Асосий мавзулар
8 феврал 2021

“Обод қишлоқ” дастуридан ҳар йили тушиб қолаётган Боғишамол

Самарқанд вилоятининг Пастдарғом туманидаги Боғишамол қишлоғига ҳали-ҳамон XXI аср шабадаси етиб борганича йўқ. Электр энергияси, газ бир ёниб, бир ўчиб туради, ичимлик сув муаммо.

Ёмғир, қор ёғса, болалар лой кечиб мактабга боришади. Қизиғи, қишлоқ аҳлининг “Элтуз”га айтишича, у аввалига “Обод қишлоқ” дастурига киритилиб, бир иш қилинмаган, кейин эса дастурдан ҳар доим тушиб қолаётир.

– 400 дан ортиқ хўжалик истиқомат қиладиган қишлоғимиз тоза ичимлик сув билан таъминланмаган, – дейди 35 ёшли боғишамоллик Райим Тўйчиев. – Ҳудуднинг атиги бир жойига артезиан қудуғи бор. Аммо ундан ҳам ичишга яроқли сув чиқмайди.

Унинг сўзларига кўра, бу қудуқ суви лойқа ва шўр. Шуни ҳам одамлар ноиложликдан соатлаб навбатга туриб бир-икки километрдан уйларига ташиб келиб ичади.

“Аҳоли бирлашиб, туман ва вилоят ҳокимларига, ҳатто президент порталига қайта-қайта ёздик. Муаммоларимиз ўрганилмаяпти. Тўғри, тегирмон навбати билан, дейди. Аммо бизнинг қишлоғимиз ҳақиқатан ҳам хароб.

Тепаликдаги қабристонимиз йўлини техника билан созлаш керак. Ҳашар йўли билан тузатмоқчи бўлдик, уддай олмадик. Ёмғирли кунда ёки қишда майитни тепаликдаги қабристонга олиб чиқиб кўмиш роса азоб бўлади. Маҳалламиз нуронийлари масжид кўрмай ўтиб кетмоқда”, дейди Раҳим Тўйчиев.

“Боғишамол” МФЙнинг “Элтуз” билан гаплашган раиси Абдурашид Бойбековнинг билдиришича, қишлоқ учун 2017 йилда мактаб қуриб берилган, йўл таъмирланиши ва аҳолини тоза ичимлик сув билан таъминлаш бўйича таклиф билан чиқилган, “Обод қишлоқ” дастурига киритилган.

Аммо МФЙ раиси қишлоқ бу дастурга қайси йили киритилганини айта олмади. Пастдарғом тумани ҳокимлиги вакили ҳам қишлоқ аҳлининг мурожаати атрофлича ўрганилишини айтиш билан чекланди.

Райим Тўйчиев маҳалла раисининг ўзи электр ва газ ўчмайдиган, йўлларига шағал тўкилган, шароити анча яхши бўлган Иттифоқ қишлоғида яшашини маълум қилди.

“Бизнинг қишлоқ бундай шароитни орзу қилади, холос. Қишлоғимизга 2017 йилда 120 ўринли мактаб қуриб берилди. 301 нафар ўқувчи таҳсил олади.  Икки сменадан ўқиса ҳам жой етмайди.

Мактабда на лаборатория жиҳозлари, на спорт ва на тадбирлар учун махсус заллар бор. Ҳатто стол-стуллар ҳам эски мактабники. Камига мактаб кадрларга муҳтож. Қишлоғимизда яшашга шароит яхши бўлмагани учун четдан ўқитувчилар ҳам келишдан бош тортяпти.

“Одамнинг устидан кулгандек, яқинда қишлоққа симёғочга сим тортиб кетишди. Симини нотўғри улаб, пастга ташлаб қўйишган. Қўшнимнинг бир қўйи ток уриб ўлди. Шуни тўғри улаттириш ҳам роса муаммо бўлди. Ҳар замонда қишлоғимизга қарғиш текканми, деб ўйлаб қоламан”, деди “Элтуз” билан суҳбатда Раҳим Тўйчиев.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
9 апрел 2024
Элтузнинг ишончли манбаси хабар беришича, Андижон шаҳар электросеть юристи мансабини суиистеъмол қилиб, 10 млн. сўм пора олаётганида ушланди. Манбанинг ...
21 ноябр 2019
Ҳажвий хабар Тошкент шаҳри Ички ишлар бош бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирлардан бири юқори лавозимли амалдор аралашуви билан ...
6 январ 2020
АОКА блогер ва журналистларни сотиб олиши эмас, ҳуқуқий қўллаб-қувватлаши зарур. Унинг баёнотлари жуда кулгили. Ваколатлари бизни ҳимоя қилишга етмас ...
24 май 2016
Бухоронинг сўконғич ҳокимларидан бирини мажлисда бир уриб йиқитган олотлик фермер Баҳодир Шарипов номи элга овоза бўлди. Айрим манбалар, ҳусусан ...
Блоглар
11 май 2024
1944 йилнинг 11 майида Сталин барча қрим татарларини Қримдан сургун қилиш ҳақидаги машъум қарорни имзолади. ...
6 май 2024
Ҳайрли кун! Урганч шаҳрида яшайман. Бугун қуйидаги воқеа юз берди: мен автобусда телефонда гаплашиб тургандим. ...
30 апрел 2024
1990 йилнинг 30 апрелида мустақил Ўзбекистон тарихидаги илк демократик партия – «Эрк»нинг таъсис қурултойи бўлиб ...