Кундалик
30 октябр 2015

Шаққилдоқ

Бугун Лўс Анжалусдаги қасримнинг минглаб хоналаридан бирида адашиб қолиб эшикмикан деб ишкопни очибман.

Қарасам шаққилдоқ турибди.

Олдиндан айтай бугунгача эришган бутун сарватимга мана шу шаққилдоқ боис эришганман.

Аловуддин учун сехрли лампа қандай азиз бўлса менга мана шу шаққилдоқ шундоқ азиз.

Отам¸ амакиларим ўғри бўлишган. (Улар хозир ҳам айни касбда жавлон уришмоқда)

Мадрасада ўқиган катта бувамнинг ориентацияси оғирлик қилиб баччалик ҳам қилган дейишади.

Яъни муборак оëқларига занг тақиб қиз бола кийимини кийиб¸ улама соч қистириб¸ сузилиб «жонон бўламан деб» эшон бовою мударрисларнинг шаҳватини қўзғатиб рақсга тушган эканлар раҳматлик.

Отамни айтишича¸ хушрўйлик менга шу катта бувамдан ўтган экан.

Сал қорачадан келган бўлсам ҳам кўзга яқин чиройли эканимни мактабдан биламан.

Қизлар менга қараб “бизда йўқ чирой сенда бора” деб тиззасига уриб афсус қилишар эди.

Кичкиналигимдан отамни афераларида қатнашдим.

Масалан отам Пахтакор стадионида лоторея ташкил қилиб халқни пулини шилиб олганида хизматим синган.

Стадионни ўртасида йилт янги 06 жигулини лоторея бош соврини қилиб қўйган эди отагинам.

Жигулини ëнида баҳмал ëпилган стол устида эса шиша аквариум турар¸ ичига эса кичик коптокчалар тўлдирилган эди.

Коптокчалардан бирини ичида эса бахтли номер бор эди.

Отам ўртага чиқиб: “ Эй халойиқ ораларингда гуноҳ қилмаган бир маъсум гўдак ўтирибди¸ўша гўдак аниқласин баҳтли номерни” деб бақирган замон¸ тоғаларим мени шартта кўтариб аквариум олдига олиб келишар эди.

Мен эса ўргатилганидек¸ акваримга қўлимни тиқиб муз каби совуқ коптокни олиб тоғамга берар эдим.

Коптокни ичини очиб бахтли рақам кўринганида албатта бу амакиларимдан бирисининг лотореясидаги номер бўлар эди.

Ҳамма сир шундаки¸ бахтли рақам солинган коптокча “ютуқ чиқариш” тадбиридан олдин бир сутка музхонада сақланар экан…

Чалғиб кетдим¸ шақилдоқ ҳақида гапираëтган эдим.

Бир куни Пахтакор метросидан чиқаверишда ангишвона ўйнатиб элни алдаб пулини олаëтган амакиларимга полундрада турган эдим.

Битта қарироқ оқ сочли одам келиб менга тикилиб қараб қолди. Мен хитланмаслик учун нари кетиб амакиларимга ҳуштак чалиб сигнал бердим.

У одам бўлса орқамдан етиб келиб¸ “Ука¸ мен телевидениеда ишлайдиган режиссер Хайбатилла акаман¸ ҳамма танийди мени. Бугун Шералини концертини суратга олмоқчи эдик. Студия заказ қилинган ҳамма нарса шай. Фонограмма ëзилган. Костюмлар тиктирилган. Аммо шаққилдоқчи бола келмай турибди. Шақилдоқчи сени размерингда костюм кияр эди. Хушрўйгина бола экансан¸ видеога олганимизда шаққилдоқни ушлаб туриб бер. Сал пал силкитиб турсанг бўлди.”

Мен бу амакининг “хит” эмаслигидан кўнглим тинчиб таклифига рози бўлдим. Пропуск заказ қилдириб¸ Ҳайбатилла ака мени ТВ ичкарисига киритди. Машхур одамлар билан тўла жой экан бу ТВ дегани. Эргаш Каримовни тиригини ўшанда кўрувдим. Хуллас Шералини ортида туриб унга мос пўрим костюмни кийиб шаққилдоқни шаққиллатиб турдим. Концертни бирор ўн марта қайта ëзишдиëв. Кейин Шералини доирачиси келиб менга ўн сўм пул берди. Омин облоху акбар. Артистлик оламида ëндиму ўчдим.

Шу билан яна ангишвона ўйнаëтган амакиларим ëнидаги постга қайтиб полундрада бардавом бўлдим.

Аммо эртасига қиëмат қўпди.

Ўғри тоғаларим трамвайда киссавурлик қилганда мендан “кукла” сифатида фойдаланишар эди.

Трамвай бекатида туриб бирдан бутун оломоннинг менга тикилиб қараëтганини сезиб қолдим.

Биттаси югуриб олдимга келиб “Ассалому алайкум¸ Шерака тузукмилар” деб сўраб қолди. Қолганлар бармоғи билан мени кўрсатиб¸ “Шеракани шаққилдоқчиси” деб бирига гап мақуллатишар эди.

Хуллас тоғаю амакилар ишига ярамайдиган отни қашқасига айланиб қолган эдим бир кунда.

Шералини концерти эфирга берилгани сабаб мен бир кунда бутун Ўзбекистон танийдиган азиз сиймога айланиб қолган эдим.

Ўша пайтда машина ўғрилари кўпайган пайт эди. Кечқурун уйда энди сур гўшт солиб пиширилган мошкичири тўла лаганга қўл узатган ҳам эдикки¸ бирдан звонок чалиниб қолди.

