Асосий мавзулар
28 март 2023

Бухоро қандай бомбаланган эди ёки музей директори нега қочди?

«Юзук-Арт» ташкилоти фаоллари ташаббуси билан 23 март куни Америкадан топилган ва Ўзбекистонга келтирилган «Бухоронинг бомбардимон қилиниши» триптихи хотирасини йўқотишга улгурган кўпгина ўзбекларни хушёр торттирди.

Кўпчилик бу воқеа ҳақда ўйлай бошлади, айримлар масалан  Ўзбекистон давлат санъат музейи директори Васила Файзиева уни Рауф Парфи ҳайкали тақдимотида экспозиция залига осилишига  изн бермади ва тақдимот куни эса музей директори тадбир ўтаётган экспозиция залини ташлаб чиқиб кетди.

Охуновнинг 30 йил бурунги асари аслида, бир сирли қонуниятга кўра, худди лакмус қоғози каби баланд курсиларда кимлар ўтирганини, уларнинг «иситмаси» нимадан эканини фош қилди. 

Ўз ўзидан аёнки музей директори Васила Файзиева бу ҳаракати билан ё ўзи ош-қатиқ бўлган Россия рахбарларининг, ёки янаям тўғрироғи, ўзидан бир поғона юқорироқда ўтирган россияпараст акалари манфаатини ҳимоя қилмоқда. Ҳар ҳолда бу ерда Ўзбекистон манфаати сираям ўйланаётгани йўқ, ёки яна бир бор бу мамлакатнинг маданиятига, тарихига, сиёсий мустақиллигига тупурилмоқда. 

Рассом Вячеслав Охунов, «Бухоронинг бомбардимон қилиниши» асари фонида

Хўш, совет даврида кўргазма залига илиш мумкин бўлган русларнинг «Бухорони бомбалагани»га бағишланган рангтасвир асар бугун нимаси билан ва ким учун қўрқинчли? Шу ерда қисқа бир тарихий чекиниш.

1920 йил рус коммунистларининг аввалига Бухорода халқ орасида гражданлар урушига ўхшаш фитна қўзғашга уриниши, кейинчалик эса шаҳарни қамал қилиш йўли билан босиб олиш режаси  барбод бўлади. Шундан сўнг, босқинчи Фрунзе очиқчасига агрессия йўлига ўтади. Бухорони ва унинг халқини ҳаво учоқлари орқали бомбардимон қилишга буйруқ беради. Шундан кейингина рус босқинчиларининг шаҳарга киришига имкон яратилади. 

Энг қизиғи бу воқеа 1920 йилнинг 1 сентябрида юз берди. Шу куни Бухоро бомбардимон қилинди ва рус большевиклари шу йўл билан қамал қилинган шаҳарни эгаллашди. Яна бир парадокс, коммунист Каримов истаги билан бу кун негадир кейинчалик Ўзбекистонда мустақиллик куни сифатида белгиланди.

Шу гапларни ўйлаб турсам, лоп этиб бошқа бир маълумотни ўқиб қолдим. 27 феврал куни Ўзбекистон санъат музейи директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосали лавозимига Россия ватандоши бўлган Овчинников Михаил Владимирович тайинлангани ҳақида.

Хўш Овчинников жаноблари ким?

Расмда Михаил Овчинников (ўртада) музей ходимлари билан

Санкт Петербург давлат маданият институтининг санъатшунослик аспирантураси битирувчиси М. Овчинников Санкт Петербургдаги «FABERJE» музейи собиқ директори бўлган.

Шу ерда пазл парчалари Путиннинг қимматбаҳо тухумлари шаклида сирли тарзда бир ерга йиғилаётгани ва сарлавҳага чиқарилган музей директори нега қочди деган саволга жавоб топилгани кўзга ташланади.  Яъни Овчинников Россиядаги энг қимматбахо «FABERJE» тухумлари музейини бошқарган. 

Одатда ўлмас Кошейнинг жони йимирта ичида, йимирта эса сандиқда, сандиқ эса дарахтда бўлади. Ҳар ҳолда Россиядаги қимматбахо тухумлар эгасининг қўриқчиси Ўзбекистондаги музейга нима мақсадда келгани, музей директори журналистлар, блогерлар йиғилган зални нега ташлаб қочгани, нега Вячеслав Охуновнинг АҚШдан топиб келтирилган ноёб «Бухоронинг бомбардимон қилиниши» асарининг залга осишга рухсат этилмагани сабаби шу тарзда бугун бир қадар аён бўлди.

Шоир мухлислари Рауф Парфи ҳайкали фонида

Рауф Парфи нечоғлик некбин инсон эди! У бекорга ўлсам, менга ҳайкал қўйинг, демаган дея ўйладим. Шу бахона шоир оламдан ўтган кун 27 мартда унга ҳайкал қўйилди, Шу бахона тарих чангларида йўқолган икки асар топилди, шу бахона ўз хотирасини йўқотган, рус амалдорининг бармоқ ишорати билан нафақат давлат музейидаги асарларни, балки музейни ҳам ташлаб қочишга тайёр рахбарга бу икки асар кўзгу каби тутилди.

Сизнинг хотирангиз олдида бош эгамиз устоз Рауф Парфи!

Қудрат Бобожон

Элтуз муҳаррири

Тағин ўқинг
15 май 2023
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги Германиядан келган халқаро ташкилот вакиллари билан учрашувни бекор қилди. Учрашув олдиндан белгиланган эди. Учрашувга ...
18 январ 2024
Элтуз порталига келган навбатдаги 5 та шикоят мактубларини ўқиймиз. Улар Ўзбекистоннинг Жиззах, Андижон, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларидан келган. Дастлабки ...
8 октябр 2021
Бу 20-асрнинг энг буюк ўзбек шоири Мухаммад Солиҳ ëзган шеърдан иқтибос эди. Бир вақтлар Гдлян «Ўзбеклар ўғри» деганда, Ўзбекистондаги ...
30 октябр 2015
Бугун Лўс Анжалусдаги қасримнинг минглаб хоналаридан бирида адашиб қолиб эшикмикан деб ишкопни очибман. Қарасам шаққилдоқ турибди. Олдиндан айтай бугунгача ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...