Асосий мавзулар
28 феврал 2017

Жамол Камол: «Каримов номи аэропортга қўйилмасин»

Ўзбекистон халқ шоири Жамол Камол Тошкент Халқаро аэропортига Каримов номини бериш ҳақидаги президент қарорига эътироз билдириб Мирзиёевга мактуб ёзди.

«Менинг назаримда, Ислом Каримов хотирасини абадийлаштириш ҳақидаги қарор бироз шошилинч қабул қилинганга ўхшайди», дея фикр билдиради 77 ёшли адиб ўз мактубида.

Президент Шавкат Мирзиёев Ислом Каримов хотирасини абадийлаштириш ҳақидаги қарорини 25 январ куни имзолаганди.

Кўплик қилмасмикан?

Қарор, Тошкент давлат техника университетига, Асака шаҳридаги автомобил заводига, Фарғона шаҳридаги Санъат саройига, Тошкент халқаро аэропортига, Қорақалпоғистон республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги марказий кўчаларга (маҳаллий давлат ҳокимияти органлари таклифлари асосида) Ислом Каримов номини беришни кўзлаган.

Жамол Камолнинг президентга ёзган хатига кўра, «марҳумнинг фаолияти ҳолис сарҳисоб этилиб, оқи оққа, қораси қорага ажратилмаган».

Унинг фикрича, Мирзиёев эътироф этганидек, «адолатли демократик жамиятнинг атиги пойдеворини қура олган» шахс учун «Музейлар, боғлар, олий ўқув юртлари, кўчалар, ҳайкаллар, жамғармалар…» жуда кўплик қилади.

«Шунчалар саҳоват кўрсатиш жоизмикан. Бунинг устига, Тошкент халқаро аэропортининг айни шу ном ила аталиши, тўғрисини айтганда тасаввурга сиғмайди», дея писанда қилади адиб сал истиҳола билан мамлакат президенти номига ёзган мактубида.

«Абадийлаштириш» аллақачон бошлаб юборилган

Қарорда, шунингдек ўтган йилиёқ Каримов хотирасини абадийлаштириш йўлида анча ишлар қилиб қўйилгани қайд этилади.

2016 йил октябр ойида Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоат фонди тузилган.

Тошкент шаҳар, Яшнаобод тумани «Фарғона йўли» кўчасида жойлашган жоме масжидига «Ислом ота жоме масжиди» дем ном берилган.

2016 йилнинг 2 декабрида эса «Каримов сиймоси тасвирланган ҳайкални яратиш бўйича халқаро ижодий танловни ташкил этиш тўғрисида» қарор қабул қилинган.

Шунингдек қарорга кўра, ҳар йили, Каримов туғилган сана 30 январ кунини кенг нишонлаш, «2 сентябр кунини хотира куни сифатида ёд этиш», ушбу саналар муносабати билан оммавий ахборот воситаларида Ислом Каримов ҳаёти ва фаолиятини кенг ёритилиши лозим.

Эътирозга ўрин йўқми?

Кекса адибнинг фикрича, бундай қарор халқ муҳокамасига қўйилиши, керак бўлса референдум орқали ҳал қилиниши керак.

Бугунги Ўзбекистон худудида минг йиллар давомида «не-не давлатлар, салтанатлар қурилгани» ҳақида ёзаркан, шу ўринда, «мамлакатнинг асосий дарвозаси» саналган Халқаро аеропортга муносиб, тарихий шахслар сифатида Алишер Навоий ва Соҳибқирон Амир Темур номларини келтиради.

«Боболар таъбири билан айтганда, етти ўлчаб бир кесилса, айни муддао бўлар эди», дейди у.

Ислом Каримов 27 йил давомида Ўзбекистонни шафқатсизлик билан бошқарди.

У ҳокимиятда экан, Ўзбекистон дунёнинг энг авторитар давлатларидан бирига айланди.

Очиқ муҳокамалар бўлмаган, танқид учун жазо қўлланиладиган Каримов даврига ҳос ўзбек жамиятида ҳукумат қарорлари ортиқча бир шошқалоқлик билан ижро этиб келинади.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси бўлган, Жамол Камол 1938 йили Бухорода туғилган. Ўнлаб шеърий тўпламлар муаллифи. Франсуз шоири Буало ва Шекспир асарларини ўзбек тилига ўгирган ва қатор мукофотлар соҳибидир.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
4 июн 2018
Солиқ қўмитаси раиси Ботир Парпиевнинг ишдан олиниши унга алоқадор кимсаларни кемадан қочишга уринаётган каламушларга айлантирган кўринади. Қудратли солиқчининг катта-катта ...
22 октябр 2022
Шу кунларда Лихтенштейн Князлигида ўтказилган маданий тадбирда, “Yuzuk e.V.“ нодавлат нотижорат ташкилоти ижрочи директори Дилбар Ғаффорованинг, «Ўзбекистон тасвирий санъати» ...
11 август 2021
“Хива шаҳри – турк дунёси пойтахти” дастури доирасида Туркиянинг Невшеҳир вилояти ҳудудида жойлашган Ўртаҳисор ёки бошқа номи Кападокия шаҳарчасида ...
10 сентябр 2018
Кескин қарашлари билан ижтимоий тармоқда танилган жиззахлик тадқиқотчи Рафаэл Сатторов «Элтуз» мухбири билан суҳбатда Ўзбекистондаги тузумни «архаик неофеодал жамият», ...
Блоглар
30 апрел 2024
1990 йилнинг 30 апрелида мустақил Ўзбекистон тарихидаги илк демократик партия – «Эрк»нинг таъсис қурултойи бўлиб ...
21 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...