Асосий мавзулар
13 январ 2021

Азиз Несин шогирдидан мактуб

Кun.uz профессионалларни ишга қабул қилар эмиш. Катта маош, икки маҳал овқат. Сиҳатгоҳнинг ўзи-я! Бундай ишхонани қаердан топасиз! Орзуга айб йўқ. Бу хабарни Саломат Вафо Хоразмийдан эшитиб, дарров иш берувчиларга меcсенжер ва телеграм орқали мурожаат қилдим.

Сизни-ку ишга олишмабди. Биламан, аслида бу ишхона Сизга муносиб эмас. Чунки Сиз камина каби лағмончи эмассиз, романлар ёзиб, журналистика жанрларини унутиб қўйгандирсиз. Фақат Сиз билан бизнинг итоатгўй эмаслигимиз ёмон. Аммо… Мен ҳам тўғри келмас эканман. Нега энди, ахир шов-шувли, олди-қочди, тик-ток мақолаларни ёзишга жуда устаман-ку?!

Ҳужжатлар тайёрлашни Азиз Несин, Саид Аҳмад ва Ориф Фармонов ўргатган. Димлом ишимга профессор Мухтор Худойқулов раҳбарлик қилган. Аранг тўрт баҳо олганман. Профессор Очил Тоғаевдан уч. Миртожиев домламиз тилдан аъло баҳолаган.

Лекин телевидениега диктор-сухандон вазифасига танловдан ўтмадим. Рус тилида акцентинг бор, дейишди. Бугун эса инглиз ва хитой тилини талаб қилишяпти. Она тилимни мукаммал билмайман-у, лотин-кириллда ёзавериб чарчаб кетдим. Кun.uz да кириллда ёзиш ҳам мумкин экан, деб ўйлаган эдим.

Ёздим, маълумотнома юбордим. Ўтган йили ҳам шундай ўйинлар бўлган. Хусусий ахборот воситалари ўзгалар тўнини кийиб олганга ўхшайди. Тўни, аниқроғи, танкаси борга ўхшайди. Бу тўнлар ечилгач, асл афт-ангор кўринади. Таҳририят талабларига юз фоиз жавоб беришим мумкин экан, деб ўйлаган эдим. Афсус, яқинлаштиришмади…

Майли, унвонимга қўшимча пул беришмасин, майли, маошни ҳам озроқ тўласин, фақат иш берсин, иложини топсам, ҳар ой пенсия пулимдан Кun.uz га маош тўлаб ишга боришга тайёр бўламан. Аниқроғи, ёнимдан маош тўлаб ишлайман. Мухлисларимнинг барчасини Кun.uz га аъзо қиламан. Газета ва журнал ҳам, ҳужжатли фильмлар ҳам яратишга ҳаракат қиламан. Бўш пайтимда муҳаррир ва бошқа корчалонларнинг оилавий ишларига ҳам қараша оламан.

Дастёрлик қилишга ҳам тайёрман. Яқинда замонавий фанлар яратиб, докторлик диссертацияси ёқлайман. Дизайн ва технологиялар бўйича экспертлик, муҳаррирлик, видеотасвирчилик, компьютер технологиялари бўйича дастурлар яратиш, медиа, монтаж, нутқ маданияти, жонли эфирда кўрсатувлар олиб бориш, шеърият, мусиқа, графика, яна ИТ, педагогика ва психология соҳаларида ютуқларим бор.

Ҳатто оқсоқоллар ва қариялар учун кийимлар дизайнери ва модели сифатида иш юритишим мумкин. Унвонларим бор. Давлат мукофотларим ҳам бор. Ҳеч бўлмаса, фаррошлик, қоровуллик, боғбонлик, корректорлик, дикторлик ҳам қилишим мумкин.

Журналистика соҳасида 50 йиллик тажрибам бор. 26 соат жонли эфирда бир ўзим кўрсатув олиб борганман, узлуксиз телемарафон.

Сиёсатда ҳам эплайман. Вазир қилиб ишга олмасангиз ҳам биронта иш топиб берарсизлар. Ҳеч бўлмаса, ошпазлик қиламан. Карим Маҳмудов устозим эди. Кun.uz ва ЗўрТВ, ЎзА менинг орзуим.

