Асосий мавзулар
20 апрел 2020

Карантин тартибини депутат ҳам бузмасин

Депутат отасига ишониб ёки орқамда  «окахон»ларим бор деб карантин тартибларини  бузаётганларни умуман аяб ўтирмаслик керак. «Самосуд» демоқчи эмасман, бу нарса мумкинмас, лекин  ҳатто карантинни писанд этмайдиганларни жарима ва  15 суткадан ташқари, ТВда обдон шарманда қилиш керак.

Товба. Бутун мамлакат бўйлаб эълон этилган карантинни  назарига илмайдиганлар ҳам топилади. Бундайлар ё эси йўқ, ёки амалдор дадасини Ўзбекистоннинг тепасидаги осмонни ушлаб турибди, деб ўйлайди.  Ўзбекистон  – халқники. Мамлакатни энамнинг томорқаси деб  ҳисоблайдиганлар бир кун, албатта, жазосини олажак.

Кечадан бошлаб маҳалла ичидаги  текис асфальт йўлимиз қирғоғига, мени ва қўшнимнинг  уйимизга яқин жойга кимдир тиббиёт ахлатларини ( ишлатилган резина қўлқоп, эскирган ниқоб, бўшаган дезинфекция шишачалари)ни  ташлаб кетишни одат қилибди.

Ҳозиргина  бу расво нарсаларнинг устига хашак ташлаб ёқиб юбордим.

Тасаввур қиляпсизларми, тождор вирус хуружидан ҳимояланиб уйда карантинда ўтирган пайтимиз битта аблаҳ кўчамизга, уйимизга яқин жойга, болачалар ўйнайдиган жойга ишлатилган тиббиёт чиқиндиларини ташлаб кетибди.

Демак, ахлатларни ёқиб юбордим. Сўнг қўшниларни чақириб: «Кўринглар. Шунақа бўляпти. Кимдир  катта кўчага, болачалар югуриб ўйнайдиган жойга ўта хавфли ахлатларни ташлаяпти. Менинг ёш болам йўқ. Бу жойда сизларнинг набираларинг югиргилаб юради.

Ахлат ташлаган кимса кимлигини топинглар, уёғига ўзим гаплашиб оламан. Уйига кириб: «Сен мохов бўлдинг. Маҳалладан кўчиб кет!» дейман», дедим. «Ёки, – дедим яна, – уйимдан оғирроқ темир опчиқиб қулоғи аралаш елкасига уриб майиб қиламан», дея жаҳлландим.

«Балки ит олиб келгандир ахлатни», деди кимдир. «Балки», дедим.

Чунки ахлатлар орасида ғажилган суяк ва тухум пўчоқлари ҳам бор эди.

Умуман айтганда, дуч келган жойга ахлат ташлайдиган кимсаларни ўта ёмон кўраман. Эҳ, дейман афсусланиб, ҳарбийда бўлганингда эди, ерга ташлаган ахлатингни ўзингга едирган бўлардим. Ҳарбийда ерга нон, суяк ва бошқа озиқ-овқат ахлатини ташлаган матросга ўша нарсани ўзига едирардик.

Қиссадан ҳисса шуки, карантин сабаб ҳамманинг асаби таранг турган ҳозирги  пайт  ақлсизлик қилиб карантин талабларини бузманглар, дуч келган жойга тиббий ахлатларингни ташламанглар… Яхшимас. Кимдир ўша ахлатларингни ўзларингга едирвориши мумкин!

Бугун иккита пост ёздим ва охирида иккаласиниям улашгим келмай ўчирдим. Постларим ёмон эмас эди.

Фикрлашдан, мулоҳаза юритишдан, жамиятдаги муаммолар ҳақида бош қотиришдан чарчабман.

Тўшакка чўзилиб, устимга кўрпа ёпмасам ҳам, лекин  иккита ёстиқни бошим остига қўйиб, битта ёстиқни бошимни устига  босиб ухлагим ёки ҳеч нарсани ўйламай узоқ тек ётгим келяпти.

Негадир асабийман.

Ҳалигина катта ҳовлидан келаётганимда битта шўртумшуқ ёш йигит  мошинасини қувдириб ёнимдан ўтди. Бизнинг йўлимизда  мошиналарга соатига 30 кмдан тез юриш мумкинмас. Анов  пўқнусха ёш бола эса мошасини 100га қўйиб ҳайдаяпти. Уни танийман, лекин қайси қишлоқда яшашини билмайман.

