Франция маҳсулотларини бойкот қилиш борасида
Ижтимоий тармоқларда популистлар томонидан Франция маҳсулотларига бойкот эълон қилиш ҳақида чақириқлар пайдо бўлмоқда. Келинглар, бу тадбирдан кимга қанақа зарар келтира олишимизни кўриб чиқамиз.
Ихтиёрий маҳсулот истеъмолчининг қўлига етиб боргунича 3 та босқичдан ўтади: технология яратиш, ишлаб чиқариш ва маркетинг (сотиш). Бирор маҳсулот учун технология яратиш ёки унинг сифатини ошириш учун катта илмий-техник салоҳият талаб қилинади.
Давлатнинг ушбу салоҳияти маҳcулотнинг бозордаги рақобатга чидамлилик кўрсаткичи сифатида қаралади. Технология яратилгач, унинг асосида ишлаб чиқариш ташкил қилинади. Бу эса ўз ўрнида қўшимча ишчи ўринларидир.
Яратилган маҳсулотни сота олиш ҳам мураккаб жараён. Шу сабабли маҳсулотни истеъмолчи учун таниш ва жозибадор қилиш учун бренд устида ишланади.
Технология ва етакчи брендни яратиш жуда катта ақлий меҳнат талаб қилади. Шу сабабли технологиялар ва бренд доим қиммат бўлади ва у келтирадиган қўйишча қиймат ҳам юқори.
Ишлаб чиқариш жараёни учун бу гапни айтиб бўлмайди. Ишлаб чиқаришда ижодкорлик ёки ақлий меҳнат талаб қилинмайди. Фақатгина техник регламентга робот каби амал қилинса бўлди.
Шу боис, ишлаб чиқаришнинг қўшимча қиймати қолган икки жараённикидан жуда паст.
Ривожланган давлатлар, хусусан, Франция асосий урғуни технология яратишга қаратган. Европада Германия ва Швейцария каби Франция бу соҳада етакчи.
Франция технологиялари машинасозлик, компьютер технологиялари, нефть қазиб олиш каби деярли барча соҳага сингиб кетган ва айнан технологиялар Франциянинг асосий моддий базасини ташкил қилади.
Технологияларини дунё бўйлаб барча соҳаларга кенг жорий қилиб ташлаган давлатга, истаймизми-йўқми, ҳар бир сотиб олаётган маҳсулотимиздан бадал тўлаймиз.
Балким Россия бензин, Туркияда консерва маҳсулотларини сотиб олганимизда ҳам Францияга муайян миқдорда пул тўлаётгандирмиз. Турли соҳаларда жорий қилинган ва тижоратлаштирилган патентларни ўрганиб чиқиш давомида буни тушуниш мумкин.
Оддий мисол. Ўтган асрнинг гиганти бўлган АҚШнинг IBM компанияси бугун маҳсулот чиқармайди. Фақат технология яратади. Шунга қарамай, унинг капитализацияси фақатгина ўсмоқда.
Энди фараз қилинг, фарзандимиз касал бўлганда ҳатто Ҳиндистон дорисини олсак ҳам унинг субстанцияси французлар ихтироси асосида бўлиши мумкин. Чунки Франция фармацевтика гигантлардан бири.
«Ўзбекистон ҳаво йўллари»дан авиачипта олдик. Самолёт Airbus экан. Мана шу нарсаларни бойкот қила оламизми? Йўқ, албатта.
Франция мусулмон давлатлар мудраш ва турли бўлмағур нарсаларнинг муҳокамаси билан овора бўлган пайтда ўз технологияларини барча соҳаларга жорий қилиб бўлган.
Биз бойкот қилмоқчи бўлган нарсалар эса қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, холос. Яъни ишлаб чиқаришга боғлиқ. Ишлаб чиқариш эса, юқорида айтганимдек, энг кам қўшимча қийматга эга.
Европада ишлаб чиқаришда ва унинг атрофидаги қора меҳнатда тирикчилик қиладиганларнинг жуда катта қисми мусулмонлар. Маҳаллий ва муҳожир мусулмонлар. Айнан шу одамлар доим зарба остида қолади.
Компанияларда фойда камайиши билан қисқартиришга тушадиган одамлар айнан шулар. Улар осонликча ишсиз қолиши мумкин бунинг кетидан.
Менинг шахсий фикрим, сариёғ ёки нўхат консервасининг расмини қўйиб, бойкот эълон қилинглар, дейиш популизм ва ожизликдан бошқа нарса эмас. Айниқса, ушбу маҳсулотлар Францияда эмас, балки ўзимизда ва қўшни давлатларда ишлаб чиқарилишини билсак.
Рустам Ашуров
блогер