Аудио-китоб
24 апрел 2022

Императив 46. Cоф санъат

(Таниқли шоир ва сиёсатчи Муҳаммад Солиҳнинг “Императив” китобидан 46-қисм. Аудиокитоб матнини муаллифнинг ўзи ўқиган. Давоми бор.)

Балки, «Мосё Тест»нинг ўз тафаккури устидаги истибдодини битта Эдгар По эмас, балки, юқорида саналган барча исмлар тафаккурининг синтези, дейиш мумкиндир. Гарчанд, Валери, масалан, Малларме ҳақда: «Шеърият Малларме учун энг теран ва ягона предметдир. Мен учун эса, у АҚЛнинг специфик имкониятларига бир иловадир холос», деса ҳам.

Албатта, Малларме учун шеъриятнинг вазифаси тасвир ва ёки насиҳат эмасди. Унинг фикрича, Шеъриятда табиатусти бир мағиз бўлиши керак. Шоир сирли олам билан инсон ўртасида воситачи. У символ(рамз)лар ёрдамида гизланган борлиқ устидаги сир пардасини сидириб ташлаш учун масъулдир.

Аслида, Малларменинг максимализми «Мосё Тест» (Валери) максимализмидан фарқ қилмайди. Фақат бири буни шеъриятга, иккинчиси эса, умуман тафаккур жараёнига ёяди.

Малларме илҳомга, сирлиликка аҳамият беради. Унинг мухлиси Валери эса, битта шеърнинг бир нечта вариантини ёзиш мумкинлигига ишонади. «Кўп вариантли шеър (илҳомнинг муқаддаслигига инонган) авом идроки учун шармандали бир ҳолдир. Мен учун эса, бу катта лаёқатдир. АҚЛ қудрати вариантлар сони билан ўлчанади», дейди у. Бу икки шахс ўртасидаги ягона фарқ: Валери максимум АНИҚликка, Малларме эса, максимум «қоронғиликка»(сирлиликка) интилади. Иккалови ҳам бу интилишларида ўз фикрларининг мустабидидирлар.

Улар бу интеллектуал истибдодда бирлашадилар.

Валерининг эътирофига кўра, Оврўпа адабиётига таъсир қилган, аммо ўз юртида эътибор кўрмаган Эдгар Аллан По ўзининг «The Poetic Principle» маърузасида (санъатдаги) Ҳақиқат ҳақдаги тушунчасини шундай баён қилади: «Ҳақиқатга ҳар ким каби теран эҳтиром туйган бир киши сифатида мен унинг тадбиқ қилиниш усулларига маълум бир чеклов қўйган бўлардим…Чекловни Ҳақиқатни тадбиқ усулларини кучайтириш учун қўярдим. Мен уларни сочиб ташлаб заифлаштирмасдим. Ҳақиқат бизга қатъий талаблар қўяди. Унинг дунё билан иши йўқ… Қўшиқни(шеърни) чечаклару қиммматбаҳо тошлар билан безаш уни бачкана бир парадоксга айлантириш, демакдир. Ҳақиқат учун курашаркан, биз тилнинг кескинлиги ва шафқатсизлигига эҳтиёж туямиз, унинг ранг-баранг жимжимадорлигига эмас. Биз СОДДА, АНИҚ ва ҚИСҚА бўлишимиз керак. Биз СОВУҚ, СОКИН ва ЭҲТИРОССИЗ бўлишимиз керак».

Пол Валери Шарл Бодлер ҳақидаги маърузасида шундай ёзади: Шарл Бодлер «The Poetic Principle» («Поэтик принцип») дан кўзлари қамашиб, ҳайратга тушганига қарамай ёки кўзлари қамашиб, ҳайратга тутилгани учун уни Эдгар По асарлари (французча таржимаси) орасига киритмади. Аммо бу эссенинг энг муҳим парчасини бироз ўзгартириб, ўзидан қўшиб, Понинг «Ғайриоддий ҳикоялар»и таржимаси сўзбошисига киритди. Агар бу воқеани муаллиф ўзи тан олмасайди, бунинг бир плагиат эканлиги шубҳа остига олиниши мумкин эди. Аммо (Бодлер) Теофиле Готье ҳақида ёзган мақоласида ўша парчани тўла келтириб, унга шу ажойиб изоҳни илова қилади: «парафразадан қочиш учун баъзан ўзимдан иқтибос келтиришимга изн бор деб ўйламайман», дейди у ва Эдгар Понинг «Принцип»идан олинган парчани келтиради».

