Истанбул ҳужумида ўлган икки нафар ўзбек дафн этилди
Туркия аэропортида 28 июн кечаси уюштирилган бомбали ҳужум пайтида ҳалок бўлган наманганлик Аброржон Устабоев ва тошкентлик Мухиддинов Самад Муродовичлар жума куни дафн этилди.
22 ёшли Ўзбекистон фуқароси Аброржон Устабоев аэропортга келиб тушиши билан портлаш содир бўлган ва у ўша жойда юрагидан ўқ еб, жон берган.
Наманганлик Аброржон Устабоевнинг портлаш пайтида аэропорт ичкарисида бўлгани ва ўлимидан атиги 20 дақиқа олдин телефон орқали яқинлари билан гаплашгани айтилади.
Eltuz.com журналисти шунингдек, Туркиядаги меҳмонхонада қўриқчи бўлиб ишлаган тошкентлик Самад Муҳиддиновнинг яқинлари билан боғланганишга ва унинг ҳам жума куни дафн этилганини аниқлашга муваффақ бўлди.
Шунингдек Тошкентда Самад Муҳиддиновнинг онаси, хотини Дилноза ва икки нафар ёш фарзандлари қолган.
Портлаш ва отишмада ярадор бўлган ўзбеклар сони 4 нафар экани ҳам билдирилганди. Истанбул ҳужумида яраланган ўзбекистонлик 4 кишидан бирининг исми-шарифи Рифат Салимов экани ҳақида Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги маълумот тарқатди.
Сўнгги маълумотларга кўра, теракт оқибатида 44 киши ҳалок бўлган, 230дан зиёд киши жароҳатланган.
Eltuz.com