Аъзам Фармонов қамоқдан озод этилди
3 октябр куни, ўн йилдан ортиқ ҳибсда сақланган собиқ инсон ҳуқуқлари фаоли 38 яшар Аъзам Фармонов қамоқдан озод этилди.
Собиқ маҳкумнинг умр йўлдоши Озода Ёқубова билан соат 14:15 да гаплашган «Элтуз» мухбири, Аъзам Фармоновнинг ҳуқуқ ҳимоячиси Абдураҳмон Ташанов ҳамроҳлигида уйига қайтаётганини билди.
«Қулоқларимга ишонмайман, сабрсизлик билан кутиб ўтирибман» деди эрини ўн йилдан ортиқ кутган Озода Ёқубова.
Ўзбек концлагери деб ном чиқарган “Жаслиқ” қамоғининг собиқ маҳкуми Аъзам Фармонов 2006 йилнинг 29 апрелида ҳибсга олинган эди.
Ўзбекистон инсон ҳақлари жамиятининг Сирдарё вилоят бўлими раиси бўлган Аъзам Фармонов, ўз ҳамкасблари фикрига кўра, қайнатаси Толиб Ёқубовнинг ижтимоий фаолияти сабаб қамалгани айтилади.
Расман эса у 300 долларга яқин миқдордаги “таъмагирлик”да айбланиб, 9 йил озодликдан маҳрум этилган эди.
2015 йил апрелида унинг муддатига тағин беш йил қўшиб берилган, Халқаро Амнистия ташкилоти Аъзам Фармоновни виждон маҳкуми деб эътироф этган эди.
Eltuz.com