Кўплар кино артисти бўлишни, эстрада юлдузи бўлишни орзу қилади, мен эса аллақачон бу марраларни эгаллаганман. Менга маош зарур. Балки ишласам, дори-дармон ва электр иситғичларига тўлар эдим.

Ҳозирча мардикор бозорида юрибман. Ҳозир аҳоли канализацияга уланган экан. Ўра қазиш касби йўқолиб кетибди. Бошқа жойда, худо сақласин, қазиш ишлари кўпайиб кетибди.

Аммо жиззахлик қурувчилар каби ишлай олмайман. Наманганга бормадим, дурадгорлик қиламан деб кўприк узилиб кетиб, чўкиб кетмай тағин. Андижонда-ку труба уловчи чиланганлар кўп. Аммо ҳокимлик журналистларга катта мукофот пулларини тарқатар экан, деб эшитганман. Вазирликлар танловларида эса бир гуруҳ таниш- билишлар иштирок этади. Баъзи журналистлар ҳар йили танлов ғолиби бўлади-я! Уларнинг иши нақд, мукофоти ҳам. Бизда ҳар иккиси ҳам насия.

Киракашлик қилай десам, ҳар қадамда авария. Ҳайдовчилик гувоҳномаси йўқ киракашлар-ку майли, «Мерседес» автобусларда пойга ўйнайдиган йигитчалар қўрқоқ деб устимдан кулишди.

Ҳайкалтарошлик қилай десам, бундай катта калиш ҳайкалига маҳси топа олмадим. Юзлаб олийгоҳлар, ўқитувчилари бисёр. Журналистика соҳасида қариб қолдим, деб илмий ишга ўтирдим. Касбимни алмаштирдим. Дизайн олийгоҳи дизайн таълимига муҳтож эмас экан. Тўғри, қариганман. Аммо тажрибам борга ўхшайди. Чумчуқ сўйса ҳам қассоб сўйсин, деган мақол бор. Раж Капур, Чаплин боболарим каби кир ювадиган идорада ишламоқчи эдим, аммо бундай идоралар ҳам камайиб кетибди. Тирноқ, киприк ўстириш ишларини эплай олмасам керак. Гилам, машина ювиш оғирлик қиляпти… Аммо ҳамманинг уйида кир машина бор экан.

Кun.uz, адолат қилинг! Мен ҳам ишга ярайман, ахир. Ҳеч бўлмаса, лағмон осиб, аризачиларингизни рози қилишни ҳам уддалайман. Бирор бир юмушингизни бажариб беришга тайёрман. Икки маҳал овқатингиз ҳам керак эмас. Карантинда онлайн ўтиравериб семириб кетдим. Бир оз вазн ташлаш, саломатликни мустаҳкамлаш зарур. Сиҳатгоҳ бўлмаса ҳам майли.

Салом билан иш қидириб, телефонда дунё соғлиқни сақлаш идораси вакили сифатида онлайн экспертлик вазифасида иш олиб бораётган, ковиддан балки тузалиб, ёшариб кетган пенсионер, профессионал деб тан олинмаган ярим журналист, ярим шоир, ярим қурувчи, электрик, ярим мардикор, ярим бекорчи, текинга ишовчи ярим ёрти мутахассис

Салом ва ариза билан камина
Дадахон Ёқубов

Тағин ўқинг
5 январ 2016
Жиззах вилояти ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари асоссиз, уйдирма айбловлар билан қамоқда қолаётган ҳуқуқбон Ўктам Пардаевнинг оила аъзоларига Янги йил “совға”си ...
6 январ 2021
Тошкент халқаро аэропортида икки томонлама шартнома асосида Ўзбекистонга кириб келаётганларни коронавирусга текшириш ишлари билан “Тиббиёт дунёси” МЧЖ шуғулланмоқда. Германия, ...
12 октябр 2018
Ўзбекистон ҳарбий қисмларидан биридаги аскарнинг «Элтуз»га билдиришича, улар вақтли ҳарбий хизматни Андижон вилояти далаларида пахта териш билан ўташмоқда. Ётоқда ...
13 октябр 2023
Мустақил равишда текширилган маълумотларнинг қабул қилиниши тўғрисидаги суд қарори Ўзбекистонда меҳнат ҳуқуқлари бўйича ҳисобот бериш учун узоқ давом этадиган ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...