Асосий мавзулар
22 ноябр 2019

РТдан ваъз: Биз қўй эмас, балиқмиз

Ўтган ҳафта «Миллий тикланиш» партияси Қашқадарёда нефть ишлаб чиқараётган «Лукойл» ширкатининг танобини тортиб қўйишни талаб қилди. Чунки бу идоранинг Қашқадарёда ишлаётган ўрис амалдори ўзбек ишчиларини «қўйлар» деб атабди.

“Лукойл Узбекистан Оперейтинг Компани” бош энергетиги Иван Александрович Шилов Деҳқонобод туманидаги Жарқудуқ газ тайёрлаш мажмуаси ишчиларини «қўй подаси», деб ҳақорат қилгани сайлов пойгасига кирган партиялар оғзида сақич бўлди.

Қўй масаласига бундан олдин ўзларини либерал демократлар ва халқ демократлари деб атайдиган партиялар ҳам ўз муносабатини билдирган эди.

Ўзбекларни қўй деган жаноб Иван Александрович Шилов зудлик билан Москвага чақирилди. Путин бово унинг қулағини бураб қўйса керак, деган яхши гумондамиз.

Гапнинг тўғриси, жаноб Шилов ўзбекларни қўй деб хато қилибди. Бир пайтлар Усмон Ҳақназаров бўлиб оқсарою кўскаройлари титратган журналист Бобомурод Абдуллаев ҳам ўзбекларни қўй деб атасак ҳақимиз кетади, деган эди.

Абдуллаевга кўра, қўй ҳар холда маъраб овоз чиқарадиган махлуқ. Тепсанг ҳам ғиринг демайдиган ўзбекларни балиқ десак арзийди. Чунки балиқ оғзи бор-у, лекин гапирмайдиган яратиқ. Бу балиқни газетага ўрасангиз, ўша газета ҳам уятдан қип-қизариб кетган бўларди.

ЮМУРТО МУСТАҚИЛЛИГИ

Лимон боғларини яратган ва мамлакатни катта товуқхонага айлантириб, юмурто мустақиллигига эришган, ҳаммамиз учун хурматли президентимиз жаноби олийлари Шавкат Мирзиëев ҳам балиқнинг миллатимиз учун аҳамиятини таъкидлади. https://president.uz/ru/lists/view/2998

13 ноябрь куни президент йиғилиш ўтказиб, балиқларнинг тансиқ турларини етиштиришга топшириқ берди.

Юртбошининг ишонишича, Ўзбекистон устига балиқ ëмғири ëғилади. Тасаввур қилинг, лаққа ва сазан балиқлар осмондан дувва тўкилди.

Шундоқ олиб тангасини қиртишлаб, товага солиб есанг битта қўзичоқ егандай бўласан. Амударë бўйидагилар лаққани денгиз қўзиси деб атайди.

Президент амрига кўра, бундан буëн лаққа, осётр, форел, илонбалиқ, сазан, чўртанбалиқ, умуман, итбалиқдан бошқа барча денгизу дарë неъматлари ўзбекистонликлар дастурхонига қўйилади.

Айниқса, бақачаноқ, саккизоëқ ва қисқичбақалар етиштириш устивор масала қилиб қўйилди.

Мутлақо бахтиëр бўлишимиз учун саккизоëқ етмай турувди ўзи.

Ҳурматли юртдошлар, агар ораларингизда кимдир ўз ҳаммомидаги ваннасида балиқ боқаëтган бўлса, югуриб бориб буни раҳбарларга айтиб қўйинг. Сизни улуғ тадбиркор деб атаб, мошин падарка қивормаса мени акула еб кетсин.

Ҳаммомдаги ванна чўмилиш учун эмас, балки балиқ етиштириш учун ҳовуз сифатида балиқчилик вазирлигида рўйхатдан ўтади. «Ҳар бир оила – балиқчи тадбиркор» деган формула ҳаëтга тадбиқ этилади.

Кир-чир бўлиб ювинмай юрсак ҳам дастурхонимизда саккизоëқ бўлади. Шукур қилайлик, биродарлар.

Бу ҳақда ўйлаëттан президент, қизлари, куëв ва амма-холаларини муллалар дуо қилишини талаб қилайлик.

