Асосий мавзулар
25 июн 2020

Фарғона: Пилла боққанлик учун ваъда қилинган пули қани?

Фарғона вилоятининг Бувайда ва Учкўприк туманларида ипак қурти боққан кам таъминланган оилалар Меҳнат вазирлиги ва “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси томонидан ваъда қилинган бир ойлик иш ҳақини ололмаяпти. 

“Мен ва хўжайиним мардикорлик орқасидан кун кўрамиз, – дейди Бувайда туманида яшовчи Дилфуза Абдураҳмонова “Элтуз” билан суҳбатда. – Адашмасам, 14-15 апрель кунлари туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими вакиллари келиб, “Қурт боқсангиз, сизларга бир йиллик иш стажи ва бир ойлик энг кам иш ҳақи ёзилади. Бир ойлик иш ҳақи 700 минг сўм бўлади”, дейишди. 

Ўзи бир ҳовлида иккита оила яшаймиз. Бизнинг бир уй ва бир даҳлизимиз бор. Қайноғамнинг эса икки уй ва битта даҳлизи бор. Икки қути ипак қурти олиб келдик. 

Бу ипак қуртини “Руфат Бунёд” фермер хўжалиги раҳбари боқиб бериши керак экан аслида. Фермер хўжалиги раҳбари Соҳибжон бизга 200 минг сўм берди. 100 минг сўмни маҳалла идорасидан ташлаб кетишди. Уйимизни қуртга бўшатиб бериб, ўзимиз ҳовлида тунаб, қийналиб қурт боқдик.

Фермер Олтиариқ, Ёзёвон туманларидан барг олиб келиб берди. Бир сафар барг дориланган экан. Қуртлар нобуд бўлди. Тўғриси, мен ҳам, овсиним ҳам қурт тутмаган эдик. Шунинг учун яхши парвариш қила олмадик. 

Биз ипак қуртини боқишга олаётганимизда бир қутиси учун 56 кг режа белгиланган эди. Лекин ҳеч ким бизга режани бажарсанг, ўша айтилган пулни оласан, демаган. Биз режани бажармасак ҳам кечаю кундуз ухламай, қийналиб қурт боқдик-ку. Уйимизни бўшатиб бердик”.

Марғуба Мухторова, Анорхон Хайруллаева, Ёрқиной Неъматова, Фароғат Мирзараҳматова ҳам ҳокимлик вакили ваъдасига ишониб, ипак қурти боққан, аммо ваъда қилинган иш ҳақини ололмаган аёллардан. 

Бувайда тумани маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими раҳбари Олияхон Асқарова қурт боқувчиларга масъул этиб белгиланган эди. 

Мухбиримиз Олияхон Асқарова билан май ойининг бошида гаплашганида: “Пандемия шароитида аҳолининг ишсиз қатламини иш билан таъминлаш мақсадида туман меҳнат ва бандлик бўлими билан ҳамкорликда режа ишлаб чиқилган. 

Режага асосан, ҳар бир ҳудуддаги ишсиз, кам таъминланган оилаларга ўзларининг розилиги билан ипак қурти берилган. Уларга меҳнат дафтарчаси очилди. Бир ойлик меҳнатига бир йиллик стаж ёзилади. Ваъда қилинган пул ҳам берилади”, деганди.

Бувайда тумани бандлик бўлими раҳбари Элёржон … ҳам: “Ҳар бир корхона ва ташкилотда ой тўлганда иш ҳақи берилади. Боқувчилар қуртни 15 апрелда олишни бошлаган. Ҳозир 2-3 май. 15-16 майда табель тузилади. Қурт тутганларга бир ойлик иш ҳақи тўлаб берилади”, деб айтганди. 

Аммо масъулларнинг бу ваъдалари ҳозиргача ваъдалигича қолмоқда.

– Биз туман “Агропилла”га пиллани топшириб, 1 кг пилла учун 21 минг сўмдан пул олдик, – дейди Ёрқиной Неъматова.  – Лекин ваъда қилинган бир ойлик иш ҳақини беришмаяпти. Туман “Агропилла” раҳбари Режабали Шералиев: “Меҳнат бўлими бизга пул тушириб бергани йўқ. Ҳам сизлар белгиланган 56 кг.ни топширмадиларинг”, дея иш ҳақимизни беришдан бош тортмоқда. Биз меҳнат бўлимига келсак, улар “Иш ҳақингизни туман “Агропилла” ҳисоб рақамига тушириб берганмиз”, деяпти.