Бировни уриб юбораманам демайди-я, тез юришини кўринг. Онанги, деб сўкиндим мошинанинг орқасидан. Эшитармиди. Эҳ, дедим, йигирма беш ёшимга қайтиб қолсайдим, ортингдан мошинада  қувиб бориб, тўхтатиб, хуморимдан чиққунича дўпослардим. Уни қанақиб уришимниям тасаввур қилдим. Демак, ёқасидан олиб ўзим томонга илкис силтаб, ўша ондаёқ битта «подношка» бериб йиқитаман ва қорнига миниб олиб башараси қизил қонга бўялгунча ураман.

Подшо бўлганимда, аниқ диктатор бўлардим, деган ўй кечди хаёлимдан. Оломон эркинликни, қонунларнинг либераллигини  суиистеъмол қилади.

Ахир мошинада бировни ўлдирган кимсалар қамалмаслиги ҳам мумкин-ку! Мен бўлсам жиноятчи, ким бўлишидан қатъи назар,  жазолансин, дейман. Кимдир пули, мансаби ёрдамида  қилган жинояти учун жавобгарликдан қочади-ку.

Мен жиноят қилган кимсани албатта жазолайдиган диктатор бўлардим.

Мен  ўзгалар ҳаққини ейдиган харомхўрларни албатта панжара ортига жўнатадиган диктатор бўлардим!

Мен ўз тили, тарихи ва маданиятига бефарқ бўлган олимни, шоирни мамлакатдан бадарға қиладиган  диктатор бўлардим.

Бугун негадир асабийман!

Беҳуда ўйларни ўйлаяпман.

Балки арслонқуйруқ ўтини дамлаб ичарман. Мажлисга чақиришмаса бўлди. Ростдан, биз бечора фермерлар мажлисни ёқтирмаймиз.

Деҳқонга мажлиснинг нима кераги бор.

Ҳокимиятдан тилпон келади:  Алё, фалончи фермермисиз?! Бугун тушдан кейин соат учга ҳокимиятда мажлис. Мажлисга келмаган фермернинг уйига мелиса жўнатилади. Албатта келинг.

Мажлисга деб тилпон қилишаётганда сиз энг чекка ерингизнинг этак томонида тўртта қишлоқ наридан samsung  экскватор топиб янги ариқ қаздираётган бўласиз.

Оббо! Мажлис дегани ишни белига тепди. Ўзи, экскваторчини зўрға илтимос қилиб олиб келгандингиз. Энди нима бўлади. Мажлисга бормасангиз бўлмайди. Гарчи раҳбарлар мажлисда деҳқончилигингизга фойдаси тегадиган бир оғиз сўз айтмаса-да, мажлисга боришингиз шарт, бормасангиз балога қоласиз.

Мажбур, экскваторчига жавоб берасиз. Кетовур. Бошқа куни ковлаймиз. Мажлисга бормасам чатоқ, дейсиз.

Уйга келасиз. Лой кийимларни ечиб ювинасиз, тоза кийимларни кийиб ҳокимиятга жўнайсиз. Айтилган вақтдан бир соат олдин жўнайсиз.

Зал тўла ўзингизга ўхшаган фермерлар. Ҳаммаларинг ҳоким ёки бошқа бошлиқ келиб мажлисни бошлашни кутяпсизлар. Бошлиқ деганлари эса ҳадеганда келавермайди. Кутиб, зерикасиз. Заҳри танг бўласиз. Белингиз оғрийди. Ниҳоят бошлиқ келди ва мажлис бошланди. Мажлис дегани тўлалигича сўкиш, ҳақорат қилиш, бақириш, камситишдан  иборат, биронта фойдали гап йўқ.

 «Тўнқайтириб, иштонингни ечиб, иккала думбангни икки томонга кериб…»

Сиз эса қатиқ заҳританг бўляпсиз, тезда ҳожатхонага чиқишингиз керак. Простатитсиз. Ёшингиз элликдан ўтган. Сонингизни бир-бирига қисиб пешобингизни зўрға тутиб турибсиз. Лекин барибир  битта-иккита томчи чиқиб сонингизни ҳўл қилганини сезяпсиз.

Оғриғингиз, азобингиз зўр. Бошлиқнинг сўкишлари қулоғингизга киргани йўқ, шу тобда муштлаб урсаям оғриқни сезмайсиз, чунки  икки бутингиз орасидаги оғриқ буюк. О, шу ҳолатда мажлис тугашини  яна уч соат кутишингиз керак.

Қовуқда қамалган пешоб ташқарига йўл топмагач, буйракка қайтади, қонга қўшилади. Бош оғриғингизни чамалаб мия қон томирларингизда шовиллаб оқаётган қоннинг  неча фоизи сийдикдан иборат эканлигини тахмин қиласиз. Шунақа мажлисларда яна беш-олти марта иштирок этсангиз, умрингиз қисқаради, касалликка чалинасиз ва охирида озиб, тўзиб, рангингиз оқариб ўласиз.