Улар шу кунгача Мулла Умар билан Бағдодийни ичида дуо қилиб ëтишувди. Уларнинг дуоси боис неча минг ўзбек белига бомба боғлаб ИШИДга саллот бўлиб ëлланиб, жаллодга айланди.

Бу ИШИДчи ўзбекларнинг кўпи замбарак емига айланиб ўлиб ҳам кетишди. Тирик қоганлари Туркияда қамоқда ëтибди.

Ўтган куни Туркия ташқи ишлар вазири Човушўғли “Туркия ишидчилар учун отель эмас. Берворамиз уларни чиққан жойига”, деди.

Гапнинг қисқаси, Туркия ИШИД жаллоди бўлган 82 та радикал диндорни Ўзбекистонга қайтарадиган бўлди. «Тошкент сити»дан уй беришса керак уларга, чунки Жаслиқ ëпиқ.

Ўзбекистондаги муллаваччалар қалби эса ИШИД ва «Толибон»га меҳр билан лимо-лим. Зотан, биз меҳрибон халқмиз. Бобур айтганидек, меҳр кўп кўргуздик, аммо меҳрибоне топмадик.

6 ноябрь куни Тожикистондаги чегара заставасига ҳужум қилган ИШИДчилар ҳам ўзбек бўлиб чиқди. Ватанга интилаяпти улар, ватанга. Буни олқишлаш учун масжидларда электр билан ишлайдиган радиокарнайга изн берса ҳам арзийди.

Лекин шу ўринда ИШИДга аскар етказиб берган ëлғиз биз эмаслигимизни айтишимиз жоиз бўлади. Масалан, Қозоғистоннинг Чимкент, Қирғизистоннинг Ўш, Тожикистоннинг Хўжандидаги тили бир, паспорти бошқа миллатдошларимиз ҳам ИШИД сафида жанг қилиб мана уйларига қайтишмоқда.

Таомилга кўра, шу ерда чет эл абарлари бошланиши керак. Босдик тугмани.

ЧЕТ ЭЛ ХАБАРЛАРИ

АҚШда пешанасида думи бор кучук туғилди. Бундай дум мамлакат раҳбари шаънига қасидалар битаётган шоирларимизга жуда ярашган бўларди.

Ҳукмдор ўшанда нафақат шаънига айтилган мақтовларни эшитиш, балки шоирнинг қироатига мос думини ликиллатишидан ҳам завқланган бўларди. Ахир шоир ўз ҳукмдорини бор овози билан мақтаса-ю, думини қисиб турган бўлса, жуда шубҳали кўринган бўларди. Бас, юртбошини мадҳ этаркан, думни ҳам астойдил ликиллатиш жоиз.

ЭРТАКЛАР ЯХШИЛИККА ЕТАКЛАР

Кўплар мени эртакчи деб атайди ва ваъз ичида эртак бўлишини кутишади. Аммо эртак айтиш ҳам хатарли маслак кўринади. Яқинда мошина уриб ўлдирган журналист Давлат Назар ҳам ўлимидан олдин бир-икки эртак ëзган эди.

Аслида эртаклар яхшилкка етаклар. Эртак эшитган одам ўзини бахтиëр ҳис қилади. Чунки уни аждар емади, отаси ўрмонда адаштирмади.

Энг муҳими, эртакдаги ўзи кал бўлса ҳам подшонинг қизига уйланиб, тансоқчилар бошлиғи бўлиб, Тесла миниб юрган Отабек ҳикояси одамни тўлқинлантиради.

Ижтимоий сўров натижаларида Ўзбекистон ватандошлари дунëдаги энг бахтиëр қавм сифатида қайд қилинади.

Кўплар бунга шубҳа қилади. Газ йўқ, чироқ йўқ, сал гапга қамалиб ëки машина уриб кетадиган мамлакат ватандошлари бахтиëр бўлиши мумкин эмас, дейишади.

Яна бировлар эса жиннихонанинг олтинчи палатасида бахтиëрлар яшайди, деб ишонишади. Майли, буни Нафосат Оллошукурова жиннихонадан чиққанида сўраб билиб оламиз.

Мен эса ўша сўров натижаларининг ҳақиқийлигига ишонаман. Энг камида Мирзиëев оиласи бахтиëр.

Бир хориж нашриëти ўзбек эртаклари ҳақида китоб чиқарувди.
Бу китобга расм чизиш вазифаси менга юкланди. Аснода ўнлаб эртак китобларини ўқиб чиқдим.

