Кўзқараш
12 ноябр 2015

Эгилмаган, букилмаган, синмаган!

Паҳлавон Содиқ
Би би си

1999 йил кузида Олий Судда Тошкент портлашлари юзасидан суд мажлисларидан бирига Мурод Жўраевни қўлларида кишан билан гувоҳ сифатида олиб келишди.

Мен Мурод акани, то судья исми-шарифини эълон қилмагунича танимадим. Охирги марта уни 1994 йилда Туркияда кўрган эдим. Озиб-тўзиб кетган, фақат қулоқлари қолган эди, холос. Концлагердаги маҳбусларга ўхшар эди. Ҳақиқатда ҳам концлагер номини олган Жаслиқдаги қамоқхонадан олиб келинганди, адашмасам.

Судья исм-шарифини тасдиқлагандан кейин ундан: «Муҳаммад Солиҳни танийсизми?» деб сўради. Мурод ака «танийман», деганидан кейин «қандай одам?» деб савол берди. Мен ҳозир томоша бошланса керак, Мурод акани Солиҳни ёмонлаш учун олиб келишган, деб турган эдим, Мурод Жўраев вазмин, ҳорғин бир овозда «Мен таниган Муҳаммад Солиҳ миллатпарвар, ватанпарвар ва демократ одам» деб жавоб берди.

У «демократ» сўзига алоҳида урғу берди. Чунки Муҳаммад Солиҳ террорчи сифатида айбланаётган эди. Ва «мени тўғри тушунинглар, мен 1994 йилдан бери қамоқдаман, ундан кейин ҳеч ким билан кўришмадим» деб қўшимча қилди. Судья гапни узатиб ўтирмади ва «олиб чиқиб кетилсин» деди.

Мурод Жўраевнинг гувоҳлигидан ҳафсаласи пир бўлганини яшириб ҳам ўтирмади. Қайтага буни залда ўтирганларга кўрсатишга ҳаракат қилди. Мен суд жараёнларини кўп кўрган ва қамоқхоналардаги аҳволни яхши билсам ҳам, Мурод аканинг ҳолати менга ёмон таъсир қилди.

Кўзимга ёш келди. Бошқалар кўриб қолмасин, дея тез-тез юриб, суд залидан чиқиб кетдим. Анча пайтгача ўзимга келолмай юрдим. Мурод ака ундан кейин ҳам қарийб 16 йил ўтирди. Эҳтимол, ана шу сўзлари учун ўтирди.

«Ҳақиқат эгилади, букилади, синмайди», деган мужмал гап бор. Буни Абдулла Орипов «Ҳақиқат эгилади, букилади, синмайди, аммо эгилиб, букилганда қобирғалари синиб кетади» деб янада мужмаллаштирган. (Шоир буни 1987йилда Наврўзни ёмонлаб қўйиб, кейин замон ўзгаргач, яна уни яхшилаш учун айтганди).

Аммо мен ҳақиқатнинг эгилиб, букилиб, ўзбекча айтганда, қуллуқ қилиб, чой ташиб юришини тасаввур ҳам қилолмайман. Ҳақиқат эгилмайди ҳам, букилмайди ҳам, синмайди ҳам. Зотан, эгилиб, букилса, албатта синади. Бунга Мурод аканинг шунча йиллик қийноқ ва исканжалардан сўнг, Васила опага суяниб бўлса ҳам, қаддини тик тутиб тургани мисол.

Аммо халқимизда бундан мантиқлироқ бошқа бир гап бор экан. Буни 2013 йилда қамоқдан чиққан Мамадали Маҳмудовни кўргани борганимда кашф қилдим. Мамадали акани Жиззахнинг чекка бир қишлоғидан яқин қариндошлари-ўзлари тенги бир аёл киши кўргани келди. Ва сўрашаркан, биринчи айтган гапи «ўша ерларнинг шўр тузини ялаб келдингизми?» деган гап бўлди.

Менга бу сўрашиш жуда қизиқ, айни пайтда жуда ҳам ўринли туюлди. Халқимиз қанчалик доно! Чунки 17 йил қамоқда ўтириб келган одамдан «яхши келдингизми?» деб сўраш ғалати. Аммо «шўр тузларни ялаб келдингизми?» деган гап жуда мантиқли эди.

Мурод ака ҳам 21 йил давомида не-не қамоқхоналарнинг шўр ва заҳарли тузларини ялаб келди. Оиласига қовушгани рост бўлсин!. Оллоҳ қамоқда ўтган умрини ҳам қўшиб берсин! Бошқа сиёсий маҳбуслар ҳам тез орада озодликка қовушсин!

Тағин ўқинг
29 ноябр 2019
Жажжигина ўғил бола отасидан сўради:– Яхши деган cўз нимаю, ëмон деган нимаси? Бу мисраларни ëзган шоир Владимир Маяковский «Нима ...
22 феврал 2023
Элтуз порталига келган навбатдаги 5 та шикоятни ўқиб эшиттирамиз. Дастлабки шикоят Тошкент вилоятининг Ўртачирчиқ туманидан. Автомобил эгаси йўлларнинг аҳволидан ...
2 май 2015
АҚШ Давлат департаменти матбут вакили Жэфф Ратке 1 май куни Вашингтонда ўтган матбуот брифингида Ўзбекистон ҳукуматини узоқ йилдан бери ...
11 август 2021
“Хива шаҳри – турк дунёси пойтахти” дастури доирасида Туркиянинг Невшеҳир вилояти ҳудудида жойлашган Ўртаҳисор ёки бошқа номи Кападокия шаҳарчасида ...
Блоглар
11 май 2024
1944 йилнинг 11 майида Сталин барча қрим татарларини Қримдан сургун қилиш ҳақидаги машъум қарорни имзолади. ...
6 май 2024
Ҳайрли кун! Урганч шаҳрида яшайман. Бугун қуйидаги воқеа юз берди: мен автобусда телефонда гаплашиб тургандим. ...
30 апрел 2024
1990 йилнинг 30 апрелида мустақил Ўзбекистон тарихидаги илк демократик партия – «Эрк»нинг таъсис қурултойи бўлиб ...