Кўзқараш
13 октябр 2021

Императив 35. Бизнинг еримиз

(Таниқли шоир ва сиёсатчи Муҳаммад Солиҳнинг “Императив” китобидан 35-қисм. Аудиокитоб матнини муаллифнинг ўзи ўқиган. Давоми бор.)

Иброҳим Ғафуровнинг шахсияти ҳақда бир неча жумла: Иброҳим Ғафуров тип ўлароқ зиёли қатламининг ҳам омма ичида, ҳам ўзи тамсил этган қатламда ҳурмат кўрган тоифа эди. Уни тўғридан КГБга ахборот берадиган интеллигент дейиш мумкин эмасди. Аммо уни диссидент фикрга хайрихоҳ дейиш ҳам мумкин эмасди.

У ўртамиёна совет кишиси эди. Совет тузумининг абадийлигига ишонмаса ҳам у билан ўйнашиш ўт билан ўйнашиш бўлажагидан аминди. У «қайта қуриш»нинг «тепа»дан пастга инган сиёсий ирода маҳсули, Горбачёвсиз, жараён бошланмасди, жараёнда халқ омили йўқ, деб биладиган тоифадан эди.

Антисовет тушунчали инсонларни ёмон кўргани учун эмас, уларнинг совет режими бир кун йиқилади, дея бўш хаёл қурганига ачиниб, уларга қарши чиқар ёки қарши ёзарди.

1983 йил «Адабиёт ва санъат газетаси»да босилган «Шеърингизни тушунтириб беринг» мақоласи шу руҳда ёзилган эди.

БИЗНИНГ ЕРИМИЗ

Мақсудга

Биз шу ерда яшаган эдик.

Бобомники эди шу ҳовуз.

Суви тугаб қолган энди.

Хазонлар чирир ҳовуч-ҳовуч.

Гужумлар қуп-қуруқ – қутулган юкдан,

шўрдан оппоқ ҳовузнинг лаби.

Чумчуқлар юрар, сувсизликдан,

Қуш бўпқолган балиқлар каби.

Биз юрибмиз – ака ва ука,

Сайёҳга айланган иккита ерли. (1981)

«Олис табассум сояси» (1986)

Бу шеър ёзилганда биз ака-ука сайёҳга айланмагандик. Сайёҳга 22 йилдан сўнгра, 1993 да «айландик». Аммо бу уй бобом Бегжон Бегдан қолган катта уйнинг бир парчаси эди. Ҳовузни қуршаб олган дев мисол гужумларни Бегжон Бегнинг отаси Отажон Бег экканди.

Шеърда суви битган ҳовузнинг лабини туз босган, гужумлар эса япроқсиз, саросима ичида турибди. Отам вафот этиб (1991), биз сургун этилганимиздан кейин (1993) гужумлар тамоман қуриди. Гўё қуримоқ учун бизнинг у тупроқларни тарк этишимизни улар кутиб тургандек бўлди. Бу ғурурли дарахтлар ўз ўлимини бизга кўрсатишни истамадилар.

Бу гужумли уй сулоламизнинг тарихи тугаб, душманлар (совет) тарихига дохил этилишимизнинг гувоҳи эди. Бобом Бегжон Бег 1924 йилда айнан шу уйдан чиқиб, қайтиб келмаган ва 1926 йил советлар тарафидан ўлдирилган эди.

Биз учта ака-ука юз йил кейин Бегжон Бегнинг тақдирини қисман такрорладик: бу уйдан чиқдик ва қайтиб келмадик. Қайтиб келмадик, аммо ҳали ўлмадик.

Бир куни қайтамиз деган ичтуйғу бизда биздан изнсиз яшаяпти.

Онам мен ватандан чиқиб кетгандан уч йил сўнгра вафот этди.

Унга менинг юртни тарк этганимни бир йилгача айтишмаган. Ниҳоят, уйдагиларнинг суҳбатида чет элда эканлигимни эшитиб, ёмон аҳволга тушган.