Эртаклардан бири бахтли одам ҳақида эди…

БАХТЛИ ОДАМ ҲАҚИДАГИ ЭРТАК

Қадим замонда бир подшоҳнинг боласи тузалмас касалга чалинибди.
Табиблар боланинг дардига узоқ вақт дармон топиша олмабди.
Алал-оқибат бир табиб «Бу бола бахтли одамнинг чопонини кийсагина тузалади», деб диагноз қўйибди.

Шотирлар бутун мамлакатни кезиб битта ҳам бахтли одам топа олмагач, подшоҳнинг ўзи оддий кийиниб, кўчама-кўча кеза бошлабди.

Подшоҳ юриб-юриб, шаҳар чеккасидаги қийшайиб турган бир вайрона уй олдига бориб қолибди. Ичкаридан «Вой қандай бахтиëрман», деган сас келибди.

Подшоҳ саройига қайтиб, вайрона уйга шотирларини юбориб,»тез ўша бахтиëр кишининг кийимини келтиринг» деб буюрибди.

Шотирлар бориб вайрона ичига киришса, бахтиëр одамнинг чопони йўқ экан.

Ана шунақа.

НУҚСОННИ ФАЗИЛАТГА АЙЛАНТИРИШ

Реклама саноатида «нуқсонни фазилатга айлантириш» деган трюк бор. Масалан, кичкина машина реклама қилинса, «у кичик, лекин парк қилишга қулай», дейилади. Шу маънода қўрқоқлик фазилатга айлантирилаëтганига ҳам мисоллар бор.

Мен суҳбатлашган киши Ўзбекистонда яшайди ва ўзини донишманд деб билади. Исмини айтишга қўрқди. Мана бу гаплар у кишининг донишмандона мулоҳазаларидан бир парча:

«Қўрқмаслик яхши, лекин китобларда, эртакларда яхши. Ҳаëтда қўрқмасларнинг аҳволи не кечишини кўриб турибмиз. “Пақир панада бўлади”, “кетни қисган бой бўлади”, деган гаплар шунчаки гап эмас. Халқимизнинг минг йиллик хулосаси.

“Эгилган бошни қилич кесмас”, деган мақол ҳам қўрқоқлик ҳақида. Масалан, армияда сиз дедларга қарши борсангиз, улар сизни уриб майиб қилиб қўйишади. Умрбод мажруҳ бўлиб яшайсиз. Агар сиз ақлли бўлсангиз, сиз уларнинг пайпоғини ювиб қўйган бўлиб, вазиятга чап берасиз. Жонингиз омон бўлади.

Яна бир мисол. Босқинчилар уйингизга бостириб киришди ва аëлингизни зўрлай бошлади. Агар сиз бу босқинчиларга қаршилик кўрсатсангиз, улар сизни ўлдиради. Оқибатда фарзандларингиз етим қолади.

Бундай пайтда энг кам талафот кўриладиган йўлни танлаш керак. Қўрқмайман, жасурман деб ўзингизни, оилангизни ва қариндошларни хавф-хатарга қўйиш ҳам яхши эмас.

Буни сизга 10 сутка қамоқда ўтирган хоразмлик шоир ҳам, журналист эрини машина уриб ўлдирган бева ҳам айтиши мумкин.

Мана, масалан, Кун.уз Тошкент ҳокими, айни пайтда бизнесмен ва гангстер Ортиқхўжаев журналистларни шессекундда гейларга айлантира олиши, кейин денгизга чўктириши мумкинлигини айтди. Улар шу заҳоти ҳокимнинг шаъмасини тушунишди ва мурожаат ёзишди.  

«Бу масалани ортиқ муҳокама қилмасликни сўраймиз, зеро фақат икки тарафгагина тегишли бу низо турли сиёсий кучлар ва шахслар томонидан тор манфаатлар йўлида қурол сифатида фойдаланилишини хоҳламаймиз”, дейишди бизга улар.

ИТВАЧЧАЛАР

Мен бир пайтлар таниқли рус актёри ва режиссёри, ҳозирда марҳум Леонид Филатов билан мулоқотда бўлгандим. Леонид Филатов 1990 йили «Сукины дети» (Итваччалар) деган кино олганди.

