Елена Урлаева туғилган кунини Бош прокуратура олдида пикет билан нишонлади
Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли Елена Урлаева 21 январь куни ўзининг 62 ёшга тўлган кунини Ўзбекистон Бош прокуратураси биноси олдида ҳокимларнинг зўравонлигига қарши пикет билан нишонлади.
У кўтарган плакатда «Ғанишер Бойбўсиновни калтаклаган» Сирдарё вилояти ҳокими Ғафуржон Мирзаев ва Оқолтин тумани ҳокими Дилмурод Фозилов, «фермер Ориф Дурметовни калтаклаган» Олот тумани ҳокими Шерали Саломовни жавобгарликка тортиш, шунингдек, «дўконларни бузаётган» Шўрчи тумани ҳокими Ботир Алимов ҳаракатларига чек қўйиш талаблари ёзилган эди.
Ҳуқуқ фаоли тарқатган хабарга кўра, шу куни Бош прокуратура мулозими Азимов у билан учрашган ва талаблар ёзилган шиорни қабул қилиб олган. Бош прокурор қабулига кира олмаган аризагўйларнинг масаласи бўйича ҳам ёрдам беришни ваъда қилган.
Урлаевага кўра, шу куни унинг туғилган куни эканини билган прокуратура мулозими уни табриклаб, «туғилган кунига қандай совға» исташини сўраган.
Елена Урлаева прокуратурадан унга энг яхши совға – кўтарган плакатида кўрсатилган барча талабларнинг бажарилиши, шунингдек, «Ўзбекистондаги Конституцион тузумни ағдариш каби ёлғон айбловлар» билан 14 йилга қамоққа ташланган маҳкум Ҳошим Жабборовнинг ҳаётини сақлаб қолиш бўлиши мумкинлигини билдирган.
«Прокурор шундай совғага рози бўлди», дея билдирди Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари альянсининг 21 январь кунги хабарида.
Eltuz.com