклари масаласи бўлиши керак. Ўзбекистон, Қозоғистондан Татаристон, Ёқутистон туркларига қадар…

Турк жумҳуриятлари иқтисодий масалаларда, нафақат пул керак бўлганда қардош эканлигини эсламаслиги, балки ҳар доим, жадидчи боболаримиздан Исмоил Гаспирали айтганидек, “тилда, фикрда, ишда бирлик” бўлишлари керак.

Биз учун туркларнинг яхлитлиги ва иттифоқининг давомийлиги муҳимдир.

Буюк турк файласуф шоири Зиё Кўкалп айтган каби: «Барча турклар бир армия, жангда қатнашмаган қочоқдир. Қадим ëзувларда айтилган каби урушдан қочган олчоқдир»

Тағин ўқинг
1 феврал 2021
Ўзбекистонда 500 дан зиёд товарнинг давлат хариди тақиқланди.  Тақиқ рўйхатига хорижда ишлаб чиқарилган товарлар,  масалан,  автомобиллар,  кондиционерлар,  музлатгичлар,  телевизорлар,  ...
4 декабр 2023
Ниҳоят Ўзбекистондаги қўшиқ шинавандалари қалбини ларзага солаётган шоу томошаларига навбат етиб келди – Элтузнинг қаттиқ Икс фактори ёки Х-Фактор пагонларга ...
9 апрел 2019
Фарғона вилоятининг Учкўприк туманидаги барча ташкилот ва корхона ходимлари 5 апрель куни президентнинг Фарғона вилоятига ташрифи кутилаётгани боис оммавий ...
5 май 2021
Навоий вилоятининг Хатирчи туманилик марҳум фермер Музаффар Муҳаммадиевнинг яқинлари вилоят ва туман прокуратураларига ишончсизлик билдирмоқда.  Марҳумнинг қабри биринчи марта ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...