Тошкентда ИИБ ходимлари юзга яқин эркакнинг соқолини қирди (видео)
Тошкент шаҳрида 23-24 август кунлари Шайхонтоҳур тумани 4-ички ишлар бўлимига «Малика» савдо мажмуасидаги таянч нуқтасига соқолли эркаклар тутиб келтирилиб, соқоли мажбуран олиб ташланди. Жумладан Би-би-си ўзбек хизмати юз атрофида, «Озодлик» радиоси эса ўнлаб эркаклар соқоли олиб ташлангани ҳақида ёзди.
«Элтуз» воқеага изоҳ сўраб бир қанча ўзбек фаолларига мурожаат этди.
Наманганлик блогер Аббос Асад ички ишлар идораларининг бу ҳаракатини ўзбошимчалик дея ҳисоблайди:
«Мен ёшлигимдан соқол қўйганман. Дадам ҳеч қачон қирмагин деган. Ҳозир ёшим анча катта, шунга Наманганда ҳеч ким менга соқолингни ол, дея олмайди. Лекин ёшлар соқол қўйиб олса, уларга ижирғаниб қарашни сезиш мумкин».
Швецияда яшаётган ўзбек қочқини Муқимжон Маҳмуд бу амалиётни Ўзбекистонда нафси ҳакалак отган кимсаларнинг пул ундириш учун қилаётган ҳаракати, дея ҳисоблайди.
«Бу нарсанинг тагида ўша, пулнинг қуллари турибди, деб ўйлайман. Уларга фарқи йўқ. Уларнинг терроризм билан умуман иши бўлмайди. Пул беришса бўлди, айбсиз одамни террорчи деб қамаб, террорчини айбсиз деб чиқариворишади».
Москвада яшаётган ўзбек турғуни Жамшид Муслимов эса бу ҳолатни «волюнтаризм», дея баҳолайди:
«Бу ерда ички ишлар идоралари ходимларининг ёзилмаган қонунларга асосланиб, маъмурий, кучишлатар инструментларни ўзларининг нотўғри ғояларига мослаштириб ишлатилаётганини кўряпман».
Соқоли мажбуран олинганлардан фақат тошкентлик Жамолиддин Муҳаммаднинг фикрлари тармоқда янграётгани, бошқаларнинг сукути сабабини эса Жамшид Муслимов ўзбек зеҳниятидаги қўрқув кўникмаси билан изоҳлайди.
«Чунки уларда ҳам қўрқув кўникмаси бор. Бу амалиётлар биринчи марта амалга оширилмаяпти-ку. Соқол учун қамалиб кетганлар қанча. Улар Жамолиддинга ўхшаган фаол блогер амалиётга тушади, деб ўйлашмаган», дейди Жамшид Муслимов.
Швецияда яшаётган ўзбекистонлик фаол Дўстназар Худойназаровнинг фикрича, «соқол қириш» амалиёти жамоатчиликни мамлакатнинг анча жиддий кўламдаги муаммоларидан чалғитиш учун қилинмоқда.
«Нима учун келиб-келиб эркакларнинг соқолига осилишгани қизиқ. Эътибор беринг, блогерлар шу пайтгача коррупция, снос, Россия манфаатлари билан боғлиқ АЭС мумммоларни ёзишаётган эди. Ҳозир эса бутун ижтимоий тармоқда фақат соқол ҳақида ёзишмоқда», дейди Дўстназар Худойназаров.
Eltuz.com