Кўзқараш
20 ноябр 2020

Чироқ ва газ ўчадиган мавсум келди. Чидайлик

Бугун кечқурун газим ёнмади, ўзи шундоқ ҳам паст ёнарди. Ўтин-кўмир ғамламагандим. Кичкина электрпеч ўзини ўзи зўрға иситди, аксига олиб кечқурун чироқ ҳам ўчди. Қалин кийиниб ухладим. Пайпоқниям иккита кийдим.

Бош кийимим ҳам қалин эди. Эшакнинг терисидан ҳам қалин эски чопоним бор эди, кўрпанинг остида шуни кийиб ётдим. Гавдам айиқдай улканлашди.

Асли ўзимнинг гавдам ҳам айиқникидан кам эмас. Қалин кийимлар кийиб ҳатто фил бўлиб кетдим. Шу гавдамга ёнимда японларнинг сумо курашчиси бўлса, олишиб кўрардим.

Устимга ёпинадиган кўрпам ҳам қалин эди, шу ҳолатда ҳам кечқурун уч марта совқотиб уйғондим.

Майли, бугун газни тузатарман.

Газсиз қишлоқларнинг ҳоли не кечяпти экан?! Камига чироқ ўчадиган одат чиқарди. Печкага ёқадиган қаттиқ ўтинни бойман деган одам ҳам сотиб олишга оғринади, чунки у жуда қиммат. Печкангга молнинг охурида ортиб қолган хашакни ёқяпсанми, ватандош?!

Дима Қаюм, печкангизга нима ёқяпсиз?! Тонг қоронғусида бошим, оёғим совқотиб, дилдираб уйғондим.

Тезликда сув қайнатдим. Тезликда бир чинни дамлама ичдим. Энди тезликда кўчага сомса егани чиқиб кетяпман.

Қорин тўқ бўлгани маъқул. Аммо сомса ҳар дардга даъво эмас. Мен сал пал билганим халқ табобатидан гапирсам.

Ёғи олинган ярим литр сутга бир дона муштдек келадиган саримсоқ пиёз тўғралиб, паст оловда ярим соат қайнатилиб, сўнг иссиқ печ устида бир соат дам едирилади.

Кечқурун ё кундузи, қорин овқатдан бўшаганида тайёр бўлган сут ва саримсоқ дамламасидан икки пиёла ичилиб, тўшакка қоринни бериб ётилади. Шу ётган пайтингиз бошингизни мато билан беркитиб, косага майда тўғралган икки дона пиёзни чуқур-чуқур ҳидлайсиз. Шу ҳолатда зериккунча ётинг. Бир соатдан сўнг шу процедурани яна бир бор такрорланг.

Шу усул билан шояд ковиддан қутиласиз ва у ўпкангизга зарар етказолмайди. Дарвоқе, шифокор тавсия этган таблеткаларни ичиш эсдан чиқмасин.

Яна. Бир коса тўғралган пиёзга қайноқ сув қўйиб, иссиқ печ устида ярим соат дам едирасиз, сўнг ундан бир пиёла ичасиз. Бир кунда уч маҳал ичса бўлади. Бу дамлама қонни суюлтиради ва вирусларга қирон келтиради.

Ичимлик содасини дамлаб ичиш ҳам (бир пиёла сувга бир чеким носча қўшилади) вирусга қарши курашда самаралидир. Анорни сиқиб сувини ичинг, қонни суюлтиради. Туршак қайнатиб ичинг, юракка ёрдам бўлади.

Беш килоча анорни сиқиб сувини ичдим, ичимни қотирмади. Чунки мен кун бўйи ўрик шарбати ва сарисоқпиёз қайнатилган сут ҳам ичувдим.

Саломатлик учун бадан тарбияси муҳим. Бадан тарбияси учун эса спорт майдонлари керак.

Қарийб ўн йил Тошкент шаҳрининг Себзор даҳасида яшаганман, ўғил-қизим чақалоқлигидан ўша ерда улғайиб, уйимизга яқин мактабда ўқиган.

Ҳозир ҳам уйим Тошкент шаҳрининг ўзбеклар энг кўп яшайдиган Себзор даҳасида. Асли Фарғона вилоятининг қишлоғиданман, ўқийман деб Тошконга бориб, Себзорга ўрнашиб қолганман.