Икки кўча наридаги буғалтир чол турибди эшикни олдида. Кўзларида ҳалқа ҳалқа ëш. Зўр карвон йўлида адашиб қолган етим бўтадек зор зор йиғлайди:

“Умрим бўйи пул йиғиб жигули олувдим. Шуни кеча ўғирлаб кетишиби. Топишга ëрдам бер ука¸ кимсан Шералининг шаққилдоқчисисан. Гапинг ўтади..”

Отам қўшни бобойни юпатиб кузатиб юборди.

Кейин отам менга қараб “Раҳмим келди шу буғалтир чолга. Машинани курашчи болаларнинг тренери Салим ўмарган. Юр бир илтимос қилиб кўрамиз. Биздан нима кетди”¸ деди.

Салим дегани адидас спорт иштонни кийиб диркиллаб турган бир чапани экан. Мени кўриши билан¸ ҳудди бобоси гўрдан тирилиб келган каби севиниб қучоқлашиб кўришди.

“Телевизорда кўрдик¸ Замон¸ замон бизнинг замон даврон бизники дейилганида зарб билан шаққилдоқ чалганингда ҳавасим келиб маладец деб қўювдим. Мана ўзинг келиб турибсан” дея яна бир марта қучоқлади.

Бу орада Салим мен билан келган отамга беписанд саволомуз назар ташлади.

“Ўғлим бу¸ ўлсам орқамдан йиғлайдиган меросхўрим..”

Гапни қасқаси буғалтер чолга жигули қайтарилди. Чол ҳам мард экан эртасига келиб эшигимни олдига қўчқор олиб келиб сўйиб ташлади.

Лоторея¸ ангишвона¸ том тешиш¸ форточкадан кириш каби майда чуйда ўғирликлар ўрнига “Разбор” билан шуғуллана бошлаб кам бўлмадим. “Шаққилдоқ разбор” деб номим чиқди.

Давр айланди. Мен ҳам энди қаторга қўшилиб уйланиб орқамдан йиғлайдиган меросхўрларни урчитишим даркор эканлиги тушунтирилди.

Замон айвонида даврон айланиб мамлакат ўрисдан мустақил бўлган ва илгари кўмфирқа саркотиби бўлган бир чўтир ўзини подшохи олам дея эълон қилиб турган бир вақт эди.

Эртакларда айтилганидек подшохнинг икки бадбуруш қизи ҳам бор эди. Қурбақанинг ишқи шаҳзодаги тушгани каби¸ мен ҳам назаркарда бўлиб сарвари олам подшо ҳазратларининг кенжа қизлари ҳасмига тушдим. (каттаси занят эди)

Ишим бир юришди¸ бир юришди. Карвонсаройлар очиб исмини сахийлар бобоси деб қўйдим. Кечқурун ухлашдан олдин банкдаги ҳисобимни қараб ëтаман.

Оллоҳни қудрати билан эрталаб бу ҳисоб икки қатига семирган бўлади. Ҳеч нарса қилмадимку ахир. Фақат ухладим. Саккиз соат ухлаб турсам ҳам пулимга пул қўшилибди. Худо бераман деса бераверар экан.

Ўшандоқ пайтда шаққилдоқни қўлимга олиб “замон замон бизнинг замон деврон бизники “ деб қўяман.

Аммо ҳар бир эртакда бўлгани каби бизнинг эртакда ҳам ëвуз кучлар бор. Завжаи мухтараманинг катта опаси ҳам ашулачини ўйнаш тутиб “замон замон бизнинг замон деврон бизники “ деб куйласа ҳасаддан жизғанак бўлиб кетар эдим.

Аммо қайин волидам куф суф қилди¸ азайимхонга борди¸ кинна киритди¸ кинна чиқарди¸ чилëсин ўқитди¸ парихонларга нон тептириб доираю дафларга дуо ëздириб “проблемани бартараф” қилди.

Душман нейтраллашди.

Энди мабодо қайин падаримни азроил сўраб келиб¸ жонларини жабборга берсаю¸ ул тахти сусамбил менга насиби рўзи қилармикан деб ўйланиб¸ ўйланиб Лўс Анжалусдаги қасримда адашиб қолибман.

Яхшиям шаққилдоқни топиб олибман. Шаққилатувдим шотирлар югуриб келишди.

Уларга қараб “Мен ким Амир Темур фармоним будур” демоқчи бўлдиму аммо демадим. Нима қиламан подадан олдин чанг чиқариб.

Хозирча шаққилдоғим қўлимда. Муҳими шу.

Лўс Анжалус қасри. 2015 йил август.
Барча нашру сайтларда кўчириб босишликка ражода бўлунур.

(Сўрамасдан босаверинглар деган маънода)
Eltuz.com

Тағин ўқинг
7 октябр 2022
Азиз оға ини, опа сингил қадрдонларим. Мана хафта айланиб сиз билан биргаман. Куз келиб тўй-тўйчиқ кўпайган пайт… МС: Туз ...
5 май 2021
Навоий вилоятининг Хатирчи туманилик марҳум фермер Музаффар Муҳаммадиевнинг яқинлари вилоят ва туман прокуратураларига ишончсизлик билдирмоқда.  Марҳумнинг қабри биринчи марта ...
1 октябр 2021
Азиз ва мукаррам, ҳар бири дуру жавоҳирлар каби қадрлиларим. Мабодо хафа бўлиб, ғам-ғуссага ботган, ишингиз юришмаган бўлса, бошлаган ишингиздан ...
18 сентябр 2017
Мамлакатимизда ўзгаришлар бошлангандан сўнг матбуотда «нима қилсак мамлакатимиз юксалади» мазмунидаги кўплаб мақолалар чоп этилди, этилмоқда. Буларнинг баъзисини ўқиб кулгингиз ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...