Йиғлаб келмоқ, кулиб кетмоқ…
(Саволларга жавоблар)
«Соф санъат» ҳақидаги «Фикрларнинг шиддатли умри» эссе-туркумини ёзиб битирганимда, ёзганларимга муносабат билдирилган бир қанча хат олдим. Жавобга арзигулик хатларнинг мазмун елпозаси (спектри) шу: «Сиз ўзбек эдингиз-ку, турклашдингизми, ўзбекликдан ғурурланмайсизми? Сиз, муслимон одам, нега Ғарб адабиёти «доҳий»ларини бизнинг ёшларга ўрнак кўрсатяпсиз? Бошқа муаллим топилмадими ўзбек адабиётида, тарихида? Тақлид қиладиган бошқа маънавий йўлбошчингиз йўқми? Нега яна ёза бошладингиз, сиёсатни ташладингизми? Адабиётни эмас, охиратни ўйлаш пайти келмадими, ўлимни ўйлаш пайти келмадими?»
Бу саволлар Ўзбекистондаги бугунги ижтимоий коньюнктура учун жиддий саволлар эди.
Уларга жавоб беришни лозим кўрдим:
ЎЗБЕКЛИК ҲАҚИДА. Ҳали ҳам ўзбекман. Ўзбек туркиман. Ўзбекни бугун етти суверен давлат ва бошқа давлатлар ичида автономияларда яшаётган 250 миллионлик нуфузга эга Буюк Турк Миллатининг бир қавми ўлароқ кўраман.
Турклашмадим, ҳамиша турк эдим. Туркистон турклар яшайдиган диёр демакдир. Мен ўша диёрда дунёга келдим, етишдим, ижод этдим, ўша диёр озодлиги учун, идеалларим учун баҳоли қудрат курашдим.
симни таниганимдан бери икки орзум бор эди: бири -Ўзбекистонни рус мустамлакасидан озод кўриш, иккичиси – бутун туркларнинг бирлиги орзуси. Алҳамдулиллоҳ, биринчи орзуим ушалди. ИншаАллоҳ, иккинчиси ҳам ушалажак. Балки буни мен кўрмасман, аммо авлодларимиз Бирлашган Турк Давлатлар (Федерацияси)ининг ватандоши бўлажагиндан аминман.
ҒУРУР ҲАҚДА. Миллий ғурур ҳақда бир неча марта турли сабаблар билан гапиргандим. Бу хусусдаги қаноатларимни яна бир такрорлайман: инсон жуда ғурурланишни истаса, фақат ўзи қилган ишдан ғурурланиши мумкин. Ўзбек бўлиб (турк бўлиб) яратилишимда менинг хизматим йўқ. Демак туркликдан (ўзбекликдан) ғурурланишга ҳам ҳаққим йўқ. Аммо ўзбек (турк)ни севаман, чунки ўзбек (турк) – ўзимман.
ЙЎЛБОШЧИ ҲАҚИДА. Адабиётда муаллимим йўқ. Тавозе кўрсатиб, «Мендан олдин ўтган бутун буюк адабиётчилар муаллимимдир», дейишни ҳам истамасдим. Чунки бунга аввал ўзим ишонишим керак. Бундай ишонч йўқ.
Лекин яшаш тарзига тақлид этишга интиладиганим бир раҳбарим бор. Орадан 1,5 минг йил ўтганига қарамай, айтган ҳар сўзи асрлар пардасини йиртиб, бугуннинг мутмаин қалбларига узанган ва уларни ёритиб турган бир йўлбошчи.
Бу Аллоҳнинг сўнги элчиси Муҳаммад алайҳиссалом саллалоҳу алайҳи вассалламдир.
Унга иснод қилинган, аммо унга оид бўлмаган миллионларча калималар орасидан айнан унинг айтган сўзларини дарҳол танийман ва қалб ларзага келади. Чунки унинг сўзларининг аураси бошқа, унинг сўзларидаги энергия бошқа.