Тождор вирус мавзуси қизиқтирмай қолди. Карантин шароитида айрим керакли маҳсулотларнинг нархи ошганлиги бор гап.

Коронавирусга оид интернет сайтларда эълон этилган эътиборли мақолаларни ўқиб бўлдим. Қизиқиб,  google дан вирус ва вирусология ҳақидаги илмий-оммабоп  мақолаларни ўқидим.

Ҳатто  фб дўст ёрдамида анча-мунча ошинларимга карантин эҳсони қилишга улгирдим – ўзимдан қониқиш ҳис этдим.

Фарзандларим ёнимда. Сотиладиган мошларим ҳозирча бор. Дўконга икки қоп мош сотсам, бир милёнга яқин пул бўлади. Дўкончи бугун ҳам: » Яна мошдан опчиқинг!»- деди. Бир неча одамларга бепулга экин экинглар, деб  5-10 сотихдан ер бердим.

Ўзим бадавлат эмасман, адабиётчиман, лекин кўнгил хоҳласа, бировга эҳсон қилишга ортиқча нарсанг топилади.

Ҳўш, яна нима дей?

Эрталаб уйғонамиз, кун бўйи чумолидай ғимирлаб, кеч тушганда ухлагани ётамиз. Кўрган тушларимиз кам-кам эсда қолади.

Ёш ўтяпти. Бошимда оқармаган соч толаси қолмади ҳисоб.

Шу кунларда ловиямни экиб оламан. Эртага ошинларимни ишга чақирганман.  Ошинлар бир-бири билан иш талашяпти. Менга тилпон қилиб: » Иш бўлса бизни чақиринг, бошқаларга индаманг. Пул йўқ!» дейишади. Қишлоғимиздан  шаҳарга ишга қатнайдиганлар ҳам уйида ўтирибди. Маҳалла усталари ҳам «иш йўқ!» дейишяпти.

Пенсиялар пластикага ўтказилар экан. Қишлоқ шароитида яхшигина пенсия (инвалидлик нафақаси) оламан! Дарвоқе, 2- гуруҳ ногирониман. Бошоғриқларим бор!

Яна нима дейиш  мумкин?!?

Картошкаларим ёнғоқдай бўлибди.

Ўғлим Тошкондан келгандан бери математикадан бош кўтармаяпти.

Қизим тандирда нон ёпишни ва нонсолди пиширишни ўрганди.

Тезроқ даъф бўлсин шу тождор ўлат. Одамни зериктириб юборди.

Демак, яқинда картошка ва тут пишади, орқасидан олуча қизаради, ҳандалакка маза киради, июнь охирида буғдойимиз ҳам пишади.

Ҳеч қанақа очлик, етишмовчилик бўлмайди, Худо хоҳласа.

Бу йил экинларимиз ёмонмас! Буғдойларимиз кўм-кўк ўсиб ётибди.

Хуллас, карантин шароитида қишлоқ ўз вазифасини бажаради, озиқ-овқатдан ташвиш қилманглар, эл нима бўлса биз ҳам ўшамиз, керак бўлса ҳосилимизни бепулга тарқатворамиз, орзу-ҳавас тўхтаб турар. Бу дунё синов дунёси, бойлик тўплаш ва роҳатланиш дунёси эмас.

Роҳат бизларни жаннатда кутаётган бўлсин, дўзах оловидан Ўзи сақласин!

Раҳимжон Раҳмат
Ёзувчининг фейсбукдаги саҳифасидан

Тағин ўқинг
22 сентябр 2018
Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи собиқ директори Журъат Мелиқуловга жиддий тан жароҳатлари етказганлар устидан тергов якунланиб жиноят иши судга ...
14 октябр 2023
Элтуз порталига келган сўнгги бешта мактубни ўқиймиз. Улар Ўзбекистоннинг Фарғона, Андижон вилоятларидан ва Россиянинг Татаристон Республикаси турмасидан келган. Дастлабки ...
8 январ 2017
“Истанбул хавфсизлик идораси бу исқиртни “ўзбек” деб айтди, бундан олдин қирғиз ва уйғур деган гапни айтган эди», дея ёзди ...
7 апрел 2016
Март ойида шундоқ ҳам ўйин-кулгидан бўшамайдиган Ўзбекистон телеканалларининг куни туғди. Бу ёғи 8 март, бу ёғи Наврўз билан бўлиб, ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...