Асосий мавзулар
4 октябр 2017

Очиқлик бизнинг қуролимиз

Ҳамкасбим Бобомурод Абдуллаевни Ўзбекистон конституциясини фитна (заговор) воситасида ағдаришга уринишда айблаб чиқишди.

Бобомурод Абдуллаевнинг 2003 йилдан бери Усмон Ҳақназаров таҳаллуси остида “режим кўрпаси тагидаги иллатларни” фош қилувчи мақолаларни ëзиб туришини ўта тор доира билар эди. Балки уч ëки тўрт киши. Шулардан бири мен эдим. Яна бири Муҳаммад Солиҳ.

Мақолаларнинг информатив сифатлилиги, тили, услуби, фактлар билан таъминлангани ва баъзи салбий унсурлари масаласида менинг бошқача фикрим бор. Аммо гап бу ҳақда эмас.

Гап бир одамнинг шу жасоратли ишга қўл уриб 14 йил давомида режим асабини арралай олганида.

Кўплар “Бундай мақолани мен ҳам ëзган бўлар эдим” дейишди, аммо ëзишмади.

Чунки ëзишса Бобомурод Абдуллаев каби МХХ зиндонига тушишига уларни ақли етади. Улар оддий қўрқоқликни ақллилик билан ўртмоқчи бўлган ҳашаки бозингарлардир.

Ўтган сешанба ҳар икки соатда “мен борман” дея ишорат бериб турадиган Бобомуротдан сигнал келмай қолди.

27 сентябрь куни соат 17 да у хотинига СМС юбориб ҳозир бораман деди. Кейин алоқа узилди.

Бобомурод МХХнинг Н. Тўрақулов исмли подполковниги бошчилигидаги тезкор гуруҳ тарафидан ўғирлаб кетилгани эса кейин маълум бўлди.

Фақат икки кундан кейин тинтув қилишга келганлар Бобомуроднинг МХХ ертўласида эканини айтишди.

Бунинг ортидан Бобомуродга Ўзбекистон ЖК сидаги энг оғир айблов юклангани маълум бўлди.

Муҳаммад Солиҳ Бобомуродни қутқариш учун унинг кимлигини очиқлашга қарор қилганини айтди.

Унинг назарида, ҳаммаси очиқ бўлсагина Бобомуродни ўлимдан қутқариш мумкин эди.

Оддий спорт шархловчиси, таксичилик қилиб кун кўрадиган Бобомурод Абдуллаевнинг –Усмон Ҳақназаров экани Истанбулдаги матбуот анжуманида Муҳаммад Солиҳ тарафидан айтилди.

Буниyu ортидан бир тўда авом “Вой нега айтди, энди фалон бўлади, писмадон бўлади” дея қаҳва қуйқасига қараб фол оча бошлади.

Бобомуроднинг тахаллус остида мақола ëзиши жиноят эмас. Ўзбекистон қонунчилигида “таҳаллус остида танқидий мақола ëзган одам қамалсин” деган модда йўқ.

Мана Бобмурод – у сиз ҳақда танқидий мақола ëзган Усмон Ҳақназаровнинг ўзидир.

Сизга энди унинг чўнтагига ўқ-наша солиш ва бошқа найранглар қилишга ҳожат йўқ. Сиз уни мавжуд қонунга зид тарзда сурбетларча сўз эркинлиги қурбони сифатида жазолашга маҳкумсиз.
У бир блоггер эди. Тахаллус остида мақола ëзарди. Ёзганлари сизга ëқмаган бўлса, бу сизнинг эстетик дидингиз билан боғлиқ.

Лекин, журналистнинг сўзи ëқмади дея уни қамаш мумкин эмас.

Бобомурод жиноятчи эмас. У ўғирлик қилмади, масалан иқтидордаги Бош вазир Ариповга ўхшаб мамлакатнинг 7 фоиз бюджетини ўғирлаш жанжалида фигурант эмас. Ëки МХХ раиси Рустам Иноятовнинг хотини ва ўғиллари каби коррупцион схемалар билан пул ўмаргани ҳам иддао қилинмайди.

Унинг исми ўзбек ўғри мулозимларининг Панама рўйхатида ҳам йўқ. У одам ўлдирмади.

У фақат мақола ëзди.

Буни сўз ва ифода эркинлиги дейишади жаноблар!

Бобомурод қамалганидан сўнг “унинг атрофида шов-шув кўтариш” унга фойда бермайди дея ғингшиган “ақлли”лар унинг хотинига босим ўтказа бошлашди.

“Жим ўтирсанг ўзингга фойда” деганлар расман МХХда ишламайдиган кимсалар эди. Улар ҳудди микроблар қуëш нуридан қўрққани каби ошкораликдан қўрқишади.

Аммо биз очиқлик, шаффофлик тарафдоримиз. Бизнинг кучимиз очиқлигимизда.

«Кучсизларнинг кучи ҳақиқатни қўрқмасдан айтишдадир» деган эди, Чехияни Коммунизмдан ҳолос қилган давлат арбоби Васлав Ҳавел.

Отабек Усмонов
Блоггер, Eltuz.com

Тағин ўқинг
3 июн 2023
Франц Кафка ўлимидан кейингина кўплаб асарлари чоп этилган ва дунёга танилган 20-асрнинг буюк ёзувчиларидан биридир. Тириклигида у бир нечта ...
17 декабр 2020
Сирдарё вилоятининг Ховос тумани Қаҳрамон қишлоғида яшовчи Э.Ж. декабрь ойининг ўзида икки марта жонига қасд қилган. Аввалроқ у ўз набирасини зўрлаганига оид видео ...
16 октябр 2018
Урганч тумани ҳокими Отабек Бекчонов 15 октябрь куни ишдан олинди. Унинг ишини ҳозирги пайтда ҳокимлик мулозими Қудрат Ражабов вақтинча ...
2 октябр 2020
Жума келса, худди узоқ кўрмаган дўсту ëрларим гурас-гурас бўлиб, мени қучоқлаб кўришгандай ҳис-туйғуни бошдан кечираман.  Жаҳоннинг шодлиги йиғилса бутун,  ...
Блоглар
11 май 2024
1944 йилнинг 11 майида Сталин барча қрим татарларини Қримдан сургун қилиш ҳақидаги машъум қарорни имзолади. ...
6 май 2024
Ҳайрли кун! Урганч шаҳрида яшайман. Бугун қуйидаги воқеа юз берди: мен автобусда телефонда гаплашиб тургандим. ...
30 апрел 2024
1990 йилнинг 30 апрелида мустақил Ўзбекистон тарихидаги илк демократик партия – «Эрк»нинг таъсис қурултойи бўлиб ...