Асосий мавзулар
30 апрел 2022

Ўзбекистон мудофаа саноати давлат пули йўқ бўладиган «бермуд учбурчаги»ми?

Жорий ойда Ўзбекистон ҳисоб палатаси, коррупцияга қарши кураш қўмитаси, монополияга қарши қўмита, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, ҳарбий прокуратура иштирокида мудофаа саноати тизимларида кенг қамровли аудит текширув ўтказди.

@eltuz манбалари танишган текширув натижаларига кўра, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа саноати давлат қўмитаси раиси Ойбек Исмоилов томонидан уюштирилган ишлаб чиқариш Ўзбекистон Республикасига ўн миллиондан кўп АҚШ доллари миқдорида зарар етказгани маълум бўлди.

Бу текширув натижаларининг матбуотга чиқмаëтгани ва президентга тақдим қилинмаганлигини Элтузнинг Мудофаа вазирлигидаги манбаси Ойбек Исмоиловнинг «акахонлар» кўмагида ўз қилмишларини бости бости қилмоқчи бўлгани билан боғлади.

Вазирликдаги манбанинг Элтузга ëзишича «текширувда  зарар  ошкор бўлгани суиистеъмолликлар ўз тасдиғини топганига қарамай, Ойбек  Исмоилов бу сафар  ҳам ўз акахонлари кўмагида сувдан қуруқ чиқмоқчи»

Коррупция учун қулай замин

Журналистика дарсларида АҚШ армияси учун аслида 5 доллар турадиган болға 200 долларга  сотиб олинганини фош қилган журналист олқишланади. Мудофа саноати ўз харид ва ҳаражатларини сир тутгани учун кўп ҳолда танқиддан холи ва коррупция учун қулай заминга айланади.

Украинага бостириб киришдан олдин Россия армияси дунёдаги энг кучли бешта армиядан бири ҳисобланган. Халқаро стратегик тадқиқотлар институти (International Institute for Strategic Studies, IISS) маълумотларига кўра, 900 минг ҳарбий хизматчи бирлаштирган Россия армияси дунëдаги  бешта кучли армиядан биридир (АҚШ, Хитой, Ҳиндистон ва Шимолий Корея).

Аммо нега бу армия ўзидан заиф ҳисобланган Украина армиясини икки ойдан бери енга олмаяпти? 

Таҳлилчилар Россия армиясини заиф ва нотавон қилган жиҳатнинг коррупция эканлигига диққат қаратишди.

Кейинги олти йил ичида Россия ҳар бир соҳада Ўзбекистон учун «ўрнак оладиган» ва «тақлид қилинаëтган» мамлакатга айланди.

Элтуз танишган материалларда Ўзбекистон мудофаа саноати коррупция бобида Россиядан «ўрнак олгани» акс этган. 

Янги Ўзбекистон фонида  ҳарбий-саноат мажмуаси таназзул манзараси

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда ҳокимият тепасига келганидан  (келтирилганидан) буён мамлакат саноат салоҳиятини кучайтириш ва маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш, шунингдек, коррупцяга қарши курашиш учун хорижий инвестицияларни жалб этиш риторикасига урғу бериб келади.

Бу риторика  фонида Ўзбекистоннинг «ривожланаётган» ёш ҳарбий-саноат мажмуасининг қулаш тенденцияси кузатилмоқда.

«Балки қулаш сўзидан кўра ички емирилиш десак¸ тўғри бўлади»  дея таъкидлади ҳозир чет элда истиқомат қилаëтган собиқ ўзбек мулозими Элтуз билан суҳбатда.

Мудофаа вазирлиги сир асрорларини яхши билган собиқ мулозим иддаосига кўра¸ «йиқилишнинг бошланиши,  бу соҳада  муҳтамалан ўз манфаатлари бўлган Бош вазир Абдулла Ариповнинг  тўлиқ акахонлиги ва ҳимоя  шамсияси остида  тайинланган ва амалдаги Давлат Мудофаа саноати қўмитаси раиси Ойбек Исмоиловнинг соҳага келиши билан боғлиқ.»

