«Бармоқ изларимизни ғиштлардан изланг…»
Акмал Набиев
Еltuz.com
Яқинда мен ишлайдиган қурилишга полиция ходимлари келиб, ҳужжатларимиз жойида бўлишига қарамай барча ишчиларни полиция бўлимига олиб кетди, текшириш мақсадида. Кўпга келган тўй, кутиб ўтирдик текширув тезроқ бўлишини.
Биринчи бўлиб кириб чиққанларнинг айтишларича бармоқ излари олинаётганмиш ва турли хил кўринишда расмга тушириб олишаётганмиш. Беш-олтита ишчини текширишгунча тушлик вақти бўлиб кетди. Ҳамма ҳайрон текширув нега бунчалик чўзилаётганига.
«Текширгичларингни кўпайтириб қўй ахир» деб юборганлар ҳам бўлди. Кейинроқ маълум бўлишича қурилишда ишлайверганимиз сабаб қўлларимиз дағаллашиб бармоқ излари чиқмаётган экан. Тушликдан кейин текширгичлар ҳам тақдирга тан берди шекилли, бармоқ изларини олмай фақат расмга тушириш билан чекланишди.
Ўша ерида биз ҳам Амур Темур айтган ва юртимизнинг кўп жойларига катта қилиб ёзиб қўйилган машҳур иборани полициячиларга қарата айтиб қўйдик: Бизнинг қудратимизга шубҳангиз бўлса биз қурган иморатларга қаранг. Мабодо бармоқ изларимиз керак бўлса биз тераётган ғиштлардан изланг.