Туман меҳнат ва бандлик бўлими аёлларга бир парча қоғоз берган. Унда ҳудудларнинг бандлик ва меҳнат муносабатлари бошқармалари бошлиқлари ва ҳудудий “Агропилла” МЧЖ раҳбарларига карантин вақтида  жойларда пилла етиштириш ишларини ташкил этиш учун 20 минг малакали мутахассисни аниқлаб, уларни жамоат ишлари жамғармаси ҳисобидан ишга ёллаш чораларини кўриш белгиланиши айтиб ўтилган. 

Шунингдек, инқирозга қарши курашиш дастури доирасида ажратилган маблағлардан пилла етиштириш мавсумида режаланган ҳосилни олган ишсиз, кам таъминланган оилаларга ҳар бир қути ипак қурти учун қўшимча 700 минг сўм қўшиб бериш белгиланган.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари Б.Умрзоқов, “Ўзбекипак саноат ” уюшмаси раиси ўринбосари О.Жумаев бу хатни 2020 йил 5 май куни имзолаган. 

Ваҳоланки, ипак қурти боқувчиларга 14-15 апрелданоқ қўшимча 700 минг сўмдан берилиши ваъда қилинган. Ўша ваъдада “Агар сизлар бир қути ипак қуртидан 56 кг пилла олсангиз, бу пул берилади”, дейилмаган. 

– Бу пиллачиларнинг ўйинини кўринг, – деди исми сир қолишини истаган суҳбатдошимиз. – Биз икки қути ипак қурти боқиб, 85 кг пилла топширдик. “Агропилла” раҳбарлари 85 килограммни икки қутига бўлиб, бизни белгиланган режани етказа олмади деб, бир ойлик иш ҳақи ҳисобланган 700 минг сўмни беришмади. Аммо ўзларининг танишлари икки қути ипак қуртидан 70 кг пилла топширган эди. Уларга бир қутисидан 56 кг, иккинчи қутисидан 14 кг топширди, дея ҳужжатлаштиришди. Қўшниларимиз биздан кам пилла топшириб, қўшимча 700 минг сўм олишди. 

Бувайда тумани “Агропилла” МЧЖ раҳбари Режабали Шералиевнинг айтишича, пилла топширган фуқароларга пилланинг пули тарозининг устидаёқ тўланган. Аммо меҳнат бўлими “Агропилла” ҳисоб рақамига қурт боққанларнинг иш ҳақи дея ўтказилган пулни туман солиқ идораси ушлаб қолган. 

– Юқоридан топшириқ бўлган, – дейди Режабали Шералиев. – Қурт боққанлар 56 кг.га етказмаган бўлса, уларга қўшимча 700 минг сўм берилмайди. 

Eltuz.com

Тағин ўқинг
15 май 2019
Тилшунос олим, академик Алибек Рустамий билан танишиш менга 1997 йилда насиб этган эди. Ўшанда Хўжанддаги божам, филолог домла Насрулло ...
22 сентябр 2017
Ўзбекистонлик бир-бирини танимайдиган бир неча тадбиркорнинг “Элтуз” мухбирига маълум қилишича, 2010-2016 йиллар давомида МХХ Миллий ҳавфсизлик ва МХ (СБ) ...
21 март 2018
“Элтуз” нашри қамоқдан чиқиши кутилаётган, 100 миллион долларни ўзлаштиришда айбланиб қамалган амалдор Журъат Мелиқулов фаолиятига оид фильмни тақдим этади. ...
13 январ 2016
Тошкентда машҳур ўзбек хонандаси Каниза (Aҳмeдoвa Шaҳризoдa Фaрҳoдoвнa)нинг Porsche Cayenne автомобили орқа ойнасини синдириб, қимматбаҳо сумкаси, ундаги қимматбаҳо буюмлар, ...
Блоглар
2 июл 2020
6-синфда ўқирдим, Кампучияда давлат тўнтариши бўлиб ҳукуматга Пол Пот раҳбарлигидаги “Қизил кхмерлар” келганини, улар бутун ...
25 июн 2020
​​Халқаро пресс-клубда матбуот анжумани бўлиб ўтибди, унда Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директори Акмал Саидов ...
21 июн 2020
(бўлган воқеа) Таржимон сифатида Россиянинг милиция бўлимларидан бирига чақиришган эди. Бўлимда жиноятчи сифатида гумон қилинган ...