Ўзбекистон Ҳисоб палатасига яқин манбанинг Элтузга билдиришича, айнан Ойбек Исмоилов келиши билан шундоқ ҳам коррупциялашган  ҳарбий-саноат мажмуасида давлат бюджетини ўмариш  ва турли схемалар ëрдамида ўзлаштириш кўлами кенг қамров касб қилган.

«Чирчиқ Олий Танк қўмондонлик-муҳандислик мактаби ва Ўзбекистон Қуролли кучлари Академиясининг битирувчиси Ойбек Исмоилов 2020 йил январ ойида  қўмита раислигига тайинлангани билан ишни ҳарбий-саноат мажмуасидан ишлаб чиқариш, лойиҳалаш, молиявий-иқтисодий ҳисоб-китоблар бўйича тажрибага эга бўлган барча малакали кадрларни ишдан бўшатиш, уларнинг ўрнини  ўз шахсига содиқ, аммо малакасиз  ходимлар билан алмаштиришдан бошлади», деб таъкидлади манба.

Элтузнинг бошқа мустақил манбалардан аниқлашича¸ 2020 йилнинг иккинчи кварталидан бошлаб  Ўзбекистон Мудофаа вазирлигидан ҳарбий мактабларни битирган ва улкан ҳарбий хизмат тажрибасига эга шахслар ишдан  бўшатилган. Элтуз подполковник рутбасидаги ишдан бўшатилган битта зобит билан бу ҳақда  гаплашди.

Зобит ўзини ишдан ноҳақ бўшатилган, деб билади.

Эски кадрлардан тозаланган майдонга, янги раис ўзига содиқ одамларнигина  ҳарбий-саноат мажмуаси корхоналари раҳбарлари лавозимларига жойлаштира бошлагани кузатилди.

Элтуз манбалари иддаосига кўра, непотизм ва таниш билишликка асосланган  нотавон кадрлар сиёсати билан бир қаторда Ойбек Исмоилов ва унинг жамоаси  мудофаа саноати тизимида коррупцион схемалар устига қурилган ва давлатга катта ва узоқ муддатли зарар берадиган нопрофессионал ишлаб чиқаришни йўлга қўйишган.

«Исмоилов ва унинг жамоаси давлат хавфсизлиги ва мудофаа қудрати учун ажратилган катта миқдордаги маблағни ўзлаштиргани текширувда аниқланди», дейди манба. Унинг иддаосига кўра, бу зарар миқдори ўн миллион АҚШ долларидан анча кўп.

Манбанинг ишонишича, бу зарарлардан бири – «салоҳияти бўлмаган ҳолда дрон ишлаб чиқариш оқибатида бўлган»

Ўзбек матбуоти  Ўзбекистон Республикаси Мудофаа саноати давлат қўмитаси ташаббуси билан қилинаëтган «оламшумул ишлар» хусусан «Дрон» ишлаб чақирилгани ҳақида позитив ҳабарлар ëзиб келади.

Мудофаа саноатидаги реал вазиятни билган мулозим Элтуз билан суҳбатда «Матбуотда эълон қилинган мақолаларда  юқори баҳоланган ишлаб чиқариш  аслида иқтисодий жиҳатдан фойдасиз, экспорт салоҳиятидан мосуво ва маҳсулот ўлароқ мутлақ сифатсиз эканига» эътибор қаратаркан «шу билан бирга, улар давлат хавфсизлиги учун ажратилган давлат маблағларини ўзлаштиришга фокусланган схемалардир», дея таъкидлайди.

Факт, рақам ва исботлар

Қуйидаги фактлар  Ўзбекистон мудофаа саноатини бюджет пуллари изсиз йўқоладиган «Бермуд учбурчагига» айлантирган Исмоилов  «ижодининг ёрқин намуналаридир:

Раис Ойбек Исмоилов ва унинг муовини Жамол Турсунов (Самарқанд Олий автомобил қўмондонлик-муҳандислик коллежини тамомлаган) Мудофаа саноати қўмитаси қошидаги инновацион технологиялар маркази базасида бир қатор ишлаб чиқариш объектларини очди.

Марказда фаолият юритаётган хусусий  ширкат Еко-Casper МЧЖ ҳарбийлар учун Robocop ҳимоя костюмлари, қалқон ва дубулға, ўқ ўтказмайдиган елаклар, газ ниқоблари (противогаз) ишлаб чиқаради.

