Асосий мавзулар
8 август 2023

Ўзбекистоннинг «чиқинди қироли» ким?

Экология қўмитаси раисининг ўринбосари қандай қилиб «чиқинди қироли»га айланди?

Исломбек Боқижонов

Санитар тозалаш корхоналарини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга турли имтиёз ва преференциялар бериш ҳамда давлат-хусусий шериклик муносабатлари асосида жорий этилишини кенгайтириш мақсадида 2022 йилда 189-сонли Президент фармони қабул қилинди.

Мазкур Фармонга кўра, ушбу соҳада фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектларидан ундириладиган бир қатор мажбурий тўловлар бекор қилинди, фойда солиғи ва ижтимоий солиқ ставкалари пасайтирилиб, бир неча миллиард сўмга тенг бошқа бир қатор имтиёзлар берилди.

Берилган имтиёз ва преференцияларга кўра, Давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этилган корхоналар ихтиёрида ўнлаб миллиард сўм миқдоридаги маблағлар қолиш имконияти яратилди.

Ушбу имтиёз ва преференцияларга қўшимча равишда, имтиёзли тўлов шартларида давлат корхоналарига тегишли бўлган махсус техникалар, беғараз фойдаланишга берилган чиқинди полигонлари, бино ва иншоотлар, чиқинди тўплаш шаҳобчалари, чиқинди тўплаш контейнерлари деярли текин нархларда бериладиган бўлди.

Қисқа қилиб айтганда, шунча имконият берилган бўлса, ишлаш ва мўмай даромад келтирувчи тайёр бизнес.

Элтуз ўтказган суриштирув Президент фармони берган имкониятдан, биринчилардан бўлиб, ўша даврда Давлат экология қўмитаси раисининг ўринбосари лавозимини эгаллаган Исломбек Боқижонов ҳамда унинг афтрофида бўлган бир гуруҳ “уддабуронлар” фойдалана бошлаганини аниқлади.

Ҳозиргача Исломбек Боқижонов қурган империя тор доирадаги камчилик тадбиркорларга маълум эди.

Аммо бугун Элтуз буни барчага ошкор этишга қарор қилди.  

«Уддабуронлар» гуруҳи

Исломбек Боқижонов етакчилик қилган “уддабуронлар” гуруҳи аввал бошдан асосий эътиборни энг кўп фойда келтириши мумкин бўлган ҳудудлар – Андижон, Фарғона, Сурхондарё, Қашқадарё, Тошкент вилоятларига қаратди.

Исломбек Боқижонов яқин қариндоши номига “BIO TEX EKO” МЧЖни, ўзининг укаси Шахобиддино Боқижонов номига “BI SAY” МЧЖни, яқин “шотири” Отабек Раҳбаров ҳам Қўмита ҳузуридаги Санитар тозалаш бўйича ихтисослаштирилган корхоналар республика бирлашмаси директори лавозимидан фойдаланиб, бошқа қариндоши номига “Водий махсус санитар транс” МЧЖни ташкил қилишади.

Қизиғи шундаки, тендер раиси ҳам жаноб Боқижонов ўзида мавжуд ҳамма имкониятлардан максимал даражада фойдаланди.

Қўмита ҳузуридаги Санитар тозалаш бўйича ихтисослаштирилган корхоналар республика бирлашмаси директори, Отабек Раҳбаров

“Уддабуронлар” аввал бошдан шаффофлик мезонларини бир четга суриб қўйишди ва тендер босқичини ҳам ўз қўлларига олишди.

Элтуз инсайдерларига кўра, тендерга қўйилган “энг мўмай даромадли” ҳудудларнинг 80 фоизидан ортиғи “юқори балллар” “уддабуронлар”га тегишли корхоналар ихтиёрига ўтди.

 Мабодо тендер пайтида мутлоқ устинлиги туфайли йиқитишни эплаша олмай, “рўйхатидагидан” бошқа бирор бир корхона “тасодифан” ҳақиқий ғолиб бўлиб қолса, турли бўхтон ва уйдирмалар билан, ғолиб корхонани судларга бериб, безор қилиб “тинчитишди”.

Кейин эса тендерда “ғолиб бўлган корхоналар” билан тантанали равишда битимлар тузишди.

Битимлар ҳам, табиийки, ғолиб корхоналар эгаларининг хоҳишу истакларига қараб тузилди.

Номиз юқорида зикр этилган ширкатлар учун битим шартлари бошқаларга нисбатан “яхшилаб имтиёзларни қўшиб” берилиб, “ўзгача” қилиб тузилди.

Битимнинг ҳамма шартларни ўзларининг фойдасию хоҳишу истакларига қаратган ҳолда тузилганидан сўнг хотиржам ишлар бошланади.

Аммо, ушбу “уддабуронлар” Давлат раҳбари томонидан берилган шунча енгиллигу имтиёзларнинг устига қўшимча равишда ўзлари учун яратиб олган шароитларга ҳам қониқишмади. 

 “Уддабуронлар” энди ҳали муддати етиб келмаган мамлакат президенти берган имтиёзлардан фойдаланишни орзу қилиб қолишди ва бу орзуни амалга оширишди.

Бошқарув ўз қўлларида бўлгани боис ушбу корхоналар томонидан тўланиши лозим бўлган 5 % тўлов тўланмайдиган бўлди.

Собиқ қўмита раиси ўринбосари жаноб Исломбек Боқижоновнинг тегишли топшириқ хати билан Президент берган имтиёзли муддат етиб келишидан 6 ой аввал ушбу тўловни асоссиз бекор қилиб, 2,5 млрд сўм маблағни давлатга тўламасдан, ўз чўнтакларига уришди.

