Кундалик
7 январ 2016

Ўзбекистон мустақиллигига 50 йил бўлганмиш!

Бир пайтлар ўрта мактабда оддий ўқитувчи эдим. Туман марказига бордим дегунча газета дўконига чопардим. Сотувчи опа эса мени кўриши билан табассум қиларди. “Мана, сизнинг газетангизни олиб қўйганман!” – дерди олдидаги стол тортмасидан бир даста газета чиқариб. Мен эса севимли газетамнинг 3-4 та сони қучоғлаганча ишимга қайтардим.

Бу қайси газеталигини айтайми? “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” эди! Орадан йиллар ўтиб, бу газетани ўқимайдиган бўлдим. Умуман, газеталардан кўнглим қолди. Чунки газеталаримизни буткул ёлғон эгаллаб олди. Журналистларимизнинг савияси ўзига яраша бўлиб қолди. Алалоқибат, Ўзбекистон матбуоти ҳақида гап кетганда кўпчиликнинг юзи буришадиган аҳволга келдик.

Мен бир нарсага ҳайрон қоламан: матбуот кимга хизмат қилади? Албатта, шу юртга, шу ватанга! Унда нега “тепа”да ўтирганлар бу соҳага бу қадар бефарқ қарайдилар? Назаримда, бугун мамлакатимизда чоп этиладиган нуфузли газеталарнинг бошига умрида ёлчитиб тўртта жумла ёзмаган, тўғрироғи, ёзолмайдиган одамлар келиб қолган. Шу гапимни холис ва адолат билан исботлаб берайми?

Мана бир мисол. Ўтган ҳафтада ўша бир пайтларда яхши кўриб ўқийдиган “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси тасодифан қўлимга тушиб қолди. Ишонинг, бу мутлақо тасодиф эди. Келинг, газетанинг аниқ санаси ва сонини ҳам айтиб қўяй: 25 декабрь, 2015 йил, 52-сон! Биринчи саҳифадаман.

Сарлавҳани ўқинг: “Соғлик ва озодлик”. Бу бош мақола муаллифи “таҳририят” экан. Табиийки, бу Бош муҳаррирга тегишли. Ўзингиз ўйланг, шунақа ҳам тўмтоқ сарлавҳа бўладими?

Мақолани ўқиб чиқсангиз, кўнглингиз айнийди. Гарчи мақолада Истиқолга ҳамду сано айтилган бўлса-да, ишончим комилки, шу мақола шахсан Президентга ҳам ёқмайди. Мактаб ўқувчисининг иншоси ҳам ҳам бундан тузукроқ ёзилади.

Ўқинг: “Жондан азиз истиқлолимизнинг ярим асрлик қутлуғ санаси нишонланадиган ғурурбахш йилда ҳамиша соғ бўлинг”.

Ўзи Ўзбекистон қачон мустақил бўлган? Шунчалик ҳам масъулиятсизлик бўладими? Қизиқ, бу нимадан дарак? Атоқли шоир, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари, устига устак, худди шу нуфузли ҳафталикнинг Бош муҳаррири Сирожиддин Саййид ҳатто, Мустақилликка қачон эришганимиздан ҳам бехабар, шекилли?!

Ё у зотга Мустақиллик 50 йил аввал насиб этганми?

“Соғлик ва озодлик”да муаллиф Президентнинг, у эълон қилган йил номи устидан кулаяптими? Ё “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”га шундай бемаъни битиклар ҳам бўлаверади, барибир бу газетани ҳеч ким ўқимайди, деган фикрдами?

Хўп, С. Саййид шундай хаёлда экан, Мустақилликка 50 тўладими, ярим аср тўладими унга фарқи йўқ экан, аммо бошқа масъул раҳбарлар қаёққа қарашяпти? Ёки улар бундай кашфиётни кўришмадими? Ёки кўриб бепарво қўл силтаб қўйишдими?

Балки, улар ҳам “Шу опамга шу поччам ҳам бўлаверади” деган хаёлдадир? Балки, улар ҳам Мустақиллик қачон юз берганидан бехабардир? Мақоладаги бир-биридан ғализ, бир-биридан носамимий жумлалар энг нодон ўқувчининг ҳам ғашига тегади.

Айниқса, мақолага илова қилинган шеърни ўқинг:

Соғлик – озодликдир.
Озод миллатнинг
Бардам туғилажак зуриёди – соғлик.

Минг асрлик давлат,
куч ва қудратнинг
Бир юз ўттиз йилда барбоди – соғлик.

Нима бу? Бу тизмадан нимани тушундингиз? Ўзбекистонда одамлар газета ўқишмайди, деб хафа бўладилар.

Азизларим, бунақа газетани ким ўқийди? Газетадаги қолган мақолалар ҳам бундан авло эмас.

Айниқса, сарлавҳаларни ўқиб ғижиниб кетасиз. “Эътибор қувончлари”, “Илмга садоқат”, “Садоқатга эҳтиром”…

Шунақа бўлгандан кейин матбуотнинг харидори қоладими?!

Бахтиёр Ҳамроев
ўқитувчи, Eltuz.com

Тағин ўқинг
30 июн 2016
Шу кунларда ижтимоий тармоқда чинозлик Аҳмадбой лавҳалари овоза бўлмоқда, бу ҳодиса бундан уч тўрт йил бурун президентнинг коррупционер қизи ...
12 август 2018
Ижтимоий тармоқларда автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларидаги километрларга чўзилган рекорд навбатларнинг тасвирлари пайдо бўлди. Тағин, автоулови йўқларнинг куни туғди, улар ...
12 май 2023
РТ: Сиз билан  яна гурунглашиш насиб этганидан ичимга сиғмай севиниб ўтирибман.  МС: Ничиксизлар жоллимисизлар мўччи бика ҳам хўжик биррилар Бормисиз, ...
12 май 2017
12 май куни Тошкентда атоқли ўзбек шоири Турсунбой Адашбоев юрак ҳуружидан вафот этди. Турсунбой Адашбоев 1939 йил 1 январида Ўш ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...