Айни пайтда Мудофаа саноати қўмитаси томонидан ишлаб чиқарилган юқоридаги ҳар қандай маҳсулотнинг нархи юқори сифатли хорижий намуналар нархидан камида икки баравар юқори.

Шахсий ҳимоя элементларини синовдан ўтказган ҳарбий мутахасислар бу ускуналарнинг стандартларга жавоб бермаслиги ва  ташқи ҳужум ëки таҳдид бўлган тақдирда ҳарбий хизматчиларнинг ҳаётини тўғри ҳимоя қила олмаслигидан шикоят қилгани акс этган ҳужжатларни Элтуз мухбири кўрди.

Бу ҳужжатларга кўра, ҳарбий тузилмаларга сотиладиган газ ниқобларининг аксарияти нуқсонли бўлиб чиққан.

Элтуз суҳбатлашган манбанинг таъкидича,  Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган (аслида йиғилган) бу ускунларнинг барчасидан фойдаланиш мумкин эмас, чунки улар белгиланган сифат стандартларига жавоб бермайди ва соғликка зарар етказади.

Бу ерда асосий нарса шундаки, ушбу маҳсулотлар ҳақиқий жанговар фойдаланишда ўзбек ҳарбий хизматчиларининг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид солади ва шу билан Ўзбекистон қуролли кучларининг жанговар қобилиятига путур етказади.

Манбанинг Элтузга билдиришича, ушбу  қусурли маҳсулотларнинг харидорлари – Ўзбекистоннинг ҳарбий тузилмаларидир;

«Давлат Мудофаа саноати қўмитаси раиси Ойбек Исмоилов Бош вазир Абдулла Ариповнинг кўмаги билан, уларнинг сифати пастлиги ва нархи сезиларли даражада ошганлиги ҳақидаги маълумотларга қарамай, ўз маҳсулотларини уларга мажбуран ўтказмоқда.»

Манбанинг таъидича, бу ҳолатда¸ қўмита раиси Ойбек Исмоиловнинг соҳани билмаслиги ва маъсулиятизлиги бошқа лойиҳаларни амалга оширишда ҳам намоён бўлмоқда:

1.  Ойбек Исмоилов ҳуқуқ-тартибот идоралари ва иқтисодий ҳисоб-китоблар билан мувофиқлаштирилмаган ҳолда Чирчиқ самолётларни таъмирлаш заводи базасида дронлар ишлаб чиқариш лойиҳасини ишга туширди. «Ишлаб чиқарилган» маҳсулот параметр ва хусусиятлари Ўзбекистон ҳарбий бошқармалари эҳтиёжларига жавоб бермайди. Аснода лойиҳа ва унга сарфланган давлат маблағлари талабга жавоб бермайдиган ва беҳуда ускунани ишлаб чиқаришга сарфлангани ўртага чиқди.

2.  Oйбек Исмоилов ташаббуси билан яратилган  ва бош вазир Абдулла  Арипов шамсияси остида ишлайдиган тузилма «Крантас» МЧЖ базасида  ишлаб чиқарилган «Тарлон» ва «Қалқон» зирҳли машиналарининг прототиплари –  Ўзвекистондаги ҳарбий меъёрларига мос келмаслигни мутахассислар аниқлаган. Аммо, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан, “Тарлон” ва “Қалқон” броневиклари  мамлакат мудоффа тизимлари тарафидан харид қилинишига мажбурланди. Шу билан бирга, “Тарлон” зирҳли машинаси Туркиянинг «Nurol Makina» ширкати ишлаб чиқарган бронеавтомобилнинг паст сифатли нусхаси бўлиб, «Nurol Makina» аллақачон ўз муаллифлик ҳуқуқининг бузилишига расман норозилик билдирган.

Oйбек Исмоилов ва унинг муовини Жамол Турсунов лоббичилиги остида  Хитой фирмаларидан биридан – АРЗ ҳарбий автомобилларни таъмирлаш заводи учун 500,000 АҚШ долларга станоклар сотиб олинган.

Ўтказилган текширувда бу станоклар бозорда  аналоглари бўлган шунга ўхшаш ускуналардан икки баробар қимматлиги аниқланган.

