Cатира
25 январ 2018

Шу ҳоким ҳам одамми?

Ҳали Ўзбекистон аҳли қалбида Оқтўбада ҳалок бўлган 52 нафар юртдошимизнинг мотами оғриғи сусаймай туриб, марҳумлар шаънини ҳақорат қилган Фарғона вилояти ҳокимини тўғрисида гап кетганда шундай саволни ўртага ташлаш адолатсизлик бўлмаса керак.

Бутун интернет бўйлаб тарқалиб кетган бу ҳақоратларнинг ҳаммасига тўхталиб ўтиш шарт эмас. Аммо шундай жиҳатлари борки, айтсанг тилинг, айтмасанг дилинг куяди.

Аввало, ҳокимнинг вилоят миқёсида бўлиб ўтган видеоселекторда айтган гаплари давлат раҳбариятининг мазкур фожеа муносабати билан кўрган ва кўраётган чора-тадбирларига жуда улкан соя бўлиб тушди.

Энди бутун халқ ҳукуматнинг бу чора-тадбирларини миннат ўрнида қабул қилмаслигига ким кафолат беради?

Азадор оилаларга берилган бор-йўғи 80 миллион сўм (тошлоқлик ҳар бир марҳумга минг доллардан ҳам тўғри келмайди) ҳомийлик ёрдамини бутун бошли вилоят ҳокими миннат қилиб турганидан кейин яна нима деб ўйлаш мумкин?!

Яна «таъна қилаётганим йўқ», деяётганига ўласизми. Таъна, миннат бўлмаса, нима бу гаплар?!

Яхшиям чўнтагидан бермаган. Акс ҳолда қолган халқни ҳам ўлмаганига пушаймон едириб, терисини тириклайин шилиб олармиди бу ҳоким.

Бошқа томондан, «ҳоким менинг одамим» деб уларнинг нуфузини кўтаришга ҳаракат қилаётган президентнинг ишончига берилган зарба эмасми бу?

Ҳоким тириклайин оловда ёнган 16 нафар тошлоқликка эмас, улар ўлгани учун «айбдор қилиниши» эҳтимолидан фол очиб, «бечора участка нозири»га ачиняпти.

«Ёзса ёзаверсин», деяпти ҳоким матбуотдан, жамоатчиликнинг фикридан қўрқмаслигини билдириб.

Бу гаплари билан шунчалик оғзи шалоқлигига қарамай, яна уни шу пайтгача мансабида ушлаб турган президентга орқа қиляптими?

Аслида давлат раҳбарининг орқасига урилган ханжар эмасми бу?

Ҳокимнинг ҳақоратларини эшитиб, бир вақтлар Андижон воқеалари ҳақида гапирган ëзувчи Хуршид Дўстмуҳаммад исён қатнашчиларини «шўрванинг кир кўпиклари», дея атагани ёдга тушади.

Ҳар ҳолда Хуршид Дўстмуҳаммад депутат ëзувчи эди. Халқимиз бу «эркалик»ни уни севгани учун кўтара оларди.

Лекин иш қидириб, рўзғор ташвишида ўзга юртларга отланган чоғида тириклайин ёниб кетган ҳамюртларига ҳатто ўлимидан кейин ҳам бир оғиз яхши сўзини раво кўрмаган валломатнинг ҳақоратларини халқимиз кечирармикин?

Қолаверса, азадор халқнинг ярасига туз сепган бу ҳокимнинг ўз мансабида қолиш-қолмаслик масаласи халқ давлатга эмас, давлат халққа хизмат қилиши кераклигини айтаётган давлат раҳбари учун ҳам бир имтиҳон кабидир.

Сардор Азим
Eltuz.com

Тағин ўқинг
25 июн 2023
Пригожиннинг уруш саҳнасидан чекиниб, Ростовда нағма кўрсатгани, Путин билан келишув қилиб, Беларусга қочишини кўплар Путиннинг ғалабасидай қабул қилаяпти. Ҳатто ...
23 ноябр 2022
Швецияда 2013 йилдан бери Россия фойдасига жосуслик қилган ўрис эр хотин қамоққа олинди. 1990 йиллар охирида Швецияга кўчиб келган ...
19 август 2018
Ҳукумат буюртмасига кўра, ўзбек мухолифатини ёмонотлиқ қилувчи китоб ёзган Олег Якубов билан бўлиб ўтган суҳбатдан сўнг 2000 йилнинг 27 ...
19 декабр 2022
(Nullum crimen, nulla poena sine lege) Давлатнинг куч ишлатар тизимлари қаршисида шахснинг қадр қадр-қимматини муҳофаза қилишнинг энг муҳим воситаси ...
Блоглар
12 январ 2025
Турли мавзуларга ўз қараши билан фарқланадиган блогер Кирпи Президентнинг 380-сонли қарори асосида 1000та китобнинг ўзбек ...
7 январ 2025
Ижтимоий тармоқларда “1000китоб” лойиҳаси бўйича турли гап-сўзлар айланиб юрибди. Мансаб талашуви, зиёлиларнинг гуруҳ-гуруҳ бўлиб, бир-бири ...
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...