Асосий мавзулар
23 март 2018

Андижонда ўқитувчиларга «экдирилган» қўлбола гуллар

Кейинги пайтларда ўқитувчи ва боғча ходимлари ободонлаштириш бошқармасининг “қўл-оёғи”га айланган. Кўчаларни супуриб тозалаш, кўчатлар экиш ва оқлаш, йўл белгиларини янгилаш, қурилиш ишларида қурувчиларга ёрдам бериш каби ишларга энди кўчаларни безатиш ишлари ҳам қўшилди.

Андижонда тераклар ҳам «гуллатилган», eltuz.com © 2018

Наврўз байрами олдидан кўчалардаги дарахт ва буталар мактаб ўқитувчилари ва мактабгача таълим муассасаси ходимларининг қўл меҳнати билан ясалган сунъий гуллар билан безатилди.

  • Аёллар байрами – 8 март олдидан кўчада фаолиятни бошлаб юборганмиз, – дейди ўзини меҳнат таълими ўқитувчиси деб таништирган муаллим.

«Кўчаларни тозалаш, безатиш, дарахтларга шакл бериш, лотокларни оқлаш – ҳаммаси бизнинг гарданимизда.

Наврўз байрамига эса ҳали барг ёзмаган дарахтларга юзлаб сунъий гул ясадик. Улгурмаган ўқитувчилар уйида ясаб келишди гулларни.

Ўқитувчилар «экаётган» сунъий гуллар, eltuz.com © 2018

Пластик пакетлар учун ҳар бир ўқитувчидан 5 минг сўмдан пул йиғилди. Аммо кўпи билан бир ҳафта-ўн кунда дарахтлар барг ёзади ва сунъий гулларни яна йиғиштириб чиқишимизга тўғри келади».

Шаҳар боғчаларидан бирида ишловчи тарбиячининг сўзларига кўра, баҳорги ободонлаштириш ишлари доирасида уларга ҳам шундай вазифа топширилган.

Ходимлар сунъий гуллар ясаш учун жуда кўп миқдорда рангли целлофан пакетларни ўз маблағларига сотиб олганлар.

  • Бундай сунъий гулларни иш вақтида, катта гуруҳдаги боғча тарбияланувчилари ёрдами билан ясадик, – дейди тарбиячи. – Камалак сингари 7 хил рангдан фойдаланишимиз керак экан. Битта рангли ўрам бозорда 4 минг сўм туради. Ноилож ўз ҳисобимиздан сотиб олдик. Мудирамизнинг айтишича, ҳар бир фуқаро шу тахлит ободончиликка ўз ҳиссасини қўшиши керак экан.
Оч яшил рангли гул, eltuz.com © 2018

“Хабар.уз” сайтида ёзилишича, Самарқандда кўча тозалаш ишларига жалб этилган 23 ёшли ўқитувчи аёл “Камаз” автомашинаси уриб юбориши натижасида ҳаётдан кўз юмган. Ушбу фожиа ўқитувчилар орасида ҳам катта шов-шувларга сабаб бўлди.

  • Сайтда чиққан мақолани ҳамкасблар кўчадаги дарахтлар ва панжараларга сунъий гул ёпиштираётиб ўқиб чиқдик ва муҳокама қилдик, – дейди ўзини Шаҳодатхон деб таништирган мактаб ўқитувчиси. – Бизни ҳайрон қолдирган томони, бундай фожиалар рўй берганидан сўнг ҳам ўқитувчиларни кўча ва дала ишларига олиб чиқиш тўхтатилмаяпти.

Халқ таълими вазири ўринбосари Алишер Саъдуллаев фейсбукдаги саҳифасида: “Бас, етар! Ўқитувчиларни тинч қўйинг. Ҳамма ўз ишини қилсин…”, дея муносабат билдириб чиқибди.

Бундай гулларни ўқитувчилар ўзлари ясашади, eltuz.com © 2018

Аммо ҳурматли мулозим нима учун бу гапларни ҳукумат йиғилишларида айтиб, таклифлар киритиш ўрнига фейсбукдаги шахсий саҳифасида ёзмоқда. Ёки у ўқитувчиларга ҳамма қатори ачинади-ю, бу тизимни ўзгартиришга ҳаракат қилишга журъати етмайдими? Бундай ишларга тезроқ барҳам берилиши керак, деб ўйлайман, акс ҳолда бир куни паймонаси тўлган ўқитувчилар “портлайди”.

Вилоят атроф-муҳит ва табиатни муҳофаза қилиш бошқармаси инспекторининг айтишича, кўча бўйларидаги бу чиройли манзара вақтинчалик, эрта-индин сунъий гуллар қуёшда рангсизланиб хунуклашади ёки шамолда учиб ҳаммаёқни тўлдиради.

  • Бундай сунъий гўзаллик яратиш учун ўқитувчиларни ишдан қўйиб, овора қилишнинг нима кераги бор?! Ҳам табиатга зарар етказиляпти, ҳам ўқитувчи бечорага ортиқча меҳнат юкланяпти, – дейди эколог.

Унинг маълумот беришича, баҳор мавсумида Андижон вилояти бўйича жами 11,5 миллионга яқин янги дарахт кўчати ўтқазилади. Бундай миқдордаги кўчатларни экиш учун катта ишчи кучи керак бўлади. Халқ таълими соҳаси ходимлари йирик, текин ишчи кучи эканини ҳисобга олганда, ўқитувчиларни олдинда яна ихтиёрий-мажбурий ободонлаштириш ишлари кутмоқда.

Шоҳида Саидова
Андижонлик муаллиф тахаллуси
Eltuz.com

Тағин ўқинг
9 ноябр 2021
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев иккинчи муддатга қасамёд қилганидан бир кун ўтиб, матбуот эркинлигини ҳимоя қилишга ваъдалари ортидан ҳукумат хорижлик ...
22 ноябр 2023
Ўтган йилнинг август ойида Ўзбекистон ва Швейцария Гулнора Каримованинг мусодара қилинган 131 миллион долларни қайтариш бўйича келишув имзолаган эди. Бу Каримованинг ...
10 апрел 2018
Ўзбекистон президентининг балиқчилик тармоғини жадал ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги қарорининг ижроси бош вазир Арипов, бош прокурор Муродов ва ...
18 ноябр 2020
The North Face компанияси санкт-петербурглик шахснинг айни маркадаги янги ботинка ичидан топган, маҳкум уйғурнинг ёрдам сўрагани битилган хати юзасидан ...
Блоглар
11 май 2024
1944 йилнинг 11 майида Сталин барча қрим татарларини Қримдан сургун қилиш ҳақидаги машъум қарорни имзолади. ...
6 май 2024
Ҳайрли кун! Урганч шаҳрида яшайман. Бугун қуйидаги воқеа юз берди: мен автобусда телефонда гаплашиб тургандим. ...
30 апрел 2024
1990 йилнинг 30 апрелида мустақил Ўзбекистон тарихидаги илк демократик партия – «Эрк»нинг таъсис қурултойи бўлиб ...