Ким бўлсанг бўл, ҳадис китобларида бир сўз, бир жумла қалбингни титратиб, туйларингни ҳурпайтирса, ичингда бир саодат уйғотса, билки, бу ўша йўлбошчининг сўзларидир.
Ўша Йўлбошчи сўзларига амал қилишга ҳаракат қилаяпман. Нақадар бу ишни эпладим, Буюк Маҳкамада кўрамиз. Муаммо чиқмасин дея дуодаман.
АДАБИЁТ ҲАҚИДА: Камина умрининг ярмини адабиётга бағишлаган бир кишиман. Адабиёт ҳақда ёзишимдан ҳам табиийроқ нарса йўқ. Адабиёт, Ғарбдами, Шарқдами, мен учун ягона жабҳадир. Тилларнинг, этник илдизларнинг биз зон этганимиз қадар аҳамияти йўқ.
Ягона адабиёт тили бор, бу тил – зеҳният тилидир, дунёқараш тилидир. Бу тил бутун лингвистик фарқлиликларнинг устундадир. Бу тилни она (лингвистик) тиллари ҳар хил бўлган адабиётчилар ўзларининг истеъдоди нисбатида тушунаверади, бу тилда мушоҳада қилаверади.
Ғарб адабиёти ҳақида ёзган бўлсам, ёзганларим шаклан ўзбек тилида, мазмунан ўша зеҳният тилидадир.
Бу радикал хулосага шу тажрибадан сўнг келдим:
18 ёшимда комммунистик мафкуранинг бир ёш қурбони ўлароқ мен учун битта совет халқи бор эди. Совет армиясидаги кўрганим зулм шарофати (зулм ҳам баъзан шарофатдир!) билан миллатимни танидим. Ва миллиятчи бўлдим. Ўзбекни энг буюк қавм ўлароқ идрок этдим, юксалтдим, идеаллаштирдим.
Кейин динимни танидим. Ер куррасидаги бутун инсонларнинг отаси Одам, онаси Ҳавво эканлигини кашф этдим. Ва ҳеч бир миллатни иделлаштирмайдиган бўлдим. Аллоҳнинг «Одам» суратида халқ этган куллий мавжудотини Аллоҳ учун севишга, унга ҳамдард бўлишга ҳаракат қиладиган бўлдим.
Адабиёт ҳам – тил ва миллатидан қатъи назар – ягона илдизга бориб тақаладиган Одам ва Ҳавво ўғли, гўзаллик ахтарган инсон руҳининг эманациясидан бошқа нарса эмас.
НЕГА ҲАЛИ ҲАМ ЁЗАЁТГАНИМ ҲАҚИДА
Доим ёзганман, касбим шу.
КАСБИМИЗ
«Яхшими, ёмонми, касбимиз – сўздир.
Биз айтган сўздан тош эримаса ҳам,
Чиқиб кетмаса ҳам илон инидан,
Бу касбдан тонмаймиз бари бир.
Девор пайдо бўлса рўпарамизда
Унга ҳам бошларни урмаймиз –
Иш шу бўлгандан сўнг, гапирамиз-да,
Сўзлаймиз деворга, қараб турмаймиз».
(1981)
Ўқиганингиз бу матн 39 йил аввал ёзилибди. Кўриб турганингиздек, ҳали ҳам деворларга гапираяпман.
39 йил аввал айтганим гапларни бугун ҳам айнан такрорлашга мажбур бўлаяпман.
Бу гапирганларим учун таъқиб қилиндим, ҳибс этилдим, сургун қилиндим, аммо ҳеч нарсани ўзгартира олмадим.
Шунча китоб чиқардим, аммо сарф этган сўзларимдан битта ҳам тош эримади, битта илон ҳам инидан чиқмади. Тошлар – ҳали ҳам тош, илонлар ҳали ҳам ўз инларида!…
Аммо ёзишда давом этаман, токи кучим бор экан. Чунки касбим шу. Бошқа нарсани билмайман.
