Асосий мавзулар
27 октябр 2020

Нега 30 йил олтин сотган давлат бу қадар қашшоқ?

Тўқсонинчи йилларда талаба эдим. Данғаралик таниқли журналист Шокирали Нуралиев: «Капитализм ҳуқуқсиз, ёлланма ишчиларни эзиб ишлатишдир. Майли, СССР қулади, коммунизм ғояси ва коммунистлар бадном бўлди, лекин социалистик мулкни сақлаб қолиш керак, катта корхона, заводларни хусусийларга бермаслик керак, улар бундай йирик ишлаб чиқаришни эплаёлмайди, тайёр заводларни бузиб ғиштини, темирини, станокларини ва ер майдонини сотади. Малакали рус ишчиларининг кетишига йўл қўймаслик лозим, уларсиз саноатимиз вайрон бўлади. Бизга кириб келаётган капитализм юртимизни мардикорободга айлантирмаса деб қўрқаман», деган эдилар.

Шу кишининг фикрларини кўп эслайман.

Ўз вақтида Шокирали Нуралиев республикада таниқли журналист бўлган.

Биздан юқори курсда ўқийдиган Абдумалик Ёқубов деган дўстимизнинг янги мустақил бўлган йилларимизда айтган бир башоратини эслайман. У киши кейинчалик аспирантурага ўқишга кириб, тасаввуфшунос олим Нажмиддир Комиловга шогирд тушди.

Абдумалик кўнгли очиқ йигит эди. Хонасига кирсангиз, дарров дастурхон ёзиб, Қашқадарёдан олиб келган ёғли нон билан меҳмон қиларди. Гурунгларимиз кўп бўлган. Дўстона муносабатда эдик.

Шундай гурунглардан бирида Абдумалик: «Мана, мустақил бўлдик. Ўзбекистон бой мамлакат, ресурсларимиз кўп, пахта етиштириш, тилло қазиб олиш бўйича дунёда етакчи ўриндамиз, ерларимиз унумдор, саноатимиз ҳам ёмон эмас. Ўзбеклар тезда бойиб кетади.

Аммо қўшниларимиз камбағал, яхши экин ери ҳам, пахта ва тиллоси ҳам оз. Мана, кўрасиз, тез орада қўшниларимиз бизга иш сўраб келади. Қирғизлар водийликларнинг деҳқончилигига ёрдам беради, қозоқлар иш излаб Тошкентга ёпирилади, Хоразм туркманларни боқади, тожикларнинг тирикчилиги ҳам биз билан боғлиқ бўлиб қолади», деган эди.

Мана, орадан йиллар ўтди, хўш, Абдумаликнинг башорати тўғри чиқдими? Унинг башорати тескарисига тўғри чиқди, десак бўладими?

Дарвоқе, Абдумалик Тошкент шаҳрининг йирик замонавий илм маркази бўлишини ҳам башорат қилганди.

Абдумалик дўстимиз ҳозир қаерда ишлаётганини билмайман. Балки илмдан воз кечиб, Россияга ишга кетворгандир.

***

У пайтлар (1994-95-йиллар) юқори курс талабаси эдим. Тошкентнинг Чорсу бозори атрофида, ичкарисида китоб дўконлари кўп эди. Баъзан устоз Озод Шарафиддинов билан Чорсу бозоридаги китоб дўконларини айланардик. Бозор майдонида одам кўп бўларди.

Мен (бўйим 190) оломонни елкасидан туртиб, қўлим билан четга суриб, Озод акага йўл очардим. У киши: «Бизни кўрган одам мени мафия бошлиғи, сизни тансоқчи деб ўйлайди», дерди.

Бозорда олувчи ҳам, сотувчи ҳам кўп эди. Маоши оз университет профессорлари, мактаб ўқитувчилари, аспирантлар, яқинда ўқишни битирган ёш мутахассислар, фаолияти тўхтаган завод ва фабриканинг эркак ва аёл ишчилари, ҳатто мухолифатнинг айрим вакиллари тирикчилик мажбур қилгани боис бозорда сотувчилик қиларди.