Нега бозорда икки баробар арзон ва нисбатан сифатли ускуна турганда айнан бу Хитой ширкатининг сифати шубҳали ва қиммат станоклари сотиб олинди?

Жавоб оддий.  Нархи ошириб кўрсатилган хариддан “чўтал” (“откат”) олишдир.

Бу ҳолатда фойда кўрган тараф – Исмоилов ва Хитой ширкати.

Зарар кўрган эса – Ўзбекистон давлат бюджети ҳамда қудратига путур етказилган мамлакат армияси.

Бу шубҳали ва қиммат станокларни илгари Ўзбекистон саноатига турли фойдасиз ва эскирган ишлаб чиқариш ускуналарни сотиб, мамлакат иқтисодига зарар келтиргани фош қилинган шахс – «откат тужжори» Н. Атажановдир.

Атажанов Хитой ширкатининг ишончномаси асосида қиммат станокларни мудофаа саноатига тиқиштирган.

Ойбек Исмоилов ва Жамол Турсуновларнинг «Давлат харидлари» ҳақидаги қонун талабларини айланиб ўтиб, нархи атайлаб қиммат қилинган ускуналарни сотиб олишга қарор бериши, Элтуз манбаларига кўра, айнан ўша “откат” олиш иштаҳаси билан боғлиқ

“Откат” олиш иштиëқи боис Исмоилов тарафидан Ўзбекистон манфаатларига жавоб берадиган бошқа таклифлар ҳам кўриб чиқилмади.

Шу тариқа Ўзбекистон мудофаа саноати давлат пули йўқ бўладиган “Бермуд учбурчаги”га айланди.

Фақат бир фарқ бор. “Бермуд учбурчаги”да кемалар изсиз йўқолса¸ мудофаа саноатига  учун йўқотилган пуллар мулозимлар чўнтагида пайдо бўлмоқда.

Физика қонуни. Бир ерда камайса, бир ерда кўпаяди. Аммо бу ҳолатда мамлакат қонунлари нега ишламай қолмоқда?

Овчилар учун бир миллионлик ўқ

Жорий ойда ўтказилган текширувда  Ойбек Исмоилов ва Жамол Турсуновлар Ўзбекистоннинг «Давлат харидлари тўғрисида» ги қонунчилигини бузган ҳолда, техник-иқтисодий таҳлил ўтказмасдан, овчилар учун бир миллион евродан ортиқ қийматга эга ўқ-дорилар ишлаб чиқариш учун ускуналар сотиб олди.

Бу Ўзбекистон овчиларининг эҳтиёжидан 100 баробар кўпдир.

Шу билан бирга, ушбу патронларни  экспорт қилиш имконсиз, чунки уларнинг нархи мавжуд бозор нархларидан ўта қиммат, яъни бир патронга 50 центга нархланган.

Ҳолбуки, импорт харажатлари қўшилган ҳолатда ҳам, бу ўқларнинг Европа ва Россиядаги аналоглари, сифатига қараб, 15 сент билан 20 сент оралиғидаги нархда сотилмоқда.

Нопрофессионал ҳисоб-китобларга кўра, сотиб олинган патрон ишлаб чиқарувчи бу ускуналар йилда атиги 4 кун ишлайди холос.

Нега  ўзбек овчилари ўз ов  милтиқлари учун ўқ-дориларига 2,5-3 баробар кўпроқ пул тўлаши керак? Исмоиловни бойитиш учунми?

Шунингдек, ҳарбий-саноат мажмуаси корхоналарида Ойбек Исмоилов ташаббуси билан қилинган барча харидлар «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонунга зид равишда амалга оширилаётгани  ва кўп ҳолларда уларнинг хулосалари сохталаштирилгани ҳам текширув давомида юзага  чиққан.

Ушбу фактларни текширув давомида аниқлаган муфаттишларда  қатор  саволлар туғилди – Давлат Мудофаа саноати қўмитаси раиси Ойбек Исмоилов ким учун ва кимнинг манфаатлари учун ишлайди? Нега давлат пуллари атай  нархи оширилган ва аксар ҳолда кераксиз ускуналар сотиб олишга сарфланди? Ўзбекистон Республикасининг жанговар қобилиятига путур етказадиган, аскарлар саломатлиги ва ҳаëти учун хавф туғдирадиган паст сифатли маҳсулотлар учун ким жавоб беради? Нега ўзбек ҳарбийларининг ҳаёти  хатарга суқилди?

