Асосий мавзулар
19 декабр 2017

Андижонда йиғилишларга видео ёки овоз ёзиш ускунаси киритиш тақиқланди

Андижон вилояти ҳокимлигида ишловчи манбанинг «Элтуз» нашрига 18 декабрь куни берган маълумотларига кўра, энди ҳокимликда бўлиб ўтадиган ҳар қандай йиғилишдан олдин қатнашчиларнинг телефон, камера, диктофон каби овоз ёзиб олувчи қурилмалари олиб қўйилади.

Куни-кеча вилоят ҳокимлигида бўлиб ўтган навбатдаги йиғилишдан олдин қўриқлаш хизмати ходимлари ҳар бир қатнашчини бирма-бир текширувдан ўтказган.

Дастлаб Андижон шаҳри ҳокимлигига ёзиш воситалари билан кириш тақиқланганди

«Постда турган милиция ходимлари ҳар бир фуқарони махсус аппарат билан текшириб, ҳатто аёлларнинг косметика воситаларини ҳам синчиклаб текшириб, сўнг ичкарига қўйяпти.

Фақат дафтар билан ручкага индамаяти, холос. Менимча, бу раҳбарларнинг гап-сўзлари интернетга чиқиб кетмаслигининг олдини олиш учун бўлса керак», – дейди манба.

Шу йилнинг 16 октябрь куни шаҳар ҳокими, халқ депутатлари Андижон шаҳри кенгаши раиси Дилмурод Раҳматуллаев йиғилишда шаҳардаги қатор таълим муассасаларининг раҳбарларини ножўя сўзлар билан ҳақорат қилганлиги ҳақидаги аудиоёзув интернет тармоқларига тарқалганди.

«Кун.ўз» сайтига бу аудиоёзувни жўнатган шахс мажлисда бевосита иштирок этган ҳамда телефон ёки диктофон орқали ҳокимнинг овозини ёзиб олган.

Шу воқеадан сўнг шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаевга нисбатан прокуратура иш очганлиги маълум қилинганди.

«Кечаги кунги йиғилишда вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов шаҳар ҳокими Раҳматуллаевнинг ёнини олди», – дейди бизга маълумот берган манба.

У ўз гапларида “Раҳматуллаев ишлаётган эди, сенлар ҳеч биринг ишламаяпсан, қотиб ўтирибсан, у ишлаяпти. Энди бундай бемазагарчиликларга (аудиоёзувни назарда тутган) йўл қўйилмайди”, деб айтди. Афсуски, унинг овозини ёзиб олиш учун ёнимизда ҳеч қандай восита йўқ эди.

Йиғилишларда тез-тез иштирок этувчи ташкилот раҳбарларидан бирининг сўзларига қараганда, улар ҳокимлардан ҳақорат, сўкиш эшитавериб ўрганиб қолганлар.

“Бундай ҳақоратларни кўтара олмаганлар ё инфаркт бўлади, ё ишдан бўшайди. Раҳбар бўлиб ишлашга рози бўлган одам ҳар қандай ҳолатга тайёр туриши, ҳаётини суғурта қилдириб олиши керак!”, – дейди у.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 6 октябрь куни вилоят ҳокимлигида бўлиб ўтган йиғилишдан сўнг Улуғнор тумани ҳокими Асилбек Юсупов тўсатдан вафот этган эди.

Шифокорларнинг маълумотларига кўра, туман ҳокими инфарктни бошидан ўтказган.

Ўшанда йиғилишда қандай гап-сўзлар бўлганлиги оммага ҳанузгача номаълум бўлиб қолмоқда.

Манбанинг сўзларига кўра, вилоят ҳокимлиги йиғилишлари ҳар сафар тушдан сўнг бошланиб, тунги 23-24 ларга қадар давом этади. Мажлисларда вилоят раҳбари ҳатто аёлларни ҳам аяб ўтирмаслиги, нафсониятига тегадиган гаплар билан ҳамманинг олдида изза қилиши одатий ҳолга айланиб қолганлиги айтилмоқда.

«Энди бу гапларнинг ҳаммаси деворнинг ортида қолиб кетади, ҳеч ким ҳеч нарсани исбот қила олмайди, ҳокимлар ўзларини иҳоталашни уддасидан чиқишди», – дейди манба.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
27 май 2016
Жорий ҳафтада Асакадаги машина заводида яна 50 киши сўроққа тортилиб¸ шаҳарни тарк этмаслик борасида имзо чектирилди. Бундан олдин ўнлаб ...
5 август 2019
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев сўнгги вақтларда халқнинг чексиз ғазабига дучор бўлаётган буз-бузларда ўзининг айби йўқлигини билдирди.  Давлат раҳбари уй-жойлар ...
27 май 2024
Швеция ўз қуролларидан Россия ҳудудларига ҳужум қилишга изн берди. Грузия президенти Россияпараст қонунни бекор қилмоқчи. Андижонда эса кўприк қулади. Путин ...
22 феврал 2018
Дунёда энг узоқ муддат қамоқда бўлган журналист, 64 ёшли Муҳаммад Бекжон 22 февраль куни ўзининг фейсбук саҳифасида шундай ёзув ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...