Жамият фожеаси бозор деган кўзгуда яққол кўринарди. Ахир илм билан машғул бўлиши керак бўлган аспирант қизнинг кун бўйи бозорда хоним сотиши фожеа эмасми?

Университет профессорининг бозорда туфлига суртадиган бўёқ сотиши катта фожеа эмасми? Озод ака жамиятимиздаги бу тушкун жараённи чуқур тушунарди ва оқибатини чамаларди.

«Бизда илм ва саноат ўляпти. Ишсиз ва қадрини йўқотган касб эгалари дастлаб бозордан нажот излаяпти. Бозор беўлчов эмас. Тез орада одамлар иш излаб тўда-тўда хорижга кетади. Зўр-зўр мутахассислар четга кетяпти, шу жараён тобора кучайяпти. Пайти келиб мигрантлар юборган пулга кун кўрадиган халққа айланамиз», дер эдилар…

***

Кундузи қўлимдаги қурол кетмондир, у билан экин кўкартираман, боғ яратаман, бегона ўтларни чопаман. Қоронғу тушгач эса қўлимга қалам олиб қалбимда муҳаббат борлигини ошкор этаман – ижод қиламан.

Болаликда энди йўлга юриб, сўзларни талаффуз қилишни ўрганган пайтим дастлаб она, ота, нон ва кетмон деган сўзларни талаффуз қилишни ўргандим. Кичкиналигимда дадам раҳматли абжиргина, шапалоқдек кетмон ясаттириб берганди, шуни кўтариб экинлар орасида тимирскиланиб юрардим.

Мактабга бордим ва тезда қайтдим, ўқувчилик даврим ҳам кетмон кўтариб далада ўтди. Машраб айтади-ку, алифда тўхтадим деб, шунга ўхшаб мен ҳам кўриниши алифга ўхшаган кетмондан нарига ўтмадим.

Улғайдик. Овозимиз дўриллаб, феълимиз айниди. Катталарга гап қайтарадиган, кўчада бетаъмиз ишларни қиладиган бўлдим. Шунда кетмон ўзининг тарбия воситаси эканлигини намоён этди – дадам раҳматли кетмон соп билан қарсиллатиб белимга солди.

Мактабни тугатдик. Бўйимиз ўсди, кучимиз кўпайди. Кечқурунлари қўшни қишлоққа қизларга қизиқиб борадиган бўлдик, у ерда ўзимиз каби зўравонлар билан муштлашиб турардик. Ўшанақа пайти рақибимизга кетмон соп ўқталиб ташланардик.

Ҳарбийга бордик ва қайтдик. Уйланадиган ёшга етдик. Маҳалладаги киприклари қайрилган, тишлари дурдек санамга маҳлиё бўлдик. Лекин у бизга қайрилиб боқмади. Кетмончига тегмайман, деди. Маъюс бўлдик. Жаҳлимиз чиқиб кетмонни тутнинг танасига уриб сопини синдирдик, сопи синиқ кетмонни томга отвордик.

Шаҳарда ишлайман, ўша ёқда кўп пул беради, дедик.

Катталар айтди: «Пулни пул топади, аҳмоқ кетмон чопади. Кетмон ёмон бўлгани учун ҳам кетига пона қоқишади».

Шаҳарга жўнадик. Яхши ишларда ишладик. Тузуккина пул топдик. Лекин топганимиз яхши кунга ярамади… Ўзимизни ҳар жойга уриб кўрдик. Лекин ҳеч қаерни ёқтирмадик. Охири яна кетмонга қайтдик.

Кетмонга атаб бир шеър ёзсам бўларкан, деб ўйладим ҳозир.

