Асосий мавзулар
16 август 2019

Тўпга тутилаётган Дўст

Бундан бир қанча вақт муқаддам интернетда эълон қилинган “Пуфак” сарлавҳали мақоласи ортидан таниқли ёзувчи, Каримов даврининг нуфузли мулозимларидан бири Мурод Муҳаммад Дўст бугунги тузум маддоҳларининг зарбалари остида қолди. 

Дўстга қарши ҳужумни унинг мақоласи чоп этилишидан кўп ўтмай президент Шавкат Мирзиёевнинг энг йирик маддоҳлари сафида олдинги ўринларда турган хориждаги оммабоп сайтлардан бирининг эгаси ўзининг ютубдаги канали орқали бошлаб берди. 

Унинг шахсиятга тегувчи танқидларини бугунги кунда амалдорга айланган таниқли журналистлардан бири қўллаб-қувватлади.

Хўш, Мурод Муҳаммад Дўст нима “гуноҳ” қилган эдики, тузум “ҳимоячилари”нинг қақшатқич зарбаларига дучор қилинмоқда?

Гап шундаки, ёзувчи мамлакатнинг ҳар бир бурчагида “сити”лар қурилиши юзасидан ўзгачароқ фикр билдирган, айниқса, уларни қураётган фирмалар фаолияти шубҳали эканига ишора қилган эди. 

“Саноқсиз ситилар, йилда бир марта мажлис ўтадиган ҳашаматли бинолар, зўрлаб тиқиштирилаётган турли “намунали” уйлар, бойларга аталган, лекин ҳалигача харидор топилмай бўм-бўш турган қасрнамо уйлар узра буюк бир пуфак шишиб келмоқдаки, бир-икки йил ичида пақ этиб ёрилиб кетиши муқаррар”, деб ёзган эди Дўст.

Кутилмаганда бу фикрлар Ўзбекистондаги мавжуд тузум маддоҳларининг кескин (катта эҳтимолки, уюштирилган) норозиликларига дучор бўлди. 

Қайсидир журналда Мурод Муҳаммад Дўст билан чиққан суҳбатни ўз нашрида кўчириб босгани учун “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси бош муҳаррири Ўктам Мирзаёр дарҳол ишдан ҳайдалиб, лаш-лушини шоша-пиша  кўтарганча таҳририятни тарк этди. 

Ўктам Мирзаёрни ҳамкасблари ўта сиёсий ҳушёр, чапанича айтганда, қўрқоқлиги учун ҳар бир чиқадиган мақолани энига ва бўйига сиёсий цензурадан ўтказиб, кейин босадиган ижодкор сифатида танийди. 

Аммо шундай сиёсий ҳушёр бош муҳаррир ҳам “Пуфак” юқорининг норозиликларига сабаб бўлаётганини сезмай қолиб, Дўст билан суҳбатни чоп этиб қўйди ва бунинг товонини тўлади. 

Ўктам Мирзаёр “дунёга очилиб бораётган” Ўзбекистондаги сиёсий цензуранинг илк қурбонларидан бири бўлди, дейиш мумкин. 

Орадан сал ўтмай, эски каримовпараст, бугунги кунда эса меросхўрипараст бир ёзувчи давлатнинг расмий ахборот агентлиги сайтида Мурод Муҳаммад Дўстни унинг шахсига теккан ҳолда роса “фош қилди”. 

Гўёки Каримов даврида тилла товоқда суяк кемирган ёзувчи янги ҳукмдор даврида ҳам шундан умидвор бўлган, аммо мужда бўлавермагач, ўзини эслатиб қўйиш учун “Пуфак” шиширган. 

Кейин ҳам ўша юқорида эслатганимиз хориждаги оммавий сайт Дўстга қарши бир неча ҳамлалар қилди (бу ерда ва бу ерда). 

Мурод Муҳаммад Дўст шахси ва кимга душману кимга дўстлиги алоҳида мавзу. 

Лекин биз унинг ўзгача фикри ҳукмрон тузум маддоҳлари томонидан бунчалик қаттиқ танқидлар билан қарши олинганига эътибор қаратишни лозим топдик. 

Зеро, бу чиқишлар Ўзбекистонда ҳали ҳам эркин фикрга тоқатсизлик даражаси юқори эканидан, эндигина уйғонаётган фикр эркинлигини бўғишга қарши бўлган кучлар ҳали ҳам ўз мавқеини бой бергиси келмаётганидан дарак беради. 

Бу ҳаракатларнинг юқоридан бошқарилаётгани кўриниб тургани эътиборга олинса, олдинга бир қадам ташлаган, бугун ўзини ислоҳотчи сифатида кўрсатишга уринаётган ҳукмрон гуруҳ исталган вақтда икки қадам ортга чекинишдан тоймаслигини тахмин қилиш қийин эмас. 

“Элтуз”нинг Ўзбекистондаги ҳамкори
Eltuz.com

Тағин ўқинг
25 ноябр 2024
Кечадан буён расмий ва норасмий ОАВлар томонидан «Абдусалом Азизов ишдан ҳайдалмади, балки ҳурмат ва эҳтиром билан Хавфсизлик Кенгашига ўтказилди» ...
30 август 2017
1973 йилда Самарқанд вилоятининг Хатирчи туманида туғилган. Тошкент Давлат Университетининг филология факультетида таҳсил олган. Ўзбекистон радиоси ва «Америка овози» ...
3 июл 2020
Ҳафта айланиб яна сизлар билан юзлашганимдан мамнунман. Суҳбати чор – анда мазза бор, дейишади. Сизлар эса юз мингларсиз. Шунча ...
7 апрел 2016
Ўзбекистонликлар орасида сўнгги кунларда авж олган 16 ва 32 килограммлик полвонтошларни қидириш васвасаси машҳур «Олтин девор» пъесасини эслатади, фақат ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...