Давлат ҳисобидан ҳашамат. Уч аравали мулозим.

Ҳарбий ва иқтисодий қудрати Ўзбекистонникидан анчайин кучли бўлган Германия ва Шветсия каби давлатларининг мулозимлари ишга жамоат транспорти ëки ўз шахсий автомобилларида қатнашади. Давлат бюджетида бу мулозимлар учун автомобил харид қилиш назарда тутилмаган. Ўзбекистон  Давлат Мудофаа саноати қўмитаси раиси Ойбек Исмоиловга эса давлат ҳисобидан учта автомобил хизмат кўрсатади.

Нега учта, масалан, бешта эмас, деган савол ҳам туғилади.

Бу саволга жавоб берган Элтуз манбасига кўра, аввалига Исмоиловга иккита люкс автомобил хизмат кўрсатган.

«Бу Mercedes-Benz ва Captiva автомобиллари эди. Аммо, Исмоилов  учрашув ва делегацияларни ташиш учун микроавтобус сотиб олиш учун ажратилган маблағга учинчи Malibu автомобилини сотиб олди. Бу автомобилни Исмоилов шахсий эҳтиëжлари учун ишлатилиб келгани текширув давомида аниқланди.»

Бу текширувлар натижалари ўқ ўтмайдиган сейфларга қамалиб, натижалари давлат раҳбарига етиб бормаслиги учун Исмоловнинг акахонлари қаттиқ ҳаракат қилмоқда, дейди мақола ëзилиши асносида Элтуз билан мулоқотда бўлган муфаттиш.

Унинг ҳазил аралаш айтишича, Исмоиловнинг ҳукуматдаги тирик қалқонлари у ишлаб чиқарган темир қалқонлардан юзларча марта мустаҳкам.

Сўнг сўз ўрнида

«Энг муҳими уруш бўлмасин» деган истак тез-тез қулоққа чалинади. Мудофаа саноатидаги коррупционерлар эса «бутун ўғирликларни уруш пайтида списать қивориш мумкин», деган мантиқни севишади. Аммо 2014 йилда Қрим ишғоли пайтида Украина армияснинг коррупцияга ботгани солдатларнинг егани нони отишга ўқи йўқ бўлмагани фонида ўртага чиқди.

2021 йилда АҚШ тарафидан «эмизилган» Афғонистон армияси ҳам йиллар давомида ўлик жонлардан иборатлиги маълум бўлди.

Мақталган рус армиясининг Украинадаги талафотлари ҳам коррупция  «шарофати» экани ҳақида аксар гапирмоқда. Шу боис, бутун ўғирликларни уруш пайтида «списать қивориш мумкин» деган ақида ўз долзарблигини йўқотди. Тарозига қўйилган нарса эса мамлакат мустақиллиги ва ўзбек аскарларининг ҳаëт мамотидир.

«Элтуз» Ўзбекистон ҳарбий прокуратураси ва Мудофаа вазирлигидан бу мақолада келтирилган иддаолар борасида малакали изоҳ кутади.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
14 март 2019
Жуда ғалати ишлар бўляптики, на жим туриб бўлади ва на гапириб. Аммо “қилинган ишдан пушаймон қилинмаган ишдан пушаймондан яхшироқ”, ...
25 март 2019
Россия ва Хива хонлиги ўртасидаги Гандимиëн шартномасига кўра, 1873 йили Хива хонлигида қулдорлик бекор қилинди. Ўша йилнинг 12 августида ...
23 октябр 2018
Халқаро бокс уюшмаси (AIBA) президентлиги учун 2-3 ноябрда ўтадиган сайловда ўз номзодини қўйган ўзбекистонлик 66 яшар Ғафур Раҳимов жиноят ...
1 ноябр 2022
Улуғ ўзбек шоири ва муҳолифат лидери Муҳаммад Солиҳ билан суҳбатнинг 11-қисми Турк бирлиги ғояси ва турк дунёси имкониятлари ҳақида. ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...