Бизнинг Фарғонада кетмон чопиш уят ҳисобланмайди. Фарғоналик авлиёлар тарихини ўқиб кўринг, ҳаммаси кетмон чопиб деҳқончилик қилган. Бизда ёз ойлари дўхтир ҳам, мелиса ҳам, амалдор ҳам қаердандир ер топиб деҳқончилик қилади, энкайиб кетмон чопади.

Қурғур кетмон сопи ҳеч семирмайди, лекин осонликча синмайди ҳам. Нақшбанд айтганидек, дил ба ёр, даст ба кор.

Кечаги қизлар ҳавас қилмайдиган кетмончилар давр ўзгаришлари сабаб фермерга айландик. Ёмон яшамаяпмиз, шукур.

Кеча бизни оёғи оқсоқ ит ҳам писанд қилмасди, бугун эса маҳалланинг йўлбарси ҳам ёнимиздан салом бериб ўтади, ҳатто илтимослар қилади.

Кетмончидан фермерга айланиб, бўйнига куйдирги яраси тошган хачир эшагимиз ичи кенг, қанотлари йўғон «Кобальт»га айланди. Кетмон чопган инсоннинг ичи ҳам кетмонсопдай тўғри бўлади, эгриликни билмайди.

***

Бизда қуёш чиқди, олам мунаввар. Кеч куз бўлса ҳам яратгандан қуёшли кунлар кўп бўлишин сўрайверамиз, чунки ўтин-чўп қиммат, уйларимиз яхши исимайди, иккинчи томондан, шамоллашлар кўп, сариқ чанг ҳам хуруж қилаётган даврда яшаяпмиз.

Ҳаммамизни Аллоҳнинг ўзи асрасин, ёруғ ва ёқимли кунлардан бенасиб қилмасин, фараҳли кунларимизни зиёда қилсин.
Эрталаб уйғониб таъзияга эмас, ишга, ошга, дўстлар дийдорига шошилайлик. Ҳеч ким шифокор ёнида оғриқлардан азобланиб, ночор ҳолатда «Нима дори ичай?» демасин.

Беморлар, ночорлар, машаққатга дуч келганлар, сарсон юрганлар, меҳнати қадр топмаганлар, золимлардан азият чекканлар, ҳаммангизнинг мушкулингизни Аллоҳ осон қилсин.

Дуогўйларингман. Бойларимизга, мансабдорларимизга, монополларимизга Аллоҳ инсоф берсин, кўнглида ўз халқига меҳр, муҳаббат туйғулари жўш уришни бошласин.

Ҳозир кўча айланиб келдим. Маҳалла тинч. Дўкондан нон, қаймоқ ва йўлдан сомса олдим. Тез орада қизим ва набирам уйғонади, бирга нонушта қиламиз.

Эй Аллоҳим, қалбим роҳатланадиган, кўзларим қувонадиган кунларимни зиёда қил. Тонгда уйғонсам, деразамдан қуёш кўринсин, кўчага чиқсам яхши кайфият, тетик руҳда юрган инсонларни кўрай.

Ëзувчи Раҳимжон Раҳмат ëзганлари эди.

Тағин ўқинг
23 ноябр 2023
Жорий йилнинг 25 октябр куни, жиноят ишлари бўйича Наманган туман суди, 42 яшар МБни интернетда “диний ақидапарастлик ғояларини тарғиб қилиш, ...
10 октябр 2017
10 октябр куни Андижонда пахта кампанияси боис, шаҳар қатновидаги «Дамас»ларнинг кира ҳақи 2000 сўмга чиқди, дея хабар беради «Элтуз» ...
1 апрел 2019
Тошкентда 23-26-март кунлари мактаб ўқувчилари иштирокида ўтган «Қизларжон» саммити иштирокчилари «ота-оналарни узоқ муддатга чет мамлакатларга ишлаш учун чиқишларини чеклаш ...
30 сентябр 2024
Шу йилнинг 31 августида Пешку тумани Чакалон қишлоғи Ҳуррам маҳалласида фуқаро Шерали Жўраевни 15 киши уриб ўлдирди. Воқеа тўйхонада ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...