Келинимиз Марзияхоним (укам Мақсуднинг рафиқаси) ҳикоя қилишича, бир йил давомида «тўнғич ўғлим Тошкентдан келади», деб тухумларни йиғиб утирган. Мен хоразмча юмурта бўракни севардим, онам бу емакни пишириб беришни орзу қилган.

Ва ҳар куни эшик олдидаги ўриндиққа ўтириб, «болам Тошкентдан келиб қолади», деб йўлимга қараган. Келинимиз Марзияхоним «онам қуёшда ўтиравериб қорайиб кетди», деганди.

Аллоҳ онамга ғани-ғани раҳмат айласин.

Қуйидаги шеър бу воқеалардан 12 йил аввал ёзилган:

ОНА БИЛАН ХАЙРЛАШУВ

Тобора оқарар бошидаги соч,

Тобора узоқлашар ундан

Бошини силаган ул меҳрибон қўл.

Тобора узоқлашар,

Узоқ-узоқларда ҳилпирар

Ўзга бир давлатнинг байроғи каби. (1981)

«Валфажр» (1983)

Шеърда чизилган манзара 12 йил сўнгра (1993 йилда) айнан рўёбга чиқди.

Онам, Қаландар сариқнинг қизи, мен билан хайрлашар экан, қўлини силкиши адабий рамздир. Аммо бу қўлнинг «узоқлашган сари ўзга бир давлат байроғи каби ҳилпираши» рамз эмас, шафқатсиз бир воқелик.

Мустабидлар мени Ўзбекистон ватандошлигидан чиқарганларидан сўнг бу юртнинг байроғи мен учун ўзга бир давлатнинг байроғига айланди.

Жанозасида иштирок этолмаганим онамнинг мозори, Она Ватаним балки бу ҳаётда кўра олмаяжагим ҳилқатлар бўлажак. Аллоҳ буни манглайимга ёзган бўлса, демак бу ёзувнинг ўрни манглайдир. Шукроналар билан ташийман уни бу Буюк Имтиҳон даврида.

Она, Ватан, Ёр. Бу учлик мендаги Буюк Севгининг таркибларидир. Ватан доим онага эслатади. Она эса доим ватанга ўхшайди. Буларнинг иккисидан ҳам айрилган эркак учун уларни ўзида мужассамлантирган ҳилқат – у севган аёлдир:

Кўзлари киртайган, юзи заъфарон,

Сочлари паришон, тожсиз маликам,

Мен сени шу ҳолда кўрганим замон,

Бир пул бўлар қўрқув, бир пул – таҳликам.

Ўзгарма, шундай тур доим тушимда,

Мен қўрқмай яшайин, мени сев, гулим –

Мана шу алфозда, шу туришингда

Менинг Ватанимсан, севгилим. (1986)

«Тун ташбиҳлари» (1988)

Ва ёки:

СЕН КЕТГАНДА

Кетганда,

Бир аёлдай кетсанг эди,

Нозу фироқ этсанг эди…

Йўқ, бунақа кетмайдурсан сен,

Нозу фироқ этмайдурсан сен.

Сен кетсанг боғлардай кетасан,

Вақт ўтган сари юк солиб.

Сен худди тоғлардай кетасан,

Узоқлашган сари юксалиб.

Фиғонсиз, фарёдсиз ва тилсиз,

Чексиз бир Ватандай кетасан. (1986)

«Тун ташбиҳлари» (1988)

Қуйидаги шеърда oна ватан ва ёр соғинчи айни мақомда кўрилади. Одам севгилиси ва она ватанини «унутиши» худди инсон ўз вужудининг аъзоларини «унутгани» кабидир:

УНУТАМАН

Унутаман соғинчни ёлғондан,

Куламан ҳаммага қўшилиб.

Унутаман сени,

Боламизни,

Ҳатто сен билан қолган ул Ватанни.