Президент берган имтиёзлар, имтиёзли шартларда берилган махсус техникалар, беғараз берилган полигону контейнерлар…. ва битта хат билан осонгина чўнтакка урилан 250 минг доллар.

Аммо булар ҳам камлик қилиб, жаноб Боқижонов курсида ўтирган пайтда ўзларига тегишли корхоналарга Экология жамғармасидан ўнлаб миллиард сўмлик ссуда маблағлари ажратишга ҳам улгурди.

Энг ҳайратланарлиси, қисқа вақт ичида шунча ишларни қилиб ўрганган “уддабуронлар”, энди мамлакат Президентини ҳам алдашга ўтишди.

Президентнинг Сурхондарё вилоятига ташрифи давомида, давлатнинг катта маблағи сарфланиб, кунига 5 минг тоннадан ортиқ чиқиндини қайта ишлаш ҳисобига 10 хилга яқин маҳсулот ишлаб чиқариши мумкин бўлган завод фаолияти тўғрисида маълумот берилди.

Сурхондарё аҳолиси бу корхона ишга тушмади “пул сарфлаган бечора тадбиркорлар банкрот бўлди” дейишмоқда.

Табиий савол: Миллиардлаб маблағ сарфланган завод қурилиши битганмиди ўзи? Унда завод нега ишламади экан?

Энг қизиғи Исломбек Боқижонов Самарқанд вилоятидаги “Мароканд Обод” корхонасини ҳозирги кунда ҳам “бошқарар” эмиш.

Мамлакат Президентининг юқоридаги Фармонида имтиёзлар беришдан кўзланган мақсад  чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга оширишда узоқ муддатли инвестиция лойиҳаларни жалб этиш эди.

Соҳага инвестиция киритиш умидида берилган имтиёзларга мос равишда ишлар қилиндими? Кўрсатилган хизматлардан тушумлар оширилдими? Инвестициялар киритилдими?

Саволлар кўп!

Минг афсуски, ўзлари танлаб олган энг кўп фойда келтирадиган ҳудудлардаги аҳвол аввалгидан ёмонлашса ёмонлашдики, ижобий томонга бирор ўзгариш бўлганлигини кўриш қийин.

Соҳадаги ҳолатни кўриб, инвестиция киритиш ҳам тадбиркорларнинг эсидан чиқиб қолганга ўхшайди деб ўйлайсиз.

Охирги пайтларда Зангиота туманидаги чиқинди ташиш фаолиятидан аҳолининг норозилигини кўриб, бу норозилик бежизга бўлмаганлигини англаш мумкин.

Ушбу ва Тошкент вилоятининг бошқа бир қатор туманларида “Зангиота ободон” корхонаси хизмат кўрсатмоқда.

Шунда бу ҳудуд ҳам бизнинг “уддабуронларга” тегишли бўлса керак ёки шуларга ўхшаш кимнингдир “эркатой” жияни ёки укасига тегишли бўлса керак деган хулоса қиласиз.

Беғараз фойдаланишга берилган полигонларга чиқиндиларни ташлаш қоидаларига риоя этмасдан инсонлар ҳаётига хавфли бўлган чиқиндиларнинг ташлаб юборилишини кўриб, берилган шунча нарсалар нафақат увол бўлганлигини, балки, одамлар ҳаётига ўта хавф солаётганлигини англайсиз.

Мутахассиларнинг фикрига кўра, полигонлардан йилига атмосфера ҳавосига 400 минг тн иссиқхона газлари чиқиб, ер остига 43 минг тн чиқинди эриндиларидан заҳарланган фильтратлар ташланмоқда.

Бунинг натижасида, аҳолимиз орасида сурункали касалликлар сони тобора ортган. Йилига 471 минг нафас йўли, 469 минг асаб тизими, 344 минг юрак, қон-томир, 26 минг онкологик касалликларига чалиниш ҳамда чақалоқларнинг ногирон бўлиб дунёга келиши ҳолатлари кузатилмоқда.

Ҳозирги кунда ўзларига тегишли 3 та корхона – “CSW BIO GROUP”, “CSW BIO GROUP” ва “BI SAY” МЧЖ таъсисчилигида “яхши ниятлар” билан 33 фоиздан улуш киритиб, Чиқиндилар билан ишлаш соҳасидаги ташкилотлар уюшмасини ташкил этиб олишган.

Кўрамиз, ушбу йўналишда қандай режаларни ўйлаб қўйишган экан.

Тағин ўқинг
16 декабр 2020
11 декабрь куни Евроосиё иқтисодий иттифоқининг онлайн саммитида Ўзбекистон ва Кубага ташкилот ҳузуридаги кузатувчи давлат мақоми берилди. Тадбирда ЕОИИга ...
17 июн 2016
80- йиллар охирларида саҳна юзини кўрган «Ойна» драматик асари орқали прокурорларнинг арзанди ўғиллари қилаëттган жиноятларни фош қилган ëзувчи «коммунист ...
22 май 2018
Таниқли ўзбек карикатурачиси Маҳмуд Эшонқулов Туркияда ўтган «Сув – ҳаёт» халқаро танлови совриндори бўлди. 22 май куни «Элтуз» мухбирига ...
10 сентябр 2024
«Элтуз» «Вақт машинаси» рукни остидаги мақолаларни чоп этишда давом этади. Навбатдаги ҳикоямиз Ёш бухороликлар ҳаракати фаоли Абдуқодир Муҳиддин ўғли ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...