Асосий мавзулар
7 июл 2019

«Сўнгаклар синграган соғир шайтанат…»

«Озодлик оҳанглари» аудиокитоби ўзбек модерн шеъриятининг асосчиси Рауф Парфи шеърлари билан очилади. «Элтуз» нашри бу китобдан ўрин олган шеърларни эълон қилиб боришга қарор қилди. Уларни ўқиш баробарида тинглаш ҳам мумкин.

2007 йили Сорос жамғармаси кўмагида чиқарилган бу лойиҳа анъанавий китоблардан фарқ этади.

«Унда тирик овознинг ҳозир, шу ерда хитоб этиши муҳим. Чунки бу овоз қай бир ҳофизу шоирга тегишли бўлмасин, унинг аёвсиз сўзлари ҳозирги ҳаёт ва ҳозирги борлиқ ҳақидадир», дейилади китоб мундарижасида.

Ўзбекистон турмасида неча йиллардан буён изтироблар исканжасида хўрланган дўстим, Улуғ Туркистон ёзувчиси Эврил Турон шаънига, асирликдан кўчиш ишончи ила

Муҳаммад Солиҳга мактуб

Тоштурма. Ҳибсхона
2000 йил 11 ноябрь

1.

Кўз-қулоқ илғамас мусибатдир бу,
Сўнгаклар синграган соғир шайтанат,
Зулм – ёвузликнинг энг сўнгги ҳадди,
Энг сўнгги оғриқнинг қонли инфоғи.

Ўз кўзларим ичра кўрдим, яшадим
Жуволдизлар, қамчинлар-ла кесилган,
Мижғиб куйдирилган танам ичинда.
Ҳадсиз ҳақоратнинг қаърида ёндим.

Нечун мен бундамен? Не сабаб? Нечун?!
Ҳорғин, сўлғин қуёш уйғотар мени.
Сўппайиб ой ботар булут чокидан.

Нечун мен бундамен? Нечун? Билмадим
Юзларча юзлашдим ўлимим билан,
Ўлим мени олмади, Аллоҳга шукур.

2.

Сизлаган сизларим лойга ботдилар,
Мажҳул сароб қўйниндадир оломон.
Имконлар боғланди, жонлар боғланди,
Темир панжараларга боғланди тилим.

Ким билсин нечун? Қайда ул ҳакам?
Қайда Ҳақиқатнинг қурби, қудрати?
Наҳотки орзулар, армонлар билса,
Ай, дўстим, келажак келмаса наҳот?!

Йўқ! Йўқ, фиръавннинг аянч лашкари,
Эркин виждонларни ютолмас зулм.
Иймон асирларин руҳи ўлмасдир.

Кулди ўлаётган дунёнинг шакли.
Сизга юрагимдан бир китоб ёздим.
Ўлим олмади мени. Китобим битмас.

Мени тарк этма, эй, Журъат, Жасорат,
Шул эрур мен учун умри саодат,
Қоврилсам ишқ, алам алангасида.

Дадахон Ҳасан

Айт, булбул, бормидир она масканинг,
Ростмидир, ёлғонми ўша чўпчак ҳам?
Ғоят содда эрур каломинг санинг,
Куйлаганинг куйми холос ёки ғам?

Борингда бормидир инжа бир нажот?
Ҳофизда Ишқ, Алам, қўлдан кетган Эрк.
Бағрига сиғдирар сени одамзот,
Ҳофизни босишга бағирлари берк.

Сен учунми, ай Туркистон булбули,
Темир қафас тўқир пастлар, нокаслар?
Кўкдан садо келди – қўшиқ Ғаротинг,

Сочилсин Туронга эркин нафаслар,
Очилсин гулларнинг Ҳақиқат Гули,
Уч, Ишқ, Алам бўлсин сенинг қанотинг.

Рауф Парфи
«Озодлик оҳанглари»,
eltuz.com

Тағин ўқинг
15 феврал 2018
МХХ идорасининг Тошкент шаҳри марказида жойлашган бош биносидан кўчирилаётгани ҳақида 14 февраль куни «Элтуз» нашри хабар берган эди. Тошкентнинг ...
28 март 2016
Наврўз мавзусини давом эттирган «Адолат» газетаси бу байрам эскилик сарқити, диний маросим сифатида тақиқланган, ҳатто коммунист амалдорлар қишлоқма-қишлоқ юриб, ...
6 январ 2020
АОКА блогер ва журналистларни сотиб олиши эмас, ҳуқуқий қўллаб-қувватлаши зарур. Унинг баёнотлари жуда кулгили. Ваколатлари бизни ҳимоя қилишга етмас ...
21 ноябр 2017
Ўзбекистон БМТнинг Қримга нисбатан Россия сиёсатини қораловчи резолюцияси лойиҳасига қарши овоз берди. Ушбу ҳужжатни 75 давлат қўллаб-қувватлади, 25 давлат ...
Блоглар
28 ноябр 2023
СССРни алқашга қаратилган, коммунистик руҳда суратга олинган кинолар Ўзбекфильм архивида жуда кўп. Гўёки Россия босиб ...
23 ноябр 2023
Янги Ўзбекистонда жамият иккига бўлинган: Бир бири устидан ëзадиганлар ва пул бериб, бировнинг устидан ëздирадиганларга. ...
15 ноябр 2023
Тармоқ, яъни социал медиа ўзбек сегментида кузатишларимга кўра хотин-қизлар орасида ашаддий диний фанатизмга мойиллик кучли. ...