Унутаман,

Одамлар ўз қўлини,

Ўз кузларини,

Баъзан ҳатто ўз танасини

Сезмагани каби унутаман (1977)

«Шаффоф уй»» (1980)

«Севги ҳақида шеърларингиз нега кам», деб сўрашади баъзи ўқувчиларим.

Агар севги фақат аёлга бўлган ишқ назарда тутилса, ёзганларим ўзбек шоирлари ижоди билан муқояса этилганда, албаттa, ўқувчида қолган бу таассурот тўғри чиқади.

Ҳақиқатан ҳам, модерн ўзбек шеъриятида «ижодида аёлга севги тараннуми» энг оз одам камина бўлиши мумкин. Аммо мана шу аёлга аталган шу тўртликдаги эътирофга қаранг:

«Мен сендан хат эмас, хавотир олдим,

Бу чексиз дунёнинг бир чеккасида.

Мен сени жуда оз қувонтиролдим,

Мен сенга жуда кўп битдим қасида… (1976)

«Қудуқдаги ой» (1980)

Шеърда шундай муболағалар бўлади. Самимий муболаға. Шу қадар самимийки, бу муболағага муболағачининг ўзи ҳам ишонади.

Раҳматли рафиқам Ойдинхонимга: «Сенга бағишланган матнларни тўплаб, «Севги ҳақида» номли бир китоб нашр этаман, ичига сен билан 1975 йилда Москвада тушган расмимизни қўймоқчиман», деганимда хоним доимий табассуми билан: «1975 йилдан сўнгра севги ҳақида шеър ёзилмадими?» дея мутойиба қилганди.

Кейин бу мавзуда матнларни тўплаганимда ҳақиқатан кичик бир китобчага ҳам етарли шеър тополмадим. Ҳолбуки, ўзимни ҳаётида аёлга нисбатан энг буюк севги яшаган эркак ҳисоблардим.

Ҳақиқатан ҳам шундай эди.

Аммо бу ҳаётнинг маҳрамияти унинг шеърда акс этишига ҳам таъсир қилган бўлиши мумкин. Ёки кишилигимдаги (характеримдаги) чекинганлик, туйғуларни ташқарида акс эттирмаслик майли ҳам сабаб бўлган бўлиши мумкин.

Бугун 45 йил ўтиб, бу қадим уятчанлик менга ғалати кўринади.

Масалан, қуйидаги шеър илк чоп этилганида у сўнгги нашрларда кўрингани каби «Ойдинга» деб аталмаганди. Шеър сирли «Л.А.Н» га бағишланганди. Бу русча «Лань»(Оҳу) исмининг кодланган кўриниши эди. Каминанинг уй шароитида хонимга мурожаат қиларкан, қўлланадиган калима эди «Лань».

Аудиокитобниен ютуб каналидаги линки: https://youtu.be/o8fg643m9CI

Тағин ўқинг
27 октябр 2023
1923 йилнинг 13 декабрда Тошкентда РCП (б) Марказий қўмитаси Марказий бюросига Туркистон ССРнинг 30 таниқли «қирғиз ишчилари» томонидан ...
9 май 2023
Салом қадрли мухлислар, бугун 9 май эътиборингизга Элтуз «600 секунд»нинг навбатдаги сонини тақдим этади. Путин Марказий Осиёда ўз таъсирини ...
21 июн 2023
Дунëдаги илк бошқарув тизими ғор даврида бўлган. Қабила оқсоқоли қўтосни ушлай олмай қочириб юборган овчининг ўзини қозиққа ўтқазиб, гулҳанда ...
18 август 2017
Абдувоҳид Ҳайит – 1967 йилда Қашқадарёнинг Яккабоғ туманида туғилган.Тошкент Давлат Университетининг журналистика факультетини битирган. Ҳозир Канадада яшайди. Кеч Вакт ...
Блоглар
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...
10 октябр 2024
Юксалиш мактабининг гендер айирмачиликка асосланган бошқаруви ҳақидаги мақолага ўқувчилар икки хил муносабат билдирди. Бир сурув ...