Қолаверса, ёш етмиш бўлди. Бу ёшга кирган одам беихтиёр ўтган йўлига қайрилиб бир назар ташлайди, «ким эдим-нима бўлдим» ҳисобини қилади.
Карантин баҳонасида бу назарни ташладим – ёздим. Ўз ўтмишим ҳақда, ёшлигимни қаерда сарфлаганим ҳақда ёздим. Уни балки яхшироқ, хайрлироқ нарсалар учун сарфлаш мумкин эди, аммо бизга насиб этгани шу бўлди.
Ягона тасалли – адабиёт билан шуғулланар экан, адолат тарафида бўлишга, мазлумнинг ёнини олишга, унинг дардларини ёзишга ҳаракат этдим. Халқим деб билганим хилқатнинг дардларини ёзишга уриндим.
Агар Аллоҳ умр берса, ўз кишилигимга яна бир неча марта «қайрилиб қараш»ниятим бор.
Блез Паскаль (у ҳам ғарблик) «Инсон қайси юксакликдан йиқилиб тушганини англаш учун дунёга келади», дейди.
Бу мутаффакир зикр этган юксаклик ҳақда ёшлигимдан бери кўп ўйладим ва Яратганга ҳамд бўлсин, У менга бу юксакликни кўрсатди. Одам Ота ва Момо Ҳавво йиқилган юксакликни.
Масала шуки, энди бу юксакликка қандай қилиб қайта юксаламиз – қайси нарвон билан, қайси куч билан?
Юксала оламизми?
Бу юксалишни таърифлаш учун ташбиҳлар бисёр, аммо баландпарвозлик қўрқуси, чиройли калом қуриш енгилтаклигига тушиш андишаси тилимни тийдиради.
Нақадар оз сўз билан, нақадар сокин ва таслимият ичида юксала олсак, у қадар ўзимиз учун хайрли бўлишига шубҳам йўқ.
Ҳозирча аввал бизга берилган фурсатдан (ҳали ҳам тириклигимиздан) фойдаланиб, ўзимизни оқлаш учун бир-нечта баҳона топишимиз керак.
Менинг топган баҳонам шу: бугун агар аввалгидан бирмунча оз кибрли бўлсам, аввалгидан бироз марҳаматлироқ эсам, аввалгидан сабрлироқ бўлиб, хушкўрувчилигим (толеранс) бироз ошган бўлса, бунда менинг ҳеч бир хизматим йўқлигининг шууриндаман.
Нафсимни яратган Зот унга шундай шароит яратдики, хулқда бу ўзгаришлар юз берди, бу шартларни инкор этсам (этолмасдим зотан!) мен ҳалок бўлардим. Буларнинг ҳаммасини кўриб турган Аллоҳ мени авф этади, деб уйлайман.
ЎЛИМ ҲАҚИДА
«Ўлимни ўйлаш пайти келмадими?» савол камина учун жуда хусусий савол бўлди.
70- йилларда, талабалигимда ҳар куни эрталаб туриб, душда чўмилардим. Душдан чиқиб, кийина бошлар экан, ич кийимимнинг нақадар тозалигини текширардим.
Бу тафтишнинг сабаби ниҳоятда жўн эди: бугун тўсатдан кўчада ҳалок бўлсам, автоҳалокат ва ёки кўча безорилари билан муштлашувда ўлдирилсам, жасадимни моргга олиб бориб, текширганлар ички кийимимни кўриб, жирканмаслиги учун бу кийимнинг тоза бўлишини истардим.
Шууримдаги бу «процедура» ҳар куни эрталаб автоматик равишда содир бўларди. Бу «процедура» бугун ҳам айнан давом этмакда. Фарқи: аввал жасадимнинг тоза бўлиши ҳақида қайғурган бўлсам, бугун бу қайғуга руҳимнинг, иймонимнинг тозалиги қайғуси илова қилинди.
