• Фото: Eurasianet
Асосий мавзулар
30 июн 2021

Ўзбекистон ва Тожикистонга қочиб ўтаётган афғон ҳарбийлари сони кўпаймоқда

Тожикистон томони “Толибон” таъқибидан қочаётган афғон ҳарбийларига бошпана таклиф этмоқда, аммо Ўзбекистон расмийлари бу борада қаттиқроқ позицияда турибди. 

Икки мамлакат расмийларининг таъкидлашича, Афғонистон ҳукумати қўшинларининг чегарадан ўтиб, қўшни Тожикистон ва Ўзбекистондан бошпана излаш ҳолатлари кундан кунга одатий ҳодисага айланиб бормоқда.

27 июнь куни эрталаб “Толибон” Афғонистоннинг Калдар туманидаги чегара назорат-ўтказиш пунктларига ҳужум уюштириб, 17 нафар афғон аскарини қочишга мажбур этганини хабар қилди Тожикистон давлат ахборот агентлиги.

Қочқин аскарлар Тожикистонга Шаҳритуз чегара пости орқали кирди. Шаҳритуз тумани мамлакатнинг энг жануби-ғарбий қисмида жойлашган бўлиб, у ерда чегара Ўзбекистон ва Афғонистон билан кесишган.

Бу бир ҳафта ичида Афғонистон қуролли кучларининг тожик заминидан иккинчи марта бошпана излашга уринишидир. 22 июнь куни ҳам 130 тадан ортиқ аскар узоқ давом этган жанглардан сўнг Шерхон Бандар чегара назорат-ўтказиш пунктлари орқали чекинган.

Икки ҳодиса бир-биридан тахминан 70 км масофада содир бўлган. Ҳар икки ҳолатда тожик чегарачилари чекинган афғон ҳарбийларини “инсонпарварлик ва яхши қўшничилик” нуқтаи назаридан қабул қилгани айтилади. 

Афғон ҳарбийларининг қўшни мамлакатларга чекиниши юзасидан Ўзбекистон қатъий позицияни эгаллаб, улар чегараларни рухсатсиз кесиб ўтиш орқали халқаро ҳуқуқни бузаётганидан огоҳлантирмоқда.

Расмий Тошкент 28 июнь куни тарқатилган баёнотда ўтган кунларда афғон ҳарбийлари Ўзбекистон ҳудудига ўтишга бир неча бор уринганини билдирди. 

Тафсилоти қуруқ бўлган баёнотга кўра, 23 июнь куни 53 нафар афғон аскари қуролланган ҳолда Афғонистоннинг Шўртепа туманидан Ўзбекистонга ўтган.

“Ўша кун билан бугунги кун оралиғида яна бир неча бор шундай уринишлар бўлди”, деди Ўзбекистон президенти матбуот котиби Шерзод Асадов. Охирги уриниш 26 июнда содир бўлган.

Асадов Ўзбекистонга киришни истаган барча одамлар миллий ва халқаро қонунчиликка мувофиқ Афғонистонга қайтарилгани, “Ўзбекистон чегарасининг дахлсизлиги ҳар қандай ҳолатда шубҳа остида қолмаслиги керак”лигини билдирди.

Афғонистон ҳарбийларининг бундай уринишларига жавобан, чегарадаги тобора беқарорлашиб бораётган вазиятда Ўзбекистон ва Тожикистон ҳукуматлари ўз сиёсатини мувофиқлаштиришга интилаётир.

“Толибон” Афғонистоннинг Туркманистон, Ўзбекистон ва Тожикистон билан чегарадош Фарёб, Жузжон, Қундуз, Балх, Тахлан ва Бадахшон вилоятларида сезиларли ютуқларга эришмоқда ёки шиддатли жангларни олиб бормоқда.

АҚШ ҳарбийлари Афғонистондан олиб чиқилиши эълон қилинганидан сўнг толиблар ҳарбий хуружлар суръатини янада оширди. Апрель ойида АҚШ президенти Жо Байден 11 сентябрга қадар ўз ҳарбийларини бу мамлакатдан олиб чиқиб кетишини билдирганди. 

Бироқ АҚШ расмийлари Марказий Осиёдаги шерикларини агар зарурат туғилса, АҚШ кучлари Афғонистондаги ҳарбий операцияларда иштирок этишига имкон берадиган базавий вариантларни тақдим этишга ишонтиришга уринаётгани тўғрисида вақти-вақти билан хабарлар келмоқда. 

Аммо май ойида Ўзбекистон расмийлари АҚШнинг бу таклифига жиддий қарши чиққан, гарчи ҳали ноаниқ бўлса-да, ғоя муҳокамадан бутунлай олиб ташланган эди. 

27 июнь куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов 4 июлгача давом этадиган амалий ташриф билан АҚШга жўнаб кетди. Сафар ҳақидаги қисқача баёнотда Комилов бошчилигидаги делегациянинг мақсади ҳақида батафсил маълумот берилмаган бўлса-да, кун тартибида хавфсизлик масаласи муҳим ўрин тутиши аниқ.

Комилов америкалик журналист Деннис Вулига сафар олдидан берган интервьюсида “Афғонистон муаммоларига ҳарбий ечим йўқ”лигини яна бир бор маълум қилди. 

Комиловнинг таъкидлашича, 1990 йилларда “Толибон” Афғонистоннинг катта қисмига татбиқ этган теократик бошқарувга қайтишни қабул қилиш тўғрисида ҳеч қандай гап бўлиши мумкин эмас, аммо муросага эришиш керак.

“Биз бу масалани амалдаги ҳукумат ва ҳарбий мухолифат, “Толибон” ва бошқалар ўртасидаги ўзаро муросага келиш йўли билан ҳал қилиш керак, деб ҳисоблаймиз”, деди у Вулига.

Eurasianet нашридан Элтуз таржимаси

Тағин ўқинг
25 май 2018
Марказий осиёлик бир гуруҳ фаоллар Ўзбекистоннинг марҳум президенти Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримовага тегишли, келиб чиқиши коррупцион активларнинг мазкур ...
13 март 2017
Ўзбекистон матбуоти Кадрлар тайёрлаш миллий дастури туфайли мамлакатда таълим тизими қанчалик «ютуқларга эришгани», «дунёда тан олингани» тўғрисида оғиз кўпиртириб ...
13 май 2019
Негадир кейинги пайтларда Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) ҳақида гап кетганида беихтиёр ёдимга Буюк Британия бош вазири Уинстон Черчиллнинг мазмунан ...
9 март 2021
Инсониятнинг узоқ кечмишидан маълумки, Александр Македонский ақлан, жисмонан ва руҳан тенгсиз куч-қудрат соҳиби бўлган. Шунинг учундир ўз вақтида аёвсиз ...
Блоглар
22 сентябр 2024
Вокаль ва визуал ундан олдинги жигули қўшиғининг сийқа такрори холос. Қўшиқ мелодияси кавказ дискотекалридаги «Шики ...
9 сентябр 2024
Яқинда мияни ўрганиш бўйича йирик мутахассис Татяна Черниговская маърузасида аёллар бир пайтнинг ўзида ҳамма нарсага ...
10 август 2024
Ўзбекистонда бир арвоҳ кезиб юрибди. Бу Каримов арвоҳи. Ўзбекистон Каримов давридаги паранояга қайтиб матбуотдаги «арвох» ...