Кўзқараш
19 апрел 2019

МДҲдаги фолбинча сиёсат

Фолбинларга ишонмайман, лекин уларнинг бизнес моделига қойил қоламан. Бир қарашда келажакни таваккал айтиб, мижозни бунга ишонтириш жуда қийинга ўхшайди. Аслида эса фолбинлар буни жуда осон эплайди.

Айтайлик, бир гуруҳ одамга “ўн бир ойдан кейин ҳаётингда бахтли ҳодиса рўй беради” десангиз, кўпчилик ўн бир ой ичида бу башоратни унутиб юборади, унутмаганлар эса ҳаётидаги бирор бахтли воқеани ўша башорат билан боғлайди, зеро инсон ҳаётида доимо “бахтли” ва “бахтсиз” деб баҳоланадиган воқеалар рўй бериб туради.

Аниқ башоратларга келадиган бўлсак, бу ерда бошқачароқ принциплар ишлайди. Масалан, бир гуруҳ одамга “ўқишга топшириб, кирасан” десангиз, кимдадир бу “башорат” амалга ошиши эҳтимоли ҳар доим бўлади. Юзта одамдан тўқсон бештасида амалга ошмаса ҳам улар келиб пулини қайтаришни талаб қилмайди (истиснолар камдан-кам бўлади), қолган беш киши эса фолбинга ишониб, яна ўнта мижоз етаклаб келади.

Фолбинларни эслашимнинг сабаби бор. Гап шундаки, МДҲ давлатларида фаолият юритувчи айрим сиёсатчи ва экспертлар фолбинларнинг принципларини ўзлаштирганга ўхшайди. Уларни тушунса бўлади — соҳа МДҲ ҳудудида янги, яхши мутахассислар етишмайди; айни пайтда, нопрофессионал мутахассисларни фош қилиб ташлайдиган танқидчилар ёки фуқаролик жамияти ҳам аксарият ҳолларда йўқ. Шунинг учун айримлар интернетда ёки телевидениеда чиқиб, қўрқмай сиёсий прогнозлар бераверади.

Сиёсий прогнозлар бериш — пухта билимни ва таҳлилий мушоҳадани талаб қиладиган масъулиятли иш. Лекин биз сўз юритаётган кичик бир гуруҳ одамлар сиёсий прогноз ниқоби остида ўзининг тахминларини бериб юборишдан ҳам тоймайди.

“Шарманда бўлгандан кўра жим тургани маъқулмасми?” деб ўйларсиз. Аммо бу ерда ОАВга хос шов-шувга ўчлик иш беради: “фалон давлатда ҳеч нарса бўлмайди” десангиз, сизнинг гапингиз журналистларнинг қизиқишини уйғотмаслиги мумкин. “Фалон давлатда уруш бўлади” десангиз, башоратингиз ёлғон бўлиб чиқиш эҳтимоли юқори. Ана шунда “мумкин” сўзи ёрдамга келади. Тахминингизга “мумкин” сўзини қўшиб гапирсангиз, ўзингизни ҳимоя қилиб оласиз ва айни пайтда шовшувли гап айтиб, ОАВнинг қизиқишини уйғотасиз. Энди мақсадга кўчайда, бир мисол келтирай.

Кеча бир “эксперт”нинг гапини эшитиб қолдим. “Украинада олигархлар фуқаролик урушини келтириб чиқариши мумкин, имкон қадар активларингизни олиб чиқиб кетинг” қабилида. Жуда зўр позиция! Урушни башорат қиляпти, демак, унинг сўзлари аниқ ОАВда чиқади. Агар ростдан уруш бўлса, “ана, айтмаганмидим!” дейди. Украинада уруш келиб чиқиши эҳтимоли 1 фоиз ҳам чиқмаслигини инобатга олсак, “мумкин” сўзи уни ҳимоя қилади. Уруш келиб чиқмаса, “мен ахир “мумкин” дегандим, чунки шунга ишоралар бор эди, лекин олигархлар вақтида ўзларини тийиб қолди”, дейди. Ҳар томонлама ютуқли позиция.

Мана шундай “экспертлар”дан огоҳ бўлинг, ҳар қандай жиддий қиёфали одамнинг гапларига ёки ёздиқларига ишониб кетаверманг ва, албатта, ҳар қандай маълумотни таҳлил ғалвиридан ўтказишга ҳаракат қилинг.

Эльдар Асанов,
Телеграмдаги «Асанов формати» блогери

Тағин ўқинг
16 март 2017
Медведевга совға қилинган  муҳташам қаср ҳикояси Навальний ҳисоботи марказидан ўрин олди. Маълум бўлишича, Россия бош вазирига яқинлиги айтилаётган жамғармага ...
7 сентябр 2016
Вафот этган президент Каримовга сажда қилиш амалиёти тобора куч олаётир. Интернетнинг ўзбек сегментида хизмат кўрсатган артистлар, таниқли журналистлар ва ...
15 январ 2019
Самарқандга ташрифи чоғида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев янги солиқ сиёсати доирасида жорий йил якуни бўйича республикада 5,5 трлн сўм ...
18 июн 2021
«Элтуз» журналист Шоҳида Тўлаганованинг Сардоба тўғони ўпирилиши билан боғлиқ суриштирув фильмини тақдим этади
Блоглар
20 январ 2025
Ўзбекистон президенти уйида йиртқич ҳайвон¸ илон ва хашаротларни боқадиганлар жазоланиши ҳақидаги қарорни 16 январь куни ...
12 январ 2025
Турли мавзуларга ўз қараши билан фарқланадиган блогер Кирпи Президентнинг 380-сонли қарори асосида 1000та китобнинг ўзбек ...
7 январ 2025
Ижтимоий тармоқларда “1000китоб” лойиҳаси бўйича турли гап-сўзлар айланиб юрибди. Мансаб талашуви, зиёлиларнинг гуруҳ-гуруҳ бўлиб, бир-бири ...