Бунинг диний инонч билан алоқаси йўқлигини биламан. Чунки бу руҳий ҳол ҳаётимга нуфуз этганида ҳали бошим саждага келмаганди.
Буюкларимиз ўлимни эслаб туринг, деб доим маслаҳат беришган. Бунинг нафс тарбиясининг йўлларидан биттаси эканини назарий жиҳатдан билардим. Аммо ислом динининг тамаллари ва тасаввуфни ўрганганимдан кейингина бунинг ботиндаги бир маънавий жараён эканлигини идрок эта бошладим.
Она раҳми (бачадон)ни Аллоҳу Таоло инсон зоти учун жаннат мисолида яратди. У ерда бутун шароит бор. Шунинг учун ҳам раҳимдан чиқар экан, бола йиғлаб чиқади. У ерни тарк этгиси келмайди. Худди Одам билан Ҳавво жаннатни тарк этишни истамаганлари каби, ерга индирилганда йиғлаганлари каби бола ҳам туғилар экан, фарёд этиб йиғлайди.
Мен ҳам бу дунёга бутун инсонлар каби йиғлаб келдим.
Орзуим – бу дунёдан табассум билан кетишдир.
Бу озчиликка насиб қилган қисматдир. Аллоҳдан шу озчиликка насиб қилган тақдирни истайман.
Тилида Аллоҳни севаман деб, бу дунёдан айрилишни истамай, йиғлаш Яратганга нисбатан носамимийлик бўлади.
Бу хил самимиятсизликдан Аллоҳга сиғинаман.
Дунёдан табассум билан айрилиш орзуси бундан 40 йил олдин ҳам бор эди:
СЕНЕКА
Қурб,
Куч эмас,
Қурб, деяпман сизга.
Ҳамма фарзандини эркалар,
Мен сени эркаларман, қурб.
Кимки истар экан,
Аллаласин худбинлигини,
Бошини силасин ўз қудратининг,
Мен қурбга аллалар айтарман фақат,
Барча балoлардан асрарман уни.
Токи сўнгги бало келганда,
Бир масрур табассум,
Бир озод табассум суратин
Қуруқ лабларимга чиза олсин қурб!…
1980
*Сенека – қадимги Рим шоир ва файласуфи
Ўлимдан эмас, ўлимдан қўрқишдан қўрқаман.
Ўлим қўрқуси – дунёга севгидир.
Ўлим қўрқуси – у дунёнинг бунисиндан афзал эканини гумон остига олмоқдир.
Бу яна Пайғамбар(с.а.в)нинг «Инсонлар уйқудадир, ўлганда уйғонурлар» ҳикматига инонмасликдир.
Бу «Дунё ҳаёти – уйқудир» метафораси инсон зотини даҳшатга соладиган миқёсдаги очиқлама. Балки ҳар кимни эмас, аммо тафаккур соҳибларини бу дунёнинг уйқу экани, иллюзия экани муболағасиз даҳшатга солади.
Аммо бу уйқунинг, бу саробнинг қийматини бу уйқудан уйғонганимизда билажагимизни ҳам идрок этамиз. Яратган бизга бу уйқуни назорат этиш қобилиятини берди.
У қадарки, ҳатто баъзилар бу уйқуни тўхтатиб, истагани онда уйғона оладилар. Улар бу уйқудаги ҳаётини ўз ихтиёри билан тамомлашлари мумкин.
Бу ерда ўз жонига қасд қилганлар назарда тутилмоқда. Бизнинг инончимизда бу йўсинда уйғонганлар жаҳаннамда уйғонурлар.
Чунки бундай ҳаракат – нафсимизни яратган Зотга исёндир.
Шундай экан, мен бу уйқудан уйғониш эмас, уйғотилишга ҳозирман.
Ўлимни ўйлайман, уйғонишимни ўйлайман.
Тонг отиб, кўзларини очганда уни гўзал бир саёҳат кутиб турганини эслаб, қувончга тўлган одам каби уйғонмоқни орзу этаман.
Муҳаммад Солиҳ
11.04.2020