Асосий мавзулар
6 декабр 2022

Попдаги урга ёки туманда адолат борми?

“Қонунлар тугаган жойда зулм ва тирания бошланади”, деган эди 17-асрда Британия бош вазири бўлган давлат арбоби ва ҳуқуқшунос Уилям Пит. Наманган вилояти Поп туманидаги фермерлар Уилям Пит кимлигини билмаса ҳам у айтган гап мазмунини ич-ичидан тушунади.

Мана, икки йилдирки, Поп туманидаги ўнлаб фермерлар туман ҳокими билан уруш ҳолатида. Ерлари мажбуран олинган фермерлар судма-суд юриб, Поп тумани қонунлар амал қилмайдиган ҳудуд эканига ишонч ҳосил қилмоқда.

“Элтуз” мухбири 2022 йил июнда Поп тумани далаларида бўлиб, фермерлар дардларини тинглаган, муаммо қонуний ўзанда ечилар, деган умидда улардан эшитганларини ошкор қилмай турганди.

Аммо жорий йил ноябрь охирида турли шубҳали ва аноним блогерлар Поп туманилик фермер Умида Иброҳимовага қарши ëлғон ва бўҳтондан иборат буюртма битиклар эълон қилди. Уларнинг иддаосича, гўёки Иброҳимова ерларини қайтариб олиб бериш эвазига фермерлардан пул олган.

Бу ёзувларда Германияда фаолият юритаётган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари форуми (Ўзбек форуми) шаънига ҳам туҳматлар айтилган. Ҳолбуки, мазкур ташкилот Ўзбекистонга нисбатан пахта бойкоти олиб ташланишига каттагина ҳисса қўшган эди.

Поплик 47 ёшли фермер Умида Иброҳимованинг “Элтуз”га айтишича, у бу ҳужумлар ортида туман ҳокими Аъзамжон Султонов бошчилигидаги ҳокимлик аппарати турганига ишонади. Чунки унинг ўз ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилиб, тортиб олинган ерини аукцион орқали бўлса ҳам қайтариб олгани ҳокимлик мулозимларига оғир ботган.

“Мен билан суҳбатлашиш учун олдимга Германиядан одам келаётганини эшитган Поп тумани ҳокимлиги ҳужумга ўтди”, деб изоҳлайди интернетдаги чиқишларни Иброҳимова.

Бундан икки йил олдин Поп тумани мутасаддилари ўнлаб фермерларни ўз еридан воз кечишга мажбурлаган эди.

“Элтуз”да мавжуд маълумотларга кўра, ўшанда фермерлар ҳоким Аъзамжон Султонов буйруғи билан маданият саройига қамаб қўйилиб, еридан воз кечиш тўғрисида ариза ёзишга мажбурланган. Бунга кўнмаганларнинг аризаси сохталаштирилган ҳолатлар бўлган.

Шундан сўнг ўз ҳуқуқлари учун курашга киришган айрим фермерлар “Элтуз” билан суҳбатда ўнлаб идораларга қилган мурожаатлари самарасиз кетганини айтганди.

Поп туманидаги фермерлар ҳуқуқларини суд ва бошқа идораларда ҳимоя қилаëтган ҳуқуқшунос Асқарали Файзуллаевнинг сўзларига кўра, туманда қонун ҳужжутларига умуман риоя этилмайди.

“Элтуз” мухбири 2022 йил июнь ойи бошида Поп туманида бўлганида фермерларда маҳаллий раҳбарлар, қонун ва суд тизимига ишонч буткул сўнганини кўрди. Фермерлар ўзларининг туман судида ечимини топиши мумкин бўлган муаммосини мамлакат президентидан бошқа ҳеч ким ҳал қила олмайди, деган қатъий ишончга келишган.

Келин ва қиз ўғирлаш одатий ҳаëт тарзига айланган мўғулларда урга деган одат бор. Эркак ўзи ўғирлаган ёки ўзаро келишиб олиб қочилган қиз билан чўлда қўшилиш олдидан урга деган узун ходани ерга тиқиб қўйган.

Хода узоқдан кўриниб турган. Бу жойда ахлоқ ва жамият қонунлари вақтинча ишламаган. Хода атрофидаги жой ўз хусусиятига кўра қонунсизлик ҳудуди бўлган. Бу ходани кўрганлар қизнинг дод-фарëдини эшитишса ҳам яқинлашмаган.

Муқояса шуки, Поп тумани айримларда урга одати амал қиладиган ҳудудга айланиб қолгандек таассурот уйғотмоқда. Бундай бўлмаса, нега фермерлар маҳаллий миқёсда ечилиши мумкин бўлган муаммо юзасидан ҳатто президентгача мурожаат қилишмоқда?

Яқинда муҳаллий матбуотга берган баёнотида шубҳали хорижий сармоядор Мурари Лал Жалан Тошкент шаҳри ҳокими унга “мамлакатда шартномалар ҳеч қандай роль ўйнамайди”, деб айтганини иддао қилганди.

“Элтуз”нинг фермерлар муаммолари бўйича суриштирувлари Поп тумани мисолида бу гаплар ҳақиқатга яқин, деган хулосага етакламоқда.

Зеро, туманда фермерлар билан тузилган шартномалар ҳеч қандай роль ўйнамаётгани, ҳоким Аъзамжон Султонов ўзи хон, кўланкаси майдон ўлароқ иш тутаётгани яққол кўриниб турибди.

Агар туман ҳокими Аъзамжон Султонов бу қамровли қонунсизликлар ҳақида изоҳ бермоқчи бўлса, “Элтуз” унинг учун ҳар доим очиқ.

“Элтуз”

Тағин ўқинг
17 феврал 2020
Ўзбекистонда тобора оммавийлик касб этаётган, “президент ташаббуси” билан ташкил этилаётган кластерлар пахтани қўшиб ёзишнинг олдинги сафларида бормоқда.  Маҳаллий матбуотда ...
31 январ 2019
Венесуэладаги охирги ўзгаришлардан сўнг, кутилганидек, собиқ президент Николас Мадуронинг тарафдорлари кўпайиб кетди. Унинг халққа қилган яхшиликлари, ҳамширалар минглаб доллар ...
8 сентябр 2022
Элтуз «600 секунд»нинг 8 сентябрь 12-сонини тақдим этади. +++ Фарғона вилояти судида Андижон шаҳрининг собиқ ҳокими Баҳром Ҳайдаров ва ...
14 июн 2020
Фарғона вилоятида давлатга қарашли мол-мулкнинг талон-тарож қилиниши, яъни атайин арзон нархларда хусусий қўлларга ўтишида вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг ҳам ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...