Пол Валери ўз салафи Бодлер ҳақидаги бу майин, дўстона киноясидан қатъий назар, Эдгар По қўйган бу мезонлар Мосё Тест(Валери)нинг ҳам ЭҲТИРОСли мушоҳадалари тамали бўлди. Балки, буни эҳтироссиз(совуқ, сокин) матн ясаш ЭҲТИРОСИ, деса, аниқроқ бўлар. Бу таъбир ҳикоямиз аввалида қўлланилган «муз машъала» таъбирининг яна бир варианти.

Пол Валери америкалик буюк шоир ва мутаффакирнинг шеъриятга қарашини таҳлил этаркан, хулосасини Бодлерга нисбатан очиқроқ ва дангалроқ ифода этади: «Эдгар По шеъриятнинг ўзини давр йўналишига уйғун ислоҳ этиши кераклигини англаганди. У (шеърият) ўз табиатини кашф этишга, уни СОФ ҳолида ўрганиш учун даво қилишга ҳақлидир. Шеърий ЭҲТИРОСнинг таҳлили ва саралаш воситасида Мутлақ Шеъриятни белгилаши билан Эдгар По (таркибида) МАТЕМАТИКА ва МИСТИКА йўғрилган ниҳоятда муросасиз, жозибали бир доктринани ўртага қўйиб, йўл кўрсатди».

Эдгар По «Принцип»идаги «Шеъриятнинг ўзини СОФ шаклда ўрганишга ҳаққи бор» жумласигаэътибор беринг.

Бу жумла жуда муҳим сентенция.

Бу жумла 19 асрда бошланган адабиёт доҳийларининг қитъалар аро муҳосабаси моҳиятан санъатдаги СОФЛИК учун берилган мужодала эканлигидан далолат беради.

Албатта, бу СОФЛИК талқинидаги нюанслар, фарқлиликлар айри бир масала.

Бизнинг адабиётда, унинг Совет босқичида бундай муҳосаба ерости (underground) тор адабий гурунгларидагина тортишилди. Коммунистик мафкура учун «соф санъат» бир ҳақорат эди. Бугун ҳам ўзбек адабиёти (балки бутун собиқ совет адабиёти) бу мафкура асоратидан қутилмагани кузатилмоқда.

Бу ҳусусда бултур бир матн тайёрлаган эдим. Ундан бир парча: «Бизнинг замонимизда «Соф санъат» ва бу тушунча тарафдорлари социалистик реализм адабиётшунослигининг танқид объекти эди. Гарчанд, 20аср совет адабиётининг илғор ёш наслининг ботиний доҳийлари айнан «соф санъат » тушунчаси вакиллари эдилар. Улар совет мафкураси тарафидан тарғиб қилинган совет ёзувчи шоирлари эмас, балки, кўпинча таъқиқланган Ғарб ёзувчи-шоирлари эдилар. Ёш совет шоирларига «Ғарб шеъри тақлидчиси» тамғаси урилиб, улар миллий илдизларини инкор этган осийлар дея эълон қилинарди. Аммо бир оз вақт ўтгандан кейин айнан бу «осийлар» яратган адабиёт «энг миллий» адабиёт эканлиги ўртага чиқарди»…

Балки бу фикр бироз иддаоли кўриниши мумкин. Аммо бу камида тортишилаётган «соф санъат» ғоясини Совет режими каби мустабид сиёсий тузум ҳам ўлдираолмаганига бир гувоҳликдир.

(Давоми бор)

Муҳаммад Солиҳ

Тағин ўқинг
26 апрел 2024
РТ: Мана хафта зувв этиб айланиб яна сиз билан юзма юзман. МС: Овонг оғо, бугун бешланжий гун. Гурунгни сиздан ишитамиз. ...
6 апрел 2018
Facebook нинг 87 миллионтагача фойдаланувчиси ҳақидаги маълумотлар Cambridge Analytica компанияси томонидан сиёсий консалтинг мақсадларида йиғиб борилгани ҳақидаги хабарлар ортидан ...
16 март 2018
Бобомурод Абдуллаев иши бўйича 15 март куни ўтган суд мажлисида Республика суд тиббий экспертизаси хулосасига кўра, журналистга нисбатан қийноқлар ...
4 апрел 2020
Мана, ҳафта ўтиб сиз билан юзлашдим. Кўзларингиз қорачиғида ўзимни кўраман. Сизнинг дардингиз – менинг дардим. Сизнинг ғамингиз – менинг ...
Блоглар
11 май 2024
1944 йилнинг 11 майида Сталин барча қрим татарларини Қримдан сургун қилиш ҳақидаги машъум қарорни имзолади. ...
6 май 2024
Ҳайрли кун! Урганч шаҳрида яшайман. Бугун қуйидаги воқеа юз берди: мен автобусда телефонда гаплашиб тургандим. ...
30 апрел 2024
1990 йилнинг 30 апрелида мустақил Ўзбекистон тарихидаги илк демократик партия – «Эрк»нинг таъсис қурултойи бўлиб ...