Кино бир исëн ҳақида. Театрга янги раҳбар келиб, цензура ўрнатганидан ғазабланган ижодкорлар исëн қилади. Улар бу исëнни театр ичида қилишади. Бу ижодкорлар театр ташқарисидаги бутун халқ уларни қўллаб-қувватлаётганига ишонишади.

Аммо фильм финалида актёрлар кўчага чиқиб, бўм-бўш шаҳарни кўришади. Ҳеч ким уларни қўллаб-қувватлаëтгани йўқ эди. Шаҳар ухлаб ëтар эди.

Леонид Филатов донишманд бир киночи ўлароқ, халқ ростдан ҳам қўйлар подаси бўлиши мумкинлишини аниқ кўрсатиб берган эди бу фильмда.

Интернетнинг виртуал тармоғида ОНЛАЙН бўлган ўнта калнинг дод-войи бутун халқни тамсил қилмайди.

Тошкент ҳалқа йўлидан нарида яшаëтган миллионлаган халқ ОФФЛАЙН. Улар кечқурун ЎзТВ кўрсатувларини кўришади.

Қўшиқчиларнинг зайтун ëғига қўй этидан томоқ пиширгани акс этган ТВ шоуларини томоша қилишади. Жуда нари борса ,»Зирапча»да бир экс фоҳишанинг дардини эшитиб, кўзига ëш олишади. Улар бу ТВ томошаларини ҳам электр келган пайтда кўришади.

Аксар халқ ОФФЛАЙН бўлиб турган пайтда интернет деб аталган истакон ичидаги бўрон ўша истаконнинг ичидаëқ тиниб қоляпти. Бамисоли ўша Леонид Филатов фильмидаги миллатнинг уйғоқ одамлари театр биноси ичида исëн қилгани каби.

Фильмда халқим мени қувватлайди деб ўйлайдиган фаол ўлиб қолади.
Фильм қахрамонининг финалда айтган «Биз шунчаки итваччалармиз» деган гапи қиссадан хисса каби янграйди.

Аммо…

Бугунги Ўзбекистонни зулук каби сўриб, талаëтган қароқчилар галаси ОНЛАЙН.

Президентнинг ўзи, хотини Зироат кеннайи. Қизлари ва уларнинг очопот эрлари ҳам узун кун интернетда ўтиришади.

Кўча ўғрилари ва бу ўғриларни ҳукуматда тамсил қилган Ортиқхўжаев ҳам ОНЛАЙН.

Ҳокимнинг капитал қурилиш бўйича ўринбосари деган лавозим эгаси бўлиб мамлакат ерларини кўтарасига ва улгуржи сотаëтган итваччалар ҳам ОНЛАЙН.

Мамлакат ичи ва ташқарисидаги демократия ва либерализмга ишонадиган ўнта калнинг интернетдаги фаоллиги бу итваччаларни чўчитмоқда.

Ўғрилар ëруғликни ва ошкораликни севмагани каби бу итваччалар ҳам сўз эркинлигидан қўрқишади.

Демак, «Пушкин айтганидек ,»Сибир конларининг тагида чеккан заҳматимиз кетмас беҳуда».

Ўғрилар ОНЛАЙН бўлган замонда тўғрилар ОФФЛАйН бўлмасин.

Ассалом, Ўзбекистон, жума муборак.

Рассом Туз

Тағин ўқинг
9 октябр 2023
Журналист Ибрат Сафо ёзади: Ўзбекистонда 8 ой ичида 25 минг нафарга яқин бола ота ёки онасиз яшашга мажбур бўлибди. ...
26 ноябр 2018
Ҳақиқатдан ҳам, “Яхшига қилсанг яхшилик ҳам айтадур, ҳам қайтадур ,- дейди, “ёмонга қилсанг яхшилик, на айтадур, на қайтадур” дейишади. ...
23 сентябр 2019
Адолат излаб Хоразмдан Тошкентга йўлга чиққан “Эрк” демократик партияси аъзоси, шоир ва журналист Маҳмуд Ражабнинг бу акцияси Ўзбекистонда Ислом ...
20 сентябр 2019
2013 йилнинг 2 майида Термиздаги қурилиш фирмаси раҳбари бўлган 60 яшар Абдуғани Эрдонов ўз машинасида қурувчиларига овқат олиб кетмоқда ...
Блоглар
19 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...