Майли, асосий мавзу қаерда яшашим ва қаерда туғилганим ҳақида эмас. 2001-2002- йилларда кичкина болачаларимни етаклаб кўча айлантиргани чиқардим ва у пайтлар Себзорда “дом”лар қурилганда режа асосида бунёд этилган болалар спорт майдончалари кўп эди.

Кейинроқ болалар спорт майдончалари ўрнида дўконлар, маркетлар, бошқа хил бинолар қурилиши бошланди. Яъни, оддий қилиб айтсак, шаҳар ҳокимлиги совет даврида режа асосида ташкил қилинган болалар майдончалари жойлашган ерларни тадбиркорларга сотишни бошлаб юборди. Ҳозирги кунда Себзорда болалар майдончалари қолмади ҳисоб.

Тошкент шаҳрининг ўша пайтдаги пулга тиқилиб ўлгур ҳокимлари шаҳар бўйича нечта болалар майдончаларини катта пора эвазига тадбиркорларга сотиб юборди экан?

Себзор – Тошкент шаҳрининг марказларидан бири.

Ҳар қандай тадбиркор Себзорда офиси бўлишини истайди. Ҳатто ебтўймас, нотайин ва ножинс раҳбарлар Эски Жувада жойлашган Турон кутубхонаси биносини бузиб ер билан яксон қилишди.
Тарихни билмайди булар, билсаям ҳурмат қилмайди.

Ахир Турон кутубхонаси жадидлар ташкил этган илк оммавий йирик кутубхона эди, шунингдек, Туркистон жадидлари маркази эди бу зиё маскани. Совет даврида ҳам биронта ғиштига тегилмаган эди бу кутубхона биносининг.

Лекин кутубхона биносининг (ёнида яна битта бино бор эди шунақа) ғишти қиммат эди, Николай ғишт эди. Чамамда, кутубхона биносининг ғишти қайсидир раҳбарнинг данғиллама учаскасига керак бўлиб қолган ва қимматли бино бузиб ташланган. (Бу гапларни ёзгунча юрагим йиғлади).

Демак, болалар спорт майдончаларини сотиб юбориш ҳамма вилоят, шаҳар ва қишлоқларда бўлди.

Шу тахлит оммавий спорт инфратузилмасини йўқ қилдик.

Энди эса бир кунда ўн минг одим пиёда юрганга мукофот берамиз, дейиляпти. Бунақа гаплар ҳеч қандай натижа бермаслиги ҳаммага аён.

Вақтида қишлоқ ва шаҳарларимиздаги минглаб болалар спорт майдончаларини асраб қолиш керак эди.

Ëзувчи Раҳимжон Раҳмат ҳикоялари эди

Тағин ўқинг
29 январ 2020
Собиқ “Абу Сахий” бозоридаги дўконлари бузилишидан норози тадбиркорлар ғалаёни ортидан бозорнинг янги эгаси “Tashkent Trade Center” хусусий корхонаси 27 ...
4 август 2016
Ўзининг машҳур “Абдуллажон” филми билан танилган ўзбек кинорежисери Зулфиқор Мусоқов ўзининг фейсбудаги саҳифасида Телевидение орқали цензура қалинган филми юзасидан ...
15 март 2020
Жорий йилнинг 15 март куни соат 06.00 да Республика вирусология институти лабораториясида Франция Республикасида бўлиб қайтган 1 нафар Ўзбекистон ...
4 октябр 2016
Яқинда ҳаммаси зўр бўлади! Сизга раҳмат, Шавкат ака! Ўзбек интернет сегментида келгусидаги ижобий ўзгаришлар ва уларга янги ҳукумат эришиши ...
Блоглар
1 декабр 2020
«Ошин» – 1983 йилда Японияда суратга олинган кўп қисмли фильм. Бош ролларда Нобуко Отова, Юко ...
25 ноябр 2020
Кузда кетиб кузда қайтдим Совет Армияси сафидан. Бизни армия сафига олий ўқув юртларининг кундузги бўлимидан ...
24 ноябр 2020
“Ҳумо” номли учоқ ширкати ҳақида гап чиқиши билан эронлик дўстларим ўзбекларни плагиатда айблади